Главная » 2009 » May » 14 » ИККИТА СИГИРИНГИЗ БОРМИ? УНДА КОВБОЙ ЭТИГИНИ ОЛИШИНГИЗ МУМКИН!
20:32:24
ИККИТА СИГИРИНГИЗ БОРМИ? УНДА КОВБОЙ ЭТИГИНИ ОЛИШИНГИЗ МУМКИН!

Одатимиздан четлашмаган ҳолда бугунги сонимизда ҳам дунёдаги қизиқарли, кулгили, аҳмоқона ва «даҳшатли» қонунлар ҳақида маълумот берамиз. Энг аввало бундай қонунларнинг «ватани» бўлмиш Америка Қўшма Штатларидан бошлаймиз.

Балтиморда театрга шер билан бирга бориш тақиқланади. Тўғри-да, театр сизга ҳайвонот боғи эмас-ку! Бунинг устига театр ўриндиқлари шер ўтириши учун сал ноқулайроқ. Бу нарса эса «ҳайвонлар учун қайғурадиган» америкаликларнинг назаридан четда қолмаган. 

АҚШда ҳайвонларни қаттиқ ҳурмат қилишларига яна бир мисол. Нью-Орлеанда тимсоҳларни водопровод жўмрагига (гидрант) боғлаб қўйиш мумкин эмас. Қайси аҳмоқнинг кўзига тимсоҳ кучук бўлиб кўринар экан-а? 

Агар сиз Техасда бўлсангиз, унда меҳмонхонанинг иккинчи қаватидан бизонларга ўқ отиш ҳақида ҳатто ўйлаб ҳам ўтирманг. Шундай қилсангиз, сиз ғирт жиноятчига айланасиз, қоласиз. Қулоғингизга бир сир айтайми? Яхшиси сиз биринчи ёки учинчи қаватдан отинг. Шунда ҳеч ким сизга эътироз билдиролмайди. Тўхтанг, ўзи сизга бизон нимага керак бўлиб қолди? 

Оклахома штатида итнинг жиғига тегиб, ғашини келтирганлик учун ҳатто қамоқ жазоси ҳам белгиланган. Аниқ билмадим-у, лекин у ердаги итлар тергов вақтида «Мана бу инсон менинг жиғимга тегди» деб гувоҳликка ўтишса ажаб эмас. 

Иллинойс штатининг Гейлсбур шаҳрида каламушларни бейсбол битаси билан урган инсон 1000 АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилади. Бу ерда каламушларнинг бейсбол ўйинига унчалик қизиқмаслиги ҳисобга олинган кўринади. 

Иллинойснинг Зайон шаҳрида мушук, ит ёки бошқа уй ҳайвонларига ёниб турган сигарета бериш тақиқланади. Унутманг, чекиш соғлиқ учун хавфли! 

Техасда оёқда тик турган ҳолатда 3 ҳўпламдан ортиқ пиво ичиш тақиқланади. Пиво олдингизми? Энди ўтирадиган бирор жой топинг, бўлмаса йўқ жойдан ҳуқуқбузарга айланиб қоласиз. 

Жорж Буш Техас штатида губернатор бўлган вақтида янги қонун қабул қилган, унга кўра жиноятчи олдиндан режалаштириб қўйган жиноятлари ҳақида оғзаки ёки ёзма огоҳлантириш бериши шарт бўлган. Бу қонуннинг энг асосий шарти жиноятчи ўша жиноятни содир этишидан камида 24 соат олдин бундай огоҳлантиришни берган бўлиши лозим. Ушбу қонунни бузиш суд вақтида оғирлаштирувчи ҳолат сифатида қабул қилинади. Жаноб Буш президент бўлгандан сўнг ҳам бундай «оригинал» қонунларнинг кўпига имзо чекди. 

Флоридада турмушга чиқмаган аёллар учун якшанба кунлари парашютдан сакраш тақиқланади. АҚШлик аёллар дам олиш кунлари парашютдан сакрагандан кўра, ўзларига турмуш ўртоқ изласа бўлармиди? Нима дедингиз? 

Яна ушбу штатда қуйидагилар қатъиян тақиқланади: чўмилиш кийимида ашула айтиш; скейтбордда давлат рақам белгисисиз юриш; бир кунда учтадан ортиқ ликопчани синдириб қўйиш. 

Яна ўша Флориданинг Пенсакола шаҳрида ваннада электр асбобларидан нотўғри фойдаланиб ҳалок бўлган аёлларга 100 АҚШ доллари миқдорида жарима солинади. Вафот этганларни ҳам тинч қўйишмайди-я бу ерда. 

Майамида овозли сигнал чиқарувчи мосламалар билан жиҳозланмаган велосипедни ҳайдаш тақиқланади. Бироқ энг қизиғи, у ердаги велосипедчиларга овозли сигнал чиқарувчи мосламаларни ишлатиш ҳам мумкин эмас. 

Шимолий Каролинада поездларда сув ёки сут ичиш қонунбузарлик ҳисобланади. Бошқа ичимликларга рухсат берилган. Бу қонун Coca-Cola ёки Pepsi компанияларининг ташаббуси билан қабул қилингани аниқ! 

Лос-Анжелесда эркаклар ўз хотинларини чарм камар билан уриш ҳуқуқига эгалар, фақат ўша камар қалинлиги 2 дюйм (5,08 см)дан ошмаслиги керак. Ёки камида хотинининг ўзи эрининг уришига ёзма равишда рози бўлган бўлиши лозим. Шунақа «олийжаноб» аёллар ҳам бормикан-а? 

Агар сиз овчилик рухсатномаси бўлмаган ҳолда сичқон тутиш учун қопқон қўйсангиз, демак жиноятчига айланибсиз. Уйингизда сичқон борми? Унда сизнинг биринчи қиладиган ишингиз қопқон қўйиш эмас, балки Рухсатнома бюросига навбатга ёзилиш бўлади. 

Оклахома штатида, бошқа одамнинг гамбургеридан бир бўлак тишлаш қонун билан тақиқланади. Бундай «жиноят»га қўл урадиганларнинг аксарият қисми талабалар бўлса керак. Ахир бекорга айтишмайди-ку: «Ҳақиқат эгилади, синмайди, талаба оч қолади, ўлмайди» деб. 

Калифорнияда ковбойлар этигини кийиш учун сизни камида иккита сигирингиз бўлиши керак. Тўғри-да, нима сизга шаҳар бедарвозами? Тасаввур қилаяпман, ковбой этиги сотиладиган дўкон ёнида катта мол бозори ҳам бўлса керак. Ахир этикни кийишни истаганлар сигир олиши керак-да. 

Яна ушбу штатда якшанба кунлари домино ўйнаш мумкин эмас. Ҳар қанча ўйласам ҳам бундай «ақлли» қонунга шарҳ тополмадим. 

Таиландда ҳар қандай миллий валютани босиш қонунбузарлик ҳисобланади. Чунки уларнинг барча миллий валютасида қирол тасвири туширилган. Бу эса қиролга нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади. 

Канадада 50 центдан қимматроқ турадиган нарсани сотиб олаётганда, фақат пенни (1 центлик танга)дан фойдаланган ҳолда пул тўлаш мумкин эмас. Дарров хаёлингизга «Автомобилдан сақланинг» фильмидаги Детичкин келдими? Чунки унинг ҳам бир мижози машина сотиб олаётганда бир чемодан 1 рубллик купюра берганди-да.

Категория: КИЗИКАРЛИ МАЪЛУМОТЛАР | Просмотров: 1819 | Добавил: Ангелочка | Рейтинг: 3.0/2
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *: