Главная » 2009 » Iyun » 10 » Сардор Раҳимхон: Аёл киши билан энди дуэт куйламайман!
21:28:14
Сардор Раҳимхон: Аёл киши билан энди дуэт куйламайман!

 

Тўлиқ исми: Раҳимов Санжар Мираҳмедович.
Касби: Хонанда.
Ёши: 28 ёшда.
Оиласи: Онаси ҳозирда уй бекаси (бунгача дорихонада фармацевт бўлиб ишлаган), отасининг касби – ўқитувчи. Айни пайтда автомобил ҳайдаш бўйича муаллим. Сардорнинг айтишича, ота-онаси ниҳоятда камтар ва оддий инсонлар. Оилада бундан ташқари акаси, укаси, келинойиси ва икки нафар жияни бор. Укаси ҳозирда ўзи билан бирга ишлайди (маъмурий ишлари билан шуғулланади). Акаси - компьютершунос. 

Сардор ўхшашни хоҳлайдиган мультқаҳрамон: Робин Гуд.
Шиори: «Эрта бугундан ҳам омадли келади».
Матбуот котиби: Дурбек Шофайзиев.
Музлаткичида ҳар доим бўладиган севимли маҳсулотлари: Қизил сабзи, олма, қатиқ (ёки йогурт).
Севимли мақоли: «Бахт келганда шукр қил, дард келганда сабр». 
Сардор учун энг яхши совға: Фарзанд.
Концертининг иккинчи кунида мухлислари томонидан совға қилинган қўзичоқ тақдири: Жониворнинг оёғи синиб қолгани учун сўйиб, гўштини қўшниларга тарқатишган.
Ҳаёти мазмунсиз кечарди агар…
Ота-онаси ёнида бўлмаганида.
Ижод билан шуғулланмаганида.
Мана шу серқуёш, озод юртда туғилмаганида, мана шу ор-номуси кучли эл ичида яшамаганида.

Саёҳат қилишни орзу қилади: муқаддас шаҳарлар Маккаю Мадинага, севги шаҳри дея таъриф олган Парижга, сув устида қурилган шаҳар - Венецияга, эҳромлар юрти – Мисрга ҳамда соф ҳавоси билан шуҳрат қозонган Швейцарияга.
Ўзини у деб, уни ўзи деб тасаввур қилишни - романтика деб билади. «Аммо романтик бўлиб яшаш ҳозирги кунда осон эмас. Чунки ҳис-туйғуларга берилиб, ақл билан иш юритмасангиз жуда кўп хатоларга йўл қўйишингиз, кўп нарсаларни бой беришингиз мумкин. Энг мақбули ақл ва юрак ҳамоҳанглигида иш қилишдир», дейди хонанда.
Тўғрисўзлик, самимийлик ва оддийликни қадрлайди.
Бош эгади фақатгина ёмонликнинг олдини олиш учун.
Келажакда: фарзандларига исломий исмлар қўйиш ниятида.
Ижодий янгиликлари: Машраб ғазали билан куйланган «Ё Раб» қўшиғининг ўзбек тилидаги талқинига клип суратга олди; «Бевафо ёрим» деб номланган қўшиғининг премьераси шу ой сўнгида бўлиб ўтади; ноябр ойига мўлжалланган учинчи яккахон концерт дастурига ҳозирданоқ тайёргарлик кўрмоқда. Ва ниҳоят, тез кунларда Сардор Раҳимхон Россияга сафарга отланади - рус хонандаси ва бастакори Дмитрий Маликов билан ҳамкорликда ёзган рус тилидаги таронасига клип суратга олиш учун.
Шогирдлари: иккита. Мустафо ва Жаъфардан бошқасини шогирд сифатида тан олмайди.

«Кимнингдир соясида туриб машҳур бўлиш менга хос эмас»
 Дуэт қўшиқлар яратиш борасида охирги вақтларда Сардор Раҳимхоннинг негадир омади чопмаётгандай. «Фалончихон» билан дуэт куйлаш ниятимиз бор, деб айтади-ю, орадан кўп вақт ўтмай, ўша «фалончихон» унинг таклифини рад этгани ҳақида гап-сўзлар тарқалади. Шу масалага ойдинлик киритиш мақсадида берган саволимга Сардор қуйидагича жавоб қайтарди:
- Очиғини айтсам, мана шу турдаги гап-сўзлар жонимга тегиб кетди. Дуэт бу - ўзаро фикрлашган, бир ёқадан бош чиқарган ҳолда яратиладиган қўшиқ. Хоҳлайсизми-йўқми, ҳар битта хонанда ўзини индивидуал шахс деб билади ва шунинг учун кўрпачани ўзи томонга тортишга ҳаракат қилади. Ўзаро бир тўхтамга келинсагина яхши қўшиқ яратилиши ҳақида ўйлайдиганлар жуда кам. Ким-кимгадир дуэт таклиф қилса, «ўша «кимсанбой» ё ўз рейтингини кўтариш учун ё машҳурликка эришиш учун шундай таклиф киритяпти», деб ўйлайдиганлар кўпайиб кетган. Мана шунақа гап-сўзлардан чарчаганим учун аёл кишилар билан умуман дуэт айтмайман, деган қарорга келдим. Нимагаки эришган бўлсам, Худога шукр, меҳнатим орқали эришганман, дуэт куйлаб эмас.

Кузда - тўй. Демак, келин топилди?! 
«Ёшим ҳам ўттизга борибди, энди уйланмасам бўлмайди. Тўй Худо хоҳласа кузда». Очиғини айтсам, хонанданинг тўлқинланиб айтган бу гапларидан албатта, хурсанд бўлдим. Лекин кузда тўй, деб баралла айтиш учун жиддий асос бўлиши керак, шундай эмасми, азиз мухлис? 
«Тўғри айтасиз, асос бўлиши керак. Ва менинг шундай дейишимга асос – яхши ният. Худодан тилаётганим, илоҳим менга муносиб умр йулдош, онамга муносиб келин, фарзандларимга муносиб она бўладиган бир қиз топай. Лекин ҳозирча қидириш билан оворамиз».
«Эр йигит ўз ёрини рашк қилиши керак!»
Суҳбатимиз давомида Сардор Раҳимхон ўзининг бўлажак рафиқаси тикувчи, тарбиячи, филолог (тилшунос) ёки шифокор бўлса, албатта, ишлашига қаршилик кўрсатмаслигини айтиб ўтди. Хонанда билан Янги йил арафасида суҳбатлашганимда «менинг аёлим уй бекаси бўлади, уйда ўтиради» деган гапи ёдимга тушиб, «Фикрингиз мана шундай тез-тез ўзгариб турадими?» деб савол бердим.
- Ишламайди, деганмидим? (ажабланади) Албатта, рафиқамнинг уйда бўлишини уй ишлари билан шуғулланиб, онамларга ёрдамчи бўлишини хоҳлайман. Лекин иши турмушимизга халал бермаса, ишлашига қарши бўлмасдим. Шунда ҳам яна бир бор таъкидлаб ўтаман: оила бошлиғи эркак бўлиши шарт. Оилани боқиш - эркакнинг иши. Аёл - оилани сақлаб қолувчи негиз. Аёл иш учун бахтини қурбон қилишини хоҳламасдим. Аёлим уйда тинч бўлса, менинг ҳам ишларим юришади. Уйда бўлмаса хаёлим бўлиниши табиий: ким билан ҳозир у, қаерда, қанақа ишлар билан банд?! Чунки шайтон бор нарса. Бу ерда айб аёл кишида ҳам эмас. Шунчаки кўчада ёмонлар кўп. Ёмонларнинг ичида юриб эса шайтон қутқусига учиб қолиш ҳеч гапмас. Ҳар бир банда хато қилиши мумкин. Ана шунинг учун ҳам эркак доим аёлини ҳимоя қилиши, уни қизғаниши, тергаб туриши керак.
«Номардга мард бўлинг»
Америкалик сиёсатчи Сэмюэл Хьюстоннинг хиёнат ҳақида айтилган бир ибораси бор: «Унда итнинг феъли мужассам эди, фақат вафодорлигидан ташқари…». Сиз ишонган, суянган, дўстим деб ўйлаганларингиз пайт пойлаб хиёнат қилишса… Оёғингиз сирпаниб, жар ёқасига келиб қолганингизда, қўл бериш ўрнига… итариб юборишса, бошингизга оғир кунлар тушганида сиздан иложи борича нарироқ юришса… Хиёнат инсон қаддини букиб қўйиши мумкин. Бундай синовни четлаб ўтишдан ҳеч ким кафолатланмаган.
- Билмадим, бу гапларни билиб айтдингизми ё билмай. Мана бир йил бўляптики, шундай синовни бошимдан ўтказяпман. Лекин илож қанча. Буни ҳаёт деб қўйибдилар… Биласизми, инсонлар бир-бирига шунчаки яхшилик қилишни ҳам билиши керак экан. Озодбек Назарбековнинг бир қўшиғида «йигит қасам ичмайди, йигитнинг сўзи қасам» деган сўзлар бор. Йигитнинг лафзи ҳалол бўлиши керак. Ўша «йигит» ўзгаларнинг олдида юзимни ерга қаратди, номимни сотиб, обрў орттирмоқчи бўлди…
Бу хиёнатни Худонинг менга бераётган синови, деб қабул қилдим. Ва ҳатто хурсанд ҳам бўлдим, чунки Тангри суйган бандасигагина синовни раво кўради. Бундайларга қандай жавоб қайтараман? У номард экан, мен мард бўламан. Паст одамга пастларча муносабатда бўлиш керак эмас. Худога солиш керак, тамом. Ўша лафз нималигини билмайдиганга, у сизга қандай ёмонлик қилган тақдирда ҳам, яхшилик билан жавоб қайтарингки, яхшиликларингизни кўриб, қилган ёмонликларидан афсуслансин, уялиб қолсин. Эртага одамлар орасида у сизнинг юзингизга қарай олмаганда бу сизнинг энг катта ютуғингиз бўлади!
Сардор Раҳимхон билан интервьюмиз 11 май куни кундузи бўлиб ўтди. Ўша куни 18:00да у Корея пойтахти Сеул шаҳрида ўтказилаётган «Ўзбекистон маданияти кунлари» тадбирида иштирок этиш учун жўнаб кетиши керак эди. Вақт тиғизлигига қарамай, таҳририятимизга ташриф буюрган хонандага миннатдорчилик билдирган ҳолда келажакдаги режалари, орзулари амалга ошишини тилаб қоламиз.

Сардор Раҳимхон дейдики…
* «Болалигимда дўстларим «Санчо» деб аташарди» 
* «Жудаям романтик бола бўлганман, ўқитувчим ва синфдошларимни гўё ўзга сайёрадан тушиб қолгандай тассавур қилар эдим» 
* «Омадни инсон ўз қўли билан яратади ва барбод қилади. Меҳнат қилган инсонга омад келаверади» 
* «Машҳурлик бу ҳаловатдан кечиш дегани. Диққат марказида бўлганингиз учун ҳам ҳар бир қадамингизни ўйлаб босишингизга тўғри келаркан. Негаки кичкина хатоингиз ҳам машҳур бўлганингиздан кейин одамларга катта бўлиб кўринади» 
* «Замонавий аёл замонга мос бўлиши керак, замон билан тенгма-тенг қадам ташлаши керак. Лекин турмуш ўртоғи билан тенг қадам ташлайдиган, ундан илгарилаб кетадиган аёлни замонавий аёл ҳисобламайман» 
* «Аёлни ожиза экан, деб камситиш, ожизалигидан фойдаланиб рўзғор ташвишларини унинг елкасига юклаб қўйиш ҳақиқий эр кишининг иши эмас» 
* «Яхши инсон бўлиш учун пул ҳам керак эмас, ҳомий ҳам. Ҳожат йўқ, негаки бу инсоннинг ўзига боғлиқ. Яхши инсон бўлиш учун йиллар керак. Истеъдоднинг ўзи етарли эмас» 
* «Мен одамларнинг фикри учун эмас, ўзим, яқинларим ва олдимга қўйган мақсадларим учун яшайман, агар одамлар учун яшасам ҳаётим меники эмас уларники бўларди»
* «Агар бирор кимса сизни туртиб ўтса, узр сўраб ўтказиб юбориш керак. Шошилмай манзилга интилсангиз йўлда ўша сизни туртиб ўтган одамнинг қанчалар хор бўлиб ётганини кўрасиз»
* «Жуда кўп мухлислар орттирдим, лекин мухлис билан санъаткор ўртасида парда бўлиши керак. Ашаддий мухлис билан ўта яқин бўлиб кетсангиз, уни йўқотиб қўйишингиз аниқ, негаки яқинлик сизнинг камчиликларингизни унга очиб беради».
* «Сизни кимдир жуда қаттиқ хафа қилса, ундан эмас ичидаги шайтондан хафа бўлиш керак»
* «Санъат бу мен учун ҳаёт! Буни ўзим ҳис қила олсам керак. Кимларгадир айта олмайдиган гапларим, юракдаги кечинмаларим ҳаммаси қўшиқларимда жамулжам. Мукаммал нарсани яратишга доимо интилиб яшайман.
* «Лифтга қамалиб қолишдан қўрқаман, бир гал иш юзасидан кўп қаватли идорага борганимда нақд уч соат “зиндонбанд” бўлганман. Шу-шу якка ўзим лифтга чиқмайман».

Категория: ШОУ - БИЗНЕС ОЛАМИ | Просмотров: 1614 | Добавил: Ангелочка | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 1
0  
1 Элен   (2009-11-17 18:05:33) [Материал]
Сардор сизга омад, катта махсадларингизга етишинг. Машхурлик сизни тарк этмасин. biggrin

Имя *:
Email *:
Код *:
WwW.Shaxrisabz.ucoz.ru Portali Barcha xuquqlar rezervlab qo'yilgan |