Главная » 2009 » Iyun » 21 » Агар яна болага айланиб қолсам…
08:44:50
Агар яна болага айланиб қолсам…

 

Болалик… оддийгина бу сўзни эшитганимизда қалбимизни аллақандай тушуниб бўлмас ширин энтикиш чулғаб олади. Беихтиёр кўзингизни юмиб, бир зумгина ўша унутилмас дамларга қайтгандай ҳис қиласиз ўзингизни… 

Бугун болалигини соғинган машҳур хонандаларимизни саноқли сонияларга болага айлантирдик. Қани, улар нима билан банд бўлишар экан…

Достон Убайдуллаев, хонанда:
- Ўйлаб кўрмаган эканман... Менимча, ёш болачалар билан кўча чангитиб юрган бўлардим. Негаки, болалик давримнинг кўп қисми киносъёмкалар, концертлар, гастрол сафарларида ўтган. Тенгдошларим билан бирга ўйнашга вақтим бўлмаган.
Искандар Ҳамроқулов, қизиқчи, актёр:
- Болаликка қайтиш мазза-ю, лекин ҳозирги ақлингиз ҳам сизга ҳамроҳ бўлмаслиги ёмон-да. Яна болага айланиб қолганимда кўпроқ китоб ўқирдим. Болаларга ҳам маслаҳатим, кўпроқ китоб ўқинг. Шунда ка-атта бўлганингизда кўп нарсага ақлингиз етади, дунёқарашингиз кенг бўлади. Оҳ, қани яна болалигимга қайтсам: ҳар кун спорт билан шуғулланган бўлардим, эҳ! 
Учқун Тиллаев, актёр: 
- (кулиб) Аъло баҳоларга ўқиган бўлардим. Негаки, улғайганимда мактабда яхши ўқимаганим таъсири сезилган. Кейин… чет тилларини мукаммал ўрганган бўлардим.
Анвар Собиров, хонанда:
- Тақдирни ҳеч ким олдиндан билмайди, лекин яна болага айланиб қолганимда барибир ҳаммасини санъатдан бошлаган бўлардим. Чунки шундан бўлак соҳада ўзимни тасаввур қила олмайман. Хуллас, жавобим шу: санъатни чуқур ўрганган, унга бутун ҳаётимни бағишлаган бўлардим.
Илҳом Фармонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:
- Ҳозирги кунда юртимизда сайлгоҳ ва гўзал боғлар, чўмилиш ҳавзалари жуда кўп. Ўша ерларга бориб, дўстларим билан сайр қилган, мазза қилиб чўмилган бўлардим. Хуллас, ёшликда болалик гаштини суришга не етсин?!
Жамила Ғофурова, актриса:
- Агар яна ёш қизчага айланиб қолсам, ҳеч қачон қайта катта бўлмасликни жуда-жуда хоҳлаган бўлардим. Чунки болалик барибир болалик-да, ғам-ташвишингиз бўлмайди. Ўртоқларим билан мазза қилиб қум ва қўғирчоқ ўйнаган бўлардим.
Азиз Ражабий, хонанда: 
- Болалигим жуда зўр ўтган. Агар яна ўша даврга қайтиш имкони туғилса, барча шўхликларимни яна қайтадан такрорлаган бўлардим. Бола бўлгандан кейин у болалигини қилиши шарт. Шунинг учун ҳам у БОЛА!
Ботир Қодиров, хонанда:
- Ҳамма болалар каби болалик гаштидан унумли фойдаланган бўлардим. Мактаб даврига қайтадиган бўлсам, икки ҳисса кўпроқ ўқирдим, қўшимча адабиётлардан фойдаланиб, олган билимларимни мустаҳкамлашга ҳаракат қилардим. Ва ўзим эгалламоқчи бўлган касбни эртароқ бошлаб, унинг сирларини чуқурроқ ўрганган бўлардим.
Абдували Ражабов, хонанда:
- (кулиб) Зўр савол бўлдию! Ҳозир яна болага айланиб қолсам, ўғлим билан мазза қилиб ўйнардим, бирга кўчага чиқиб, роса тўполон қилардик, компьютер ўйинларини ўйнардик, хуллас, зўр бўларди…
Шукрулло Исроилов, қизиқчи:
- Кўчани бошимга кўтариб роса шўхлик қилган бўлардим. Нега десангиз, болалигимда жуда ювош (ҳозирги вазнимдан вазмин демоқчи, К.) бола бўлганман. Кейин… хорижий тилларни мукаммал ўрганган бўлардим.
Фарруҳ Соипов, актёр:
- Болалигимга қайтиб қолсам, ҳаётда кимнидир севишни ўрганмаган бўлардим. Чунки севиб куйганман… Ўша муҳаббат азоби ҳалигача қалбимни тирнайди.
Диана, модел, актриса:
- (узоқ ўйланиб, сўнг)Болалигимда банкир, модел ва актриса бўлишни орзу қилганман. Орзуларимнинг деярли барчаси амалга ошди. Агар яна болага айланиб қолганимда биринчи навбатда бадиий гимнастика ва мусиқа тўгарагига аъзо бўлган бўлардим. Чунки 7 ёшимда онам гимнастикага олиб борганларида ўқитувчи «гимнастикага қатнаш учун «қари»лик қиласан», деб мени қабул қилмаганлар. Мусиқани ўрганишни эса шўхлигим боис ўзим хоҳламаганман.

Категория: ШОУ - БИЗНЕС ОЛАМИ | Просмотров: 1320 | Добавил: Admin | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *: