Главная » 2009 » Avgust » 3 » «Мўмин акамни топиб беринглар!»
09:46:26
«Мўмин акамни топиб беринглар!»

null

Ҳайрон қолманг, азиз муштарий. Таҳририятимизга кунига, кунора сим қоқиб «Божалар» гуруҳи солисти Жаҳонгир Позилжоновнинг соғлиги ҳақида сўраб-суриштираётган ашаддий мухлислар орасида, Мўмин Ориповнинг ўлимига ҳали ҳануз ишонмаётганлар ҳам бор экан. Ана шундайлардан бири «Мўмин акамни топиб беринглар! 

У киши оламдан ўтиши мумкин эмас!» деди алам билан таҳририятимизга сим қоқар экан, ўзини тутолмай йиғлай бошлади...
Ёшу-қарининг юрагини тилка пора қилган фожиага ҳам салкам бир ой тўлди. Лекин «Божалар» гуруҳи билан боғлиқ шов-шувлар тинганича йўқ.  
«Божалар» гуруҳининг ашаддий мухлисларидан бири эса қуйидаги фикрларни билдирди: «Санъатда яхши топилма, яхши гап юқумли бўлади. «Божалар» қўшиқ айтгандан сўнг жийда гули муҳаббат рамзига айланди. Санъатда «Жийда гули» деган романтик тушунча пайдо бўлди. Бу иқтидорнинг кучи. Ҳар ким ҳам тушунчаларни русумга киритолмайди. Ўша қўшиқнинг клипида ҳам, эътибор берган бўлсангиз, романтик муҳит бор. Ёшу кексага бирдай ёқади. Аслида, «Божалар» ўзларини шўх ва бир оз безоридай тутишларига қарамай, уларнинг овозида дард бор. Бу кўпроқ гуруҳнинг оғир-босиқ йигити Мўмин Ориповнинг овозига тегишли эди. Ҳатто шўх қўшиқ – «Настинка»нинг ҳам оҳангига эътибор беринг, қандайдир дард, қандайдир мунг ифодаланган. Демак, унинг келажаги порлоқ эди. У ўз авлоди, ўз мухлислари билан улғайиб, кексайиши керак эди…
Бу йигит эрта ўтди. Ҳали олдинда қиладиган иши бир олам бўлгани ҳолда, жуда эрта тарк этди ҳаётни. Лекин бир йигит қилиши мумкин бўлган ишларни бажариб кетди, айримлар бир умр ҳаракат қилиб ҳам эришолмайдигандан-да кўпроқ нарсаларни уддалаб кетди.
Барибир киши ачинади. Афсус!»
Мана шу телефон қўнғироғидан сўнг «Божалар» гуруҳини яқиндан билган инсонлар, уларнинг ҳамкасблари ва дўсту-биродарларига сим қоқдик. Мўмин Орипов ҳақида уларнинг хотираларини, ичида қолиб кетган гапларини мухлисларга етказиш учун…  

Ойбек, хонанда: 
- Мўмин ака ҳақида фақат яхши гапларни айтиш мумкин. Жуда яхши инсон эдилар. Ака-укадек бўлиб қолгандик… Ҳар доим яхшилик қилишга интилардилар, қийин вазиятларда ҳам оғир-босиқлигини йўқотмасдилар. Яқинда суратга олинган «Тоҳир-Зуҳра 2» фильмида мен, Нигора ва Мўмин акам италияликлар образини яратдик. Ролимиз сочимизни оққа бўяшни тақозо этганди. Мўмин акам Нигора ва менга ўхшаб жаҳл қилмасдан, кулиб сочларини оққа бўяб қўя қолдилар. Яна «Қалай, чол бўлиб қолдимми?» деб бизни ҳам роса кулдиргандилар. «Амакиваччалар» қўшиғини иккаламиз машинада ўтириб ёзганмиз. Жуда фаол инсон эдилар. У кишини охирги маротаба «Тарона» тақдимотида кўрганман… 

Нигора, хонанда:
- Бундай бағрикенг, ажойиб инсонни ҳаётимда учратмаганман. Уларда дунёдаги жамики яхши фазилатлар мужассам эди. Мўмин ака оила бошлиғи сифатида ҳам намунага лойиқ инсон эдилар, ўз жуфти ҳалоллари Камолани жуда қаттиқ севардилар. Иккиси бир-бирига узукка кўз қўйгандек мос эди. Илоҳим, жойлари жаннатда бўлсин. 
Мўмин акани охирги маротаба «Тарона» тақдимотида кўргандим. Ўшанда «Озиб кетибсизми?» десам, кулиб қўйгандилар…

Зиёда, хонанда:
- Мўмин ака билан ака-сингилдек аҳил-иноқ бўлиб кетгандик. Ўта самимий, ҳазилкаш, ажойиб инсон эдилар. Ишхонамизга келганларида ҳар сафар «Зиёда, тўй қачон энди?» дердилар табассум билан. Ҳозир ҳам ўша гаплари қулоғим остида жаранглаб турибди… (йиғлади) Мўмин ака энди йўқ эканлигига ҳечам ишонгим келмаяпти… Охирги маротаба гастрол сафаридан қайтганимдан кейин, ишхонада кўргандим, анча суҳбатлашгандик. Илоҳим охиратлари обод бўлсин...

Абдурайим Абдуваҳобов, актёр: 
- «Божалар» гуруҳи йигитлари билан бирга ишламаганман, лекин ижодларини ҳурмат қилардим. Иккисини ҳам болаликларидан биламан. Мўмин жуда яхши йигит эди. Бу боланинг ёш кетиши санъатда катта йўқотиш бўлди. Қисқа муддатда анча-мунча ишларни амалга оширишга улгурганди. Мўминжоннинг ота-онаси, яқинларига Худойим сабр берсин. Илоҳим ўғли Билолбек ўсиб-улғайиб, яхши инсон бўлиб камол топсин. Жаҳонгирга эса Аллоҳ шифо берсин…

Анвар Собиров, хонанда
- «Божалар» гуруҳи жуда кўп мухлисларга эга эди. Тўйларда, давраларда бир-биримизни кўриб қолсак, қучоқ очиб кўришардик. Мўмин ўз исмига монанд мўмин-қобил йигит эди. Ундаги оддийлик, самимийликни ҳурмат қилардим. Халқда «санъаткорлар орасида оқибат йўқ» деган нотўғри фикр юради. Бу йигитлардаги меҳр-оқибат жуда кучли эди. Қачон, қаерда бўлишмасин, қўллари кўксида, ҳурматингизни жойига қўйишарди. Ишончим комил, Жаҳонгир соғаяди ва ҳали кўп қўшиқлар яратади, мухлислари дилини хушнуд қиладиган яхши ишларни амалга оширади… 

Шароф Муқимов, хонанда: 
- Мўмин санъат институтида оддий талаба бўлганида ҳам, вақти келиб машҳурлик поғонасига кўтарилганида ҳам оддийлигини йўқотмади. Шу хислати билан аксарият санъаткорлардан ажралиб турарди, шу боис уни ҳамма ҳурмат қиларди. «Яхши одам Худога яқин бўлади» деган гап-сўзларга яна бир карра ишондим. Мўминни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин, илоҳим. 
Ўша машъум кун қанча-қанча мухлислари шахсан менинг ўзимга қўнғироқ қилиб «Шу гаплар ростми?» деб аламли саволлар беришди, кўз ёш қилганлар ҳам кўп бўлди. «Божалар» гуруҳининг мухлислари нақадар кўплигига ўшанда яна бир карра ишонч ҳосил қилдим. Тўғри, Мўмин ҳаётда жисман йўқ, лекин унинг қўшиқлари мухлислари, дўстлари юрагида абадул абад яшайди.

Улуғбек Раҳматуллаев:
- Бир нарсага амин бўлдим: шоу-бизнесимиздаги энг обрўли гуруҳ «Божалар» экан. Мўминни сўнгги манзилга кузатаётганимизда тобутни ҳеч ким кўтариб юрмади, тобут сузди. Севимли хонандаси, дўсти, биродари, ҳамкасби ва шунчаки яхши бир инсонни кузатишга шу қадар кўп одам тўпланган эди… Мўминдаги бир хислат – юзида доим акс этиб турадиган табассумини қадрлардим. Энг ҳайратланарлиси, у дунёни тарк этганидан кейин ҳам лабида ўша кулги қотиб қолганининг гувоҳи бўлдим. Мўмин шундоқлигича хотирамда муҳрланиб қолди...

Мўмин Ориповнинг оиласига, ота-онаси ҳамда дўсту-биродарларига сабр-матонат тилаймиз. Бу дунё ўткинчи дунё. Ҳамма бир бирига ғанимат. Истардикки, барча инсонлар тириклик чоғларида бир-бирининг қадрига етишса. Яхши гапларни инсоннинг ортидан эмас, унинг ўзига айтишса… 
P.S: Инсон ўзидан кейин ҳеч бўлмаганда яхши ном қолдиради. Мўмин Ориповдан эса яхши ном билан бир қаторда эзгу ишлар, бир қатор гўзал тароналар ёдгор бўлиб қолди. Дунё ўткинчи. Тақдир бешафқат. «Божалар» гуруҳининг ашаддий мухлислари кун келиб бу аччиқ ҳақиқатни тан олишади. Улар бу воқеадан ўзларига керакли хулосани чиқариб олишади, деган умиддамиз. 

 

Жаҳонгир тўлиқ соғайиб кетгач матбуот-анжумани ўтказади
Газетамизнинг ўтган сонида «Божалар» гуруҳи солисти Жаҳонгир Позилжоновнинг акаси Абдураҳмон Позилжонов билан суҳбатни тақдим этган эдик. Яна бир карра эслатиб ўтамиз, ортиқча хавотирга ҳеч қандай ўрин йўқ, Жаҳонгирнинг ҳам, гуруҳ маъмури Жавлон ҳамда Шаҳзодларнинг аҳволи қониқарли даражада. Уч йигит Тошкент шаҳридаги шифохонада битта палатада даволанишаяпти.
Абдураҳмон ака билан бўлган суҳбатимиз охирида Сиз азиз муштарийларга «газетамизнинг келгуси сонида Жаҳонгир Позилжонов билан суҳбатни ўқийсиз» дея ваъда қилган эдик. Ваъдамизнинг устидан чиқиш мақсадида Жаҳонгирнинг акаси Абдураҳмон Позилжонов билан боғланганимизда, у киши биздан узр сўраган ҳолда яқин кунларда Жаҳонгир тўлиқ соғайиб кетиши билан оммавий ахборот воситалари мухбирлари иштирокида матбуот анжуманини ўтказишга қарор қилганини айтдилар. Демак, ўзингизни қизиқтирган саволларни tanho_83@mail.ru электрон манзилига йўлланг. Ёки 8(371)233-88-87 телефон рақамига сим қоқинг. Севимли хонандангиз Сизни қизиқтираётган барча саволларга матбуот-анжуманида жавоб беради! 

Категория: ШОУ - БИЗНЕС ОЛАМИ | Просмотров: 2684 | Добавил: Ангелочка | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 1
0  
1 eagles_yar   (2018-08-28 10:55:57) [Материал]
БЕСПЛАТНЫЙ ОНЛАЙН-ТРЕНИНГ STARTUP 3.0 КАК ВСЕГО ЗА 14 ДНЕЙ НАЧАТЬ СВОЙ БИЗНЕС В ИНТЕРНЕТЕ С НУЛЯ? http://bit.ly/2FAUspY  ПЕРВОЕ ЗАНЯТИЕ 19 СЕНТЯБРЯ 2018 ГОДА

Имя *:
Email *:
Код *:
WwW.Shaxrisabz.ucoz.ru Portali Barcha xuquqlar rezervlab qo'yilgan |