19:27:35 ГУЛЧЕҲРА ЭШОНҚУЛОВА: «БОЛАЛИГИМНИ СОҒИНАМАН» | |
Гулчеҳра Эшонқулова. Бу актрисанинг ўйнаган роллари ниҳоятда ғамгин, кўзлари эса маъюс. Ҳаёти-чи? Бугун Гулчеҳранинг кўнгил уйига ташриф буюришни лозим топдик. Саволларимиз ҳам шунга яраша бўлди, албатта. — Нега кўзларингиз бу қадар ғамгин... — (кулиб) Ҳамма шундай дейди. Ким билсин, шундай туғилган бўлсам керак-да... — Одамнинг қалбидаги дард кўзларида аён бўларкан... — Шунинг учун ҳам лирик актриса номини олгандирман. Шунча дардни беришнинг ўзи бўладими? Ҳаётдан нолимайман. Менинг дардим кўп дейишга ҳақим йўқ. — Бедард ҳам эмассиз? — Йўқ, нега дардим бўлсин? Ота-онам саломат, менинг қувончли кунларимни кўраётган бўлишса. Мен бошқа ҳолатни дард деб тан олмайман. Худо кўрсатмасин, ота-онамдан айрилсам... ана шу ҳақиқий дард бўлиши мумкин... — Ўта сабрлимисиз? — Ҳа, сабр билан шу кунларга етиб келяпман. — Бу сабр қачон синиши мумкин? — Билмадим. Синмаса керак. — Сабрнинг ҳам чегараси бор? — Чегараси бор... Тўлғизиб тўкиб юборамиз. — Тез-тез йиғлайсизми? — Кинода ҳа. — Ҳаётда-чи? — Ҳаётда ҳар хил сабаб бўлади. Тирик инсон йиғлайди. Албатта, йиғлаб тураман. — Муҳаббат хақида... — Cеваман, фақат кинода. «Паноҳ»ни кўргандирсиз? Болам бўлса ҳам севиб қолишяпти (кулимсираб). — Ўзингиз севиб қолсангиз-чи? — Мен севсам куяман. Севиб қолсам ҳаммасидан воз кечишга тайёрман. Баъзи қизлар бор, севиб қолишса кўзлари кўр, қулоғи кар бўлиш даражасига етишади. Агар севиб қолсам, турмуш қураман, севмасам йўқ! — Лекин ёш ўтиб кетаверади... — Ёшим ўтяпти. Бироқ, нолимайман. — Оила қуриш керак-ку... — Оила қураман, албатта. Бироқ турмуш ўртоғимни севишим керак-ку. Мен унинг орзусидаги аёл бўлишга интиламан. Севсам унинг айтганларини сўзсиз бажараман. — Хаёлингиздаги шаҳзода қандай бўлиши керак? — Идеал одамнинг ўзи йўқ. — Балки ташқи кўринишига алоҳида эътибор берарсиз? — Йўқ. Аёлини ҳурмат қиладиган, ҳаётга тўғри кўз билан қарайдиган, ўзига ишонган, маданиятли инсон бўлишини хоҳлардим. Лекин мен ҳали чет элга чиқиб келишим керак. Актриса сифатида дунёни лол қолдирмоқчиман. — Шахсий бахт-чи? — Пешонага ёзилган бўлса турмушга чиқаман. — Бу ўзингизни овутишми? — Йўқ, аниқ биламан. Қачондир албатта турмушга чиқаман. Менда «Ёшим ўтяпти, тезроқ турмушга чиқишим керак», деган тушунча йўқ. Ўзимга ўхшайдиган инсонни учратсам кейин турмушга чиқаман. — Ҳаётда нималар бўлмайди, дейсиз. Кун келиб ўйлаган даражангиздаги инсонни учратсангиз, аммо унинг оиласи бўлса-чи? — Ҳеч качон! Мен истайманки, умр йўлдошим фақат меники бўлсин! Бошқа ҳеч кимники эмас. Менимча, ҳар бир аёл шуни истаса керак. Севгилимни бошқа билан бўлишиш?.. — Аммо бу ҳолат аксарият санъаткор аёлларда кузатилади... — Балки... Бу уларнинг шахсий иши. Аммо мен иккинчи хотин бўлишга рози бўлмайман. — Ҳам зоҳирдан, ҳам ботиндан ёлғизга ўхшаркансиз? — Ёлғизликни яхши кўраман. — Ёлғизлик одамни адойи тамом қилиши мумкин, дейишади... — Балки шундайдир? Ҳеч кимга керак бўлмай қолишдан қўрқаман. Ёлғиз бўлсам, ўзим ўйлаган ишларни осонгина ҳал қиламан. Ўзим билан ўзим бўлганим маъқул. — Партнёрларингиздан кимнинг ролини алоҳида эътироф этасиз? — Партнёрим кўп бўлган. Илҳом Фармонов, Шароф Муқимов, Улуғбек Қодиров, Фарруҳ Соипов... Ҳаммаси ўзига яраша. — Улар билан муносабатларингиз қай даражада? — Яхши. Биласизми, бирга рол ўйнаб кейин салбий муносабатда бўлишдан ёмони йўқ. Худога шукр, менда бу ҳол кузатилмаган. Суратга олиш пайтида ҳам, ундан сўнг ҳам дўст бўлиб қоламиз. — «Паноҳ»даги ролингиз ўзингизга ёқдими? — Ёқди. Бу фильмда мен учун янгиликлар кўп бўлди. Рустам Саъдиев билан биринчи марта ишлашим. Бу фильмда мен илк марта болали аёл қиёфасида намоён бўлдим. — Қанча гонорар олгансиз? Рустам ака «хафа қилмадим» дедилар... — Тўғри, хафа қилмадилар. Келишилган нархда ишладик. Аслида пулга ўч эмасман. — Пулсиз қолган пайтларингиз бўлганми? — Бўлган. Кўп қийналганман. — Бир гап бор: «Ўғил болани кўп пул, қиз болани кам пул издан чиқарар экан». — Худога шукр, бу ҳолат бўлмаган. «Гулчеҳра юради, учрашади» деб гапиришади. Агар шундай бўлганида, мен вертолёт сотиб олган бўлардим. Яширмайман, бундай таклифлар бўлган. Ҳозиргача ҳам бор. «Ҳамма нарсанг бўлади, фақат хўп де!» Йўқ! Мен хоҳламайман! Истаганимда, қасрим бўларди. Менга у нарсалар керакмас! — Ҳамиша пардоз билан юрасизми? — Йўқ, ҳар доим ҳам эмас. Кайфиятимга қараб пардоз қиламан. Аслида, менга кўп пардоз керакмас (кулимсираб). Оддий қиз бўлиб юришни хоҳлайман. — Телебошловчилик ҳам қилдингиз. Балки қўшиқ айтиш истаги ҳам бордир? — Йўқ, ўзи қўшиқчилик санъати жар ёқасига келиб қолган бўлса, мен ҳам куйласам, жарга қулаб кетмасин. — Яна қандай очилмаган қирраларингиз бор? — Актриса бўлмасимдан олдин расм чизардим. «Бенков»га ўқишга олиб кирамиз, дейишганда рози бўлмаганман. Дадам шифокор бўлишимни хоҳлаб, ҳатто ўқишга ҳам олиб кириб қўйгандилар. Санъаткор бўламан, деб уни ҳам ташлаб кетганман. Негадир, юрак қурғур шу соҳага тортган-да... Журналист бўлмоқчи эдим. Сухандон бўлишни орзу қилардим, бироқ, актрисалик насиб этган экан. — Нимани соғинасиз? — Болалигимни, беғубор давримни соғинаман. — Нимадан ўкинасиз? — Билмадим, ўйлаб кўришим керак. — Миш-мишларга эътибор берасизми? — Айни пайтда миш-мишларга умуман эътибор бермайман. Эшитмайман ҳисоби. Ким нима деса десин. Менинг ролларимни ёқтириб, миннатдорчилик билдираётганлар бор. Шунинг ўзи кифоя. Одамлар гапираверади. — Қайси ёш актёрларнинг ижросини алоҳида эътироф этасиз? — Театр саҳнасида ишламай, шунчаки киносиновдан ўтганларни мен тан олмайман. Майли, роли зўр чиқсин, аммо ўқимаган бўлса, мен учун у ҳақиқий актёр эмас. — Фарруҳ Соиповни актёр сифатида тан олдингизми? — Фарруҳними? — У актёрликка ўқимаган... — Фарруҳда интилиш бор. У жуда кўп фильмларни томоша қилган, кўп китоб ўқиган. Ҳатто актёрлик курсларига ҳам қатнади. Ўша жиҳатларини ҳисобга олиб, уни маҳоратли актёр дейиш мумкин. Мен назарда тутаётганлар билан Фарруҳнинг фарқи бор. Санъатнинг қийинчилигини кўриш керак. — «Паноҳ»да қаҳрамонингизни тансоқчиси севиб қолади. Фараз қилинг, сизга ҳам тансоқчи ёллашса? — Билмадим... Севиб қолишингиз мумкинми, демоқчисиз-да. Бир нарса дейиш қийин. Севгини юрак ҳал қилади. Ҳеч ким мен шу одамни севиб қолишим керак, деб ўйламайди-ку... — Сиз учун бахт тушунчаси? — Бир ривоят ёдимга тушди. Чиройли қиз билан хунук қиз Худога нола қилишибди. Хунук қиз: «Эй, Худо, нега мени хунук қилиб яратдинг?», деб сўрабди. Худойим: «Сени хунук қилиб яратганим билан бахтингни бердим», дебди. Чиройли қиз эса: «Мени чиройли қилиб яратибсан-у, аммо бахт бермадинг», деб нолиганда, Яратган Эгам: «Бахт сенинг ўз қўлингда», деб жавоб қилган экан. Назаримда, бахтим ўз қўлимда. Тиришсам, ҳаракат қилсам, кўнглимни пок тутиб, Худодан сўрасам, ҳаммасига эришаман. Худойим йўлимни очиб қўйганига ишонаман! | |
|
Всего комментариев: 0 | |