- Ҳар йили концертингизни январь ойи охирларига режалаштирар эдингиз. Бу йилгиси эса баҳор нафаси уфуриб турган кунларга белгиланди. Бир ой кечикишнинг сабаблари нимада?
- Ташкилий масалалар туфайли концерт куни ва ойи ўзгарди. Аввало бунинг учун мухлисларимдан узр сўрайман. Лекин менимча, концертнинг қайси кунда ўтказилиши муҳим эмас. Ҳақиқий мухлиснинг мана шундай масъулиятли ва қувончли кунда санъаткор ёнида бўлганлиги аҳамиятлидир. 22-28 феврал кунлари ашаддий мухлисларимни «Халқлар дўстлиги» саройида кутаман. - Концертларингизда декорацияга алоҳида эътибор қаратасиз. Айниқса, ўтган йилгиси санъат ихлосмандлари учун чинакам янгилик бўлганди. Табиийки, янги дастурингиздан мухлислар янада ажойиб «сюрпризлар» кутяпти… - Айни пайтда ҳамкорларимиз билан дастурни кўнгилдагидай ўтиши учун астойдил ҳаракат қиляпмиз. Саҳна безаги бўйича ажойиб мутахассис Баҳтиёр Тўраев бу борада бизга кўмак беряпти… - Гапнинг индаллосига ўтсангиз. Саҳна безагида нима билан яна мухлисларингиз ҳайратга соласиз? - Олдиндан айтиб қўйсам қизиғи қолмайди. Лекин шуни таъкидлашим керакки, бу йил ҳам концертга тушганлар кутилмаган «совғалар»нинг гувоҳига айланишади. - Барибир, томошабин концертга қўшиқ тинглаш учун келади. Дастурингиздаги қўшиқларнинг ҳаммаси янги бўлса керак. Ҳархолда, анча пайтдан буён янги хонишларингизни эшитмаяпмиз. - Ҳаммаси бўлиб, 18 та янги қўшиқ ёзганмиз. Уларнинг барчасини биринчи бор янги дастуримда ижро этаман. - Аввалги Гулсанам билан келинчак Гулсанам ўртасида фарқ борми? - Қизиқсизлар-да, сиз журналистлар. Инсон оила қурса ўзгариб қоларканми? Деярли фарқ йўқ. Ҳар доимгидай ижод ва изланишдаман. Фақат энди ёнимда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб турадиган, мени доимо тушунадиган севимли турмуш ўртоғим бор. Албатта, зиммамда оила, деган муқаддас тушунча ва катта масъулият турганини ҳам хис қиляпман. - Ҳақиқатдан… ташқи кўринишингиз ҳам ўзгармаган. Бунинг бирор сабаби борми? - Бу саволга кўп маротаба жавоб беришимга тўғри келган. Аммо яна бир бор айтишим мумкин: ташқи кўринишим учун табиий бўлмаган нарсалардан фойдаланамайман. Ҳатто, вазнимни бир меъёрда сақлаб туриш учун ҳам. Шунчаки, сўнгги пайтларда «югур-югурлар»дан шу қадар озиб кетдим, чоғи… Аммо вазифамиздан келиб чиқадиган бўлсак, барибир ўзимизга эътибор қаратмоғимиз шарт. Умуман аёл киши ўзига оро беришдан эринмаслиги керак, деб ўйлайман. - Никоҳ тўйингиз катта шов-шувлар билан ўтди. Шу кундаги қайси воқеа бир умр ёдингизда сақланиб қолади? - (бир оз ўйланиб) Ҳар бир қиз бола учун оқ либос кийиб, келинчак бўлиш энг бахтли онлари ҳисобланса керак. Очиғини айтсам, бу куннинг ҳар бир дақиқаси, сонияси бир умрга хотирамда қолади. - Қиз бола – палаҳмон тоши. Вояга етган уйингиздан чиқиб кетаёганингизда кўнглингиздан нималар ўтди? Онангиз қандай насиҳат қилдилар? - Онам эсимни танибманки, ҳар доим «Борган уйингдагиларни ҳурмат-иззатини жойига қўй», деб ўргатардилар. Онажонимнинг айтган ҳар бир гапига амал қилиб келяпман. - Қайнонанинг кўнглини олиш қийин, дейишади. Айниқса, санъаткор аёлларга икки хисса қийинроқ! - Агар саволингизни тўғри тушунган бўлсам. Келинлик вазифамни қандай бажараётганимни сўрамоқчисиз-да! Бу саволга жуда кўп дуч келяпман. Рости, бу борада ўзимни гапиришим бир оз ноқулайда. Тўғрисини айтсам, қизлик давримда эркатой келин бўлишни, қайнота-қайнонамни, яқинларимни кўнглини олишни ният қилганман. Имкон борича, мана шу ниятларимни, орзуларимни амалга оширяпман. - Янги оилангиздагиларнинг санъатингизга муносабати қандай? - Улар санъатимни жуда ҳурмат қилишади. Бундан ташқари, турмуш ўртоғимнинг ҳам санъатга алоқаси бор. Худога минг бор шукр, яқинларим мени ҳар томонлама қўллаб-қувватлашади. - Демак, янги ижодингизда куёв боланинг ҳам хиссалари бор экан-да? - Турмуш ўртоғим Ўзбекистон Давлат консерваториясида овоз режиссёрлиги факультетида таҳсил олади. Аммо мусиқа ва ижродан ҳам яхшигина хабардор. У киши фикрларини айтиб, янги ижодимнинг пишиқ-пухта бўлишига ўзининг хиссасини қўшяпти. - Вақти келиб, турмуш ўртоғингиз «Оила –муҳим», деб қолсалар қандай йўл тутасиз? - Аввало бундай мураккаб вазиятга тушиб қолишдан Яратганнинг ўзи асрасин. Оила –муқаддас. Уни турмуш икир-чикирлари остида қолдириш гуноҳ. Мабодо вақти келиб, санъатим оиламга халал берадиган бўлса, ҳеч қандай гап-сўссиз оилани танлайман. Бироқ санъат ҳам ҳа тимнинг ажралмас бир бўлаги. Мен бор имкониятимни ишга солиб, ҳам оиламни, ҳам санъатимни бирдай олиб боришга ҳаракат қиламан. - Нега акангиз Муҳаммадзоҳид бўлиб саҳнага чиққанлар? - Фамилиямиз аслида - Муҳаммадзоҳидов. Акам мана шу ҳақиқий фамиялимизни тикладилар. Акам – менинг биринчи устозим, биринчи танқидчим ва тингловчим. Шу билан бирга яқин ҳамкорим ҳамдир. |