Главная » 2009 » Iyun » 20 » Гўзаллик ихтирочиси
11:19:45
Гўзаллик ихтирочиси

 

Гўзаллик яратиш осон иш эмас. Инжиқ юлдузлар билан ишлаш ҳам улкан сабр-тоқатни талаб этади. Саҳифамиз меҳмони гўзаллик ихтирочиси, таниқли дизайнер Дилмурод Миркомилов бўлади. 

Суҳбат баҳона уларнинг хонадонларига ташриф буюрганимда, хонадон соҳибаси очиқ чеҳра билан кутиб олди. Ичкарига кирибоқ Дилмурод акани иш устида кўрдим.

- Дилмурод ака, кўриб турганимдек, иш билан бандсиз. Сир бўлмаса, ким учун либос тикяпсиз? Умуман сўнгги бор қайси хонандалар учун либос яратдингиз?
- Бу либос айнан ким учун тикилаётганини сир тута қолай, чунки ҳали тайёр бўлганича йўқ. Яқинда Сайёра Қозиева яккахон концерт дастурларини намойиш этдилар. Концерт учун беш хил либос яратдим. Ҳозирда Мавлуда Асалхўжаева ҳамда Азиза Ниёзметоваларга янги клиплари учун либос тайёрлаяпман. 
- Ёз мавсуми ҳам бошланди. Газетамизни мунтазам мутолаа қиладиган аёл-қизларимиз 2009 йил ёз фаслида қайси ранг ва қандай бичимдаги либослар урф бўлиши ҳақида қизиқишмоқда.
- Бир-икки йилдан буён шифон ва шойи матолар урфда. Либосларга келадиган бўлсак, кўпроқ авангард услубида тикиб беришимни илтимос қилишяпти. Кўйлаклар албатта қандайдир аксессуар билан таклиф этилмоқда. Қолаверса, оёқ кийим ҳам либоснинг рангига мос бўлиши керак. Ёз мавсумида оқ, оч кўк, пушти, сиёҳ ранглар урф бўлади. Умуман баҳор-ёз ойларида енгил рангларни танлаш тавсия этилади, чунки тўқ ранглар руҳиятга таъсир этади, толиқтириб қўяди. 
- Ойнаи жаҳонда ўзига ярашмаган либосларни кийган, дидсизроқ кийинган деймизми хонандаларни ҳам учратиб қоламиз...
- Балки... Лекин мен умуман аҳамият бермайман, чунки телевизор кўришга вақтим йўқ. Ҳар ким ўзига қулай кийимни танлаши керак. “Мана шу модада экан” деб ҳар қандай кийимни кийиб кетавериш нотўғри. Модага кўр-кўрона амал қилиш дидсизликнинг биринчи белгиси. 
- Ишингиз кўп, оилангизга, дўстларингизга вақт ажратиш сиз учун қийин масала бўлса керак?
- Топдингиз, бу менинг энг катта муаммом. Вақт назаримда, шиддат билан ўтиб кетяпти, йиллар ўтмоқда… Дўстларингизга вақт ажрата оляпсизми?», дедингиз. Менинг дўстларим йўқ, чунки дўст учун ҳам вақт керак. Бирга ишлайдиган хонандаларим билан худди бир оиладек иноқлашиб кетганмиз. Тез-тез кўришиб турамиз, аммо шундай пайтларда ҳам тезроқ уйга келиб ишимни битиришим ҳақида ўйлайман. Бошқа касбда ишлайдиганлар учун иш вақти эрталаб тўққиздан кеч соат олтигача бўлса, биз дизайнерлар учун вақтнинг аҳамияти йўқ. Асосийси, ишимизни вақтида топшириш учун туну кун ишлаймиз. Ҳатто, онамни бориб кўришга вақт тополмайман. Уларнинг ўзлари келиб мендан хабар олиб кетадилар. 
- Ҳозир нима кўп, дизайнер кўп…
- «Дизайнерлик осон касб бўлгани учун ҳамма ўзини шу соҳага урган» деб ўйлашингизни хоҳламасдим. Энг машаққатли ва энг «инжиқ» касб дизайнерлик соҳасидир. Тўғри, дизайнерлар кўп, лекин ҳар бирининг ўзига хос услуби бор. Масалан, мен доим саҳна учун либослар яратаман. Баъзан ёнимга «келиб, кўчада кийиш мумкин бўлган бирор соддароқ кўйлак тикиб беринг», дейишади. Мен ўша содда кўйлакни ҳам саҳнабоп қилиб яратиб қўяман, чунки мен оддий фасонлар билан ишлолмайман. 
- Фарзандларингизда касбингизга қизиқишни сезасизми?
- Йўқ. Қизиқиш йўқ, лекин кийим танлашда роса инжиқ улар.
- Аёлингиз қайси касбда фаолият юритади ва уларга қачон охирги марта кўйлак тикиб бергансиз?
- Аёлим Саида - стюардесса. Охирги маротаба янги йил кечаси учун либос тикиб берганман. У ўзим ҳурмат қилган таниқли дизайнер Валентин Юдашкин коллекциясидан олинган либос эди. 
- Билишимча, сиз “Бекат” кўрсатуви бошловчиси учун алоҳида либослар яратасиз, яъни имижи устида ишлайсиз. Бошқа бошловчилардан ҳам таклифлар тушган бўлса керак?
- Таклифлар кўп бўлади, аммо айтиб ўтганимдек, вақт масаласи тўсқинлик қилади. Нозима Воҳидова учун алоҳида ишлашимнинг ўзига яраша сабаби бор - улар мени илк бор кўрсатувлари орқали телеэкранга олиб чиққанлар. 
- Телебошловчилар учун имиж қай даражада муҳим? 
- Хоҳ телебошловчи, хоҳ хонанда бўлсин, халқ олдига чиқаётган ҳар бир ижодкор аввало ўз ташқи кўринишига алоҳида эътибор бериши, ўз образини топа олиши ва унга вақти-вақти билан қандайдир ўзгартириш киритиб бориши лозим. Яна бир бор қайтариб ўтаман: кийим танлаётганда унинг чиройи билан бир қаторда қулайлигини ҳам ҳисобга олиш зарур. Шундагина ўша либоснинг бежиримлилиги аниқ кўзга ташланади.

Категория: МОДА ОЛАМИ | Просмотров: 2474 | Добавил: Ангелочка | Рейтинг: 3.0/2
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *: