Главная » 2009 » Iyun » 15 » Дилдора Ниёзова: Қайсарлигим бўлмаганида, ҳозир тикувчилик қилардим
14:57:23
Дилдора Ниёзова: Қайсарлигим бўлмаганида, ҳозир тикувчилик қилардим

«Ишонма» таронаси билан санъат осмонида «юлдуз» бўлиб порлаган Дилдора Ниёзова бугун ўзини энг бахтли аёл деб атамоқда. «Мен бахтлиман! Бахтиёрлигимнинг учта сабаби: ота-онамнинг розилигини олиб санъаткор бўлганим, турмушга чиққаним ва фарзандли бўлганим…». 

Ҳа, оила ҳар бир аёл учун, хоҳ у санъаткор, хоҳ бошқа соҳа вакиласи бўлсин - муқаддас.  
Айтганча, кичик танаффусдан сўнг ижодга қайтган хонанда 16та қўшиғи жамланган «Муборак» деб номланган тўртинчи альбомини мухлисларига тақдим этди. Бундан буёғига мустақил ишлашга аҳд қилган хонанда ижод қилишга қанчалик тайёрлигини суҳбатни ўқигач, билиб оласиз.

Хонанда ҳақида қисқача:
Тўлиқ исм-шарифи: Дилдора Султонмуродовна Ниёзова.
Яқинлари Дилдор деб чақиришади.
Зиёлилар оиласида таваллуд топган.
Туғилган санаси: 1978 йил, 14 сентябр.
Туғилган жойи: Тошкент шаҳри, «Шарқ юлдузи» маҳалласи.
Таълим олган даргоҳлари: 124-ўрта таълим мактаби, Эстрада-цирк коллежи.
Ўғли: Жавоҳир 2009 йилнинг 17 март санасида дунёга келди. Чақалоққа исмни хонанданинг ўзи танлаган.

- Дилдора опа, она бўлганингиз муборак!
 - Раҳмат. Оналик бахти қанақа бўлишини фарзандингиз туғилиб, уни илк бор қўлингизга олганингизда ҳис қилар экансиз. Чақалоқни қўлимга тутқазишганида тўйиб-тўйиб йиғлаганман… Фарзанд Аллоҳ берган энг азиз неъмат. Барча аёлларга она бўлишдек буюк бахт насиб қилсин дейман.
- Фарзанди туғилгунга қадар саҳнада туриб қўшиқ айтиб, туғилганидан кейин уч кун ўтар-ўтмас яна халқ хизматига ошиққан санъаткор аёллар билан «мусобақа»лашишга аҳд қилдингизми? Янги альбомингиз сотувга чиққан, шундай экан, бир неча ойдан кейин ижодга қайтсангиз бўларди-ку…
- Ўғлим қорнимда тўрт ойлик бўлганида саҳнани тарк этдим. Туғилганидан кейин ҳам онамнинг айтганларини қилиб, чилла сақладим. Мана ҳозир қўлга илинадиган бўлиб қолгач, онамларга қолдириб, ижодга киришдим. Билмадим, танаффус чўзилгани туфайлими ё санъатга бўлган муҳаббатимми, айнан ҳозир қайтишга қарор қилдим. Ижодкор одам сабр қилолмас экан. Санъатни яхши кўраман, оила ҳам керак, Худога шукр, манна, фарзандли ҳам бўлдик – бу энг катта бахт. Мана шу нарсаларнинг ўзи ҳам янаям кўпроқ изланишимга, гўзал қўшиқлар яратишимга туртки бўла олади, менимча. 
- У ҳолда ҳозирда мухлисларга тақдим этган янги альбомингизни ёзишга қачон улгурдингиз?
- Ўғлим қорнимда етти ойлик бўлганида янги альбом устида иш бошлаган эдим. «Альбомга киритилган барча қўшиқларимни ўғлим билан биргалашиб ёзганмиз», деб баралла айта оламан. Ҳозирда альбомдан жой олган «Болалик» номли қўшиғимга клип суратга олишни режалаштираяпмиз. Фарзандимни мана шу клипда суратга туширтирмоқчиман.
 - Санъатга бўлган муҳаббатингиз кучли кўринади…
- Санъатга ёшлигимдан қизиққанман. Бу ҳақда кўп гапирганман, шунинг учун батафсил тўхталишим шартмас деб ўйлайман. Санъатга кириб келгунга қадар тикувчиликдан тортиб барча касбларда ўзимни синаб кўрганман. Лекин охир-оқибат манна, кўриб турганингиздек барибир хонандаликни танладим. Ва бундан буёғига ўзимни фақат ва фақат санъатда тасаввур қиламан.

- Салкам ўн йилдан буён саҳнадасиз. Шу вақт мобайнида қўшиқларингизни севиб, сизга ихлос қўйган ашаддий мухлис орттира олдингизми?
- Биласизми, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, телефон орқали жуда кам гаплашаман. Улар билан шу пайтгача продюсерим гаплашган ёки концерт, тўй-ҳашамларга борганимда кўришганмиз. Қўшиқларимни севиб тинглайдиган мухлисларимдан жуда кўп мактублар олганман. Биттаси 40 метрлик хат ёзган. Уларнинг борига шукр! Лекин ўзимни кимгадир устозлик қила оладиган даражада ўсдим, деб ҳисобламайман. Менга ихлос қўйган, шогирд тушишни истаган ёшларимизга ҳозирча «омадингни берсин» дея яхши ният билдира оламан, холос.
- Санъаткорсиз, лекин биринчи галда барибир аёлсиз. Уй юмушларини бажаришга улгуряпсизми?
- Улгуриш қийин, лекин улгуришингиз керак. Фарзандимга қарайман, овқат пишираман, шу билан бир қаторда ижод ҳам қиламан. Яширмайман, буларнинг барчасига – турмуш ўртоғим туфайли улгуряпман. У киши мен билан баравар ишлайдилар. Битта ўзим, менимча, эплолмасдим. Эркак ўз аёлига ёрдам берса, бунинг нимаси ёмон? 
- «Бир-бирини яхши кўрган инсонлар тез-тез уришиб туришади» дейишади. 
- Вой, уришамиз ҳам, талашамиз ҳам. Лекин у кишисиз ҳаётимни тасаввур қилолмайман. Улар менинг энг катта ёрдамчим. Санъатда ҳам ўз маслаҳатларини аямайдилар, қийналаётганимни кўрса, албатта ёрдам берадилар. Кейин… Зериктирмайдилар. Шунинг учун ҳам яхши кўрсам керак.
- Оила иноқлиги сири сизнингча нимада?
- Биринчи галда эр-хотин ўртасида ишонч бўлиши керак. Кейин кўпроқ аёлнинг ўзига боғлиқ. Эр нимадандир норози ёки кайфияти йўқ вақтларда аёл киши оғирроқ бўлиши шарт.
- Аразлашиб қолган вақтларингизда ким биринчи бўлиб гапиради?
- Мен! Гарчи феълим оғир бўлса-да, ўтакетган қайсарман, айтганимни қилдиргим келаверади, мусулмончиликда «эр амри вожиб» дейилгани учун турмуш ўртоғимга бўйсунишга ҳаракат қиламан. Бирон нима устида тортишиб қолсак, ёшлари мендан озгина кичикроқ бўлганлари учун «ёш-да», деб ҳазилга йўйиб кетавераман. Лекин хато улардан ўтган бўлса, биринчи бўлиб кечирим сўрайдилар.
- Сизни кўп рашк қилса керак?
- Бир-биримизга ишонамиз. Қолаверса, у киши менга кўриб, билиб уйланганлар. Тўғри, ҳар бир эркак ўз аёлини рашк қилади. Лекин турмуш ўртоғим бесабаб рашк қилишига асос қолдирмайман.
- Турмуш ўртоғингиз санъатни тушунадиган, қадрлайдиган инсон экан. Шу инсонга турмушга чиққанингизнинг ўзи энг катта бахт. Чунки ҳақиқатан севган инсонгина ўз суюклисини у истаган нарсага етиштиришга ҳаракат қилади… Ота-онангиз-чи? Қандай қарашган? Уларни кўндириш қийинчилик туғдирмаганми?…
- Оҳ-ҳо… Ўша пайтларни эсласам… Тўғрисини айтсам, боя айтганимдай қайсарлигим бўлмаганида, балки ўшанда менга берилган кескин рад жавобидан сўнг шаштим сўнган бўларди… Онам, айниқса, отам жуда кескин қарши бўлганлар. Бир амаллаб онамларни кўндирганимдан кейин биргалашиб отамни кўндиришга тушганмиз. Лекин онамни кўндириш учун ҳеч қачон очиқ-сочиқ кийинмасликка, ортиқча гап-сўз чиқишига йўл қўймасликка, уларнинг чизган чизиғидан чиқмасликка сўз берганман. «Агар айтганларим бўлмаса, ҳеч қачон кечирмайман», деганлар… Яна нима дейишим мумкин. Инсон тақдирига ёзилганини кўради барибир.
- Нима учун саҳна либосларингизга жиддий эътибор қаратмайсиз? 
- Масалан?
- Назаримда, саҳна либосларингиз жуда оддий.
- Шу вақтгача стилистим бўлмаган. Ўзимга маъқулини танлаб кияверганман. Мана энди либосларим дизайни устида алоҳида ишлаяпман. Бундан буёғига ташқи кўринишимга ҳам жиддий эътибор қаратаман. Янги фотожамланмаларимдан бу ҳаракатларимнинг илк самарасини сездингиз, деб ўйлайман.
- «Ҳар бир даврнинг ўз қўшиқчиси бўлади» дейишади. Ўша даврингиз келса-ю, сиз буни пайқамай, қўлдан бой бериб қўйишдан қўрқмайсизми?
- Мана шу саволдан жуда ҳам қўрқаман. Катта гапираяпти деб ўйламанг, лекин мен «машҳур бўлиш, эл назарига тушиш учун тинмай қўшиқларни «айлантириб» туриш керак» деган гапларга қўшилмайман. Ижодкор ижод қилишдан тўхтамасин. Чунки қайси қўшиғингиз халққа манзур бўлишини ҳеч қачон олдиндан билмайсиз. Шу боис Аллоҳ ҳеч бир санъаткорни назардан қолдирмасин. Агар даврим ўтганини пайқаб қолгудай бўлсам, санъатни тарк этишим ҳақида албатта матбуот орқали айтаман. Ҳозирча эса… Энди ижодни бошладим-ку, бунақа саволнинг кераги йўқ!
- Нимани қойиллатиб қўёламан деб ўйлайсиз?
- Уй юмушлари ва пазандаликни. Ҳарҳолда турмуш ўртоғим «Сен нафақат яхши санъаткорсан, балки яхши уй бекаси ва пазандасан» деган гапларни тез-тез такрорлаб туради.
- Орзуларингиз?
- Орзуим нафақат Ўзбекистонда, балки чет давлатларга чиқиб концерт берсам, дейман. Кейин Тож Маҳални кўргим келади…
- Армонингиз-чи?
- Армон бўлмасин ҳеч кимда. Айни дамда армонсиз инсонман. Менимча, кексайганингизда армон пайдо бўлса керак. Яъни «мана бу ишларни қилишга улгурмабман-ку», деб армон қиласиз. Ҳозирча эса ёш эканмиз, билагимизда куч бор экан, интилсак, ҳаракат қилсак, ҳар қандай мақсадимизга эриша оламиз!
- Фарзандингиз нечта бўлишини хоҳлайсиз?
- Э, фарзандларим кў-ўп бўлишини орзу қиламан. Лекин ҳамма нарсанинг ўз вақти-соати бўлади. Ҳозирча ижод қилаверай-чи, «фарзанд яна керак» деган қарорга келсак, у албатта туғилади.

Дарвоқе, Дилдора Ниёзова бу йил санъат олий ўқув юртига ҳужжат топшириш ниятида. «Олий маълумот ҳақида диплом барибир керак», дейди хонанда. Фарзандли бўлгандан кейин продюсерсиз, мустақил иш бошлаётган ёш ижодкорни олдинда нафақат оналик, балки талабалик ва бундан ташқари қанча-қанча синовлар кутмоқда. Ўзи танлаган йўлдан равон бориб, барча қийинчиликларни сабр билан енгиб ўтишга куч топа олишига умид қиламиз. Чунки бу юлдуз санъат осмонида вақтинча порлаш учун ёнмаган.  

Категория: ШОУ - БИЗНЕС ОЛАМИ | Просмотров: 1598 | Добавил: Ангелочка | Рейтинг: 3.0/3
Всего комментариев: 1
1 Bekzod   (2009-12-11 20:05:53)
Nima uchun Jizzaxda 2009 yil 8 dekabr kuni konsertingizda jahl qilib ketib qoldingiz? Ertasi kuni Jizzaxga qor yog`di. Qorni sizning jahlingiz deb bildik.

Имя *:
Email *:
Код *: