Главная » 2009 » May » 25 » УЗОҚ КУТИЛГАН ҒАЛАБА!
11:20:01
УЗОҚ КУТИЛГАН ҒАЛАБА!

Андижон" "Нефтчи" ва "Бунёдкор" билан учрашувдаги мағлубиятлардан сўнг Муборакка фақат ғалаба илинжида ташриф буюрди. Ўз навбатида, муборакликлар ҳам ғалабадан бошқа нарса ҳақида ўйлашмаётган эди. Асосий таркиб жамоалари ўйинидан бир кун аввал, ўринбосарлар таркиби ўйини ниҳоясига етганидан сўнг, стадионга ташриф буюрган мухлислар ўйингоҳни тарк этишмади. Баҳром Вафоев номли стадионда "Машъал" клуби раҳбарияти, мураббийлари, футболчилари ва мухлислар ўртасида ўзига хос учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда мухлисларга кетма-кет муваффақиятсизликлар сабаблари ҳақида бироз тушунтиришлар берилди ва эртанги ўйинда жамоа албатта ғалаба учун майдонга тушишини маълум қилишди. Ўз ўрнида мубораклик мухлислар ҳам севимли футболчиларини қўллаб-қувватлаб, муҳим ўйин олдидан уларга омадлар тилашди. Учрашув тенгкурашлар остида бошланди. Шундай бўлса-да, учрашувнинг 6-7-дақиқаларидаёқ мезбонлар ҳисобда олдинга чиқиб олишлари мумкин эди. Бироқ, Фозил Мусаевнинг зарбаси дарвоза устидан ўтиб кетди. Умуман олганда, биринчи бўлимда жамоалар тенгма-тенг кураш олиб боришди. Андижонликлар майдон эгалари дарвозаси олдида бирорта хавфли вазиятни ярата олмаган бўлсалар, Баҳодир Давлатов шогирдлари эса яна 2 та вазиятга эга бўлишди. Ҳар иккала сафар Габит Сапаргалиев ва Зафар Холмуродовларга бош билан ўйнашда аниқлик етишмади. Иккинчи бўлимнинг дастлабки 20 дақиқаси "Машъал" футболчилари учун ўта омадли келди. Аввалига (57-дақиқа) чап қанотдан етказиб берилган тўпга дарвозабондан илдамроқ ҳаракат қилган Фозил Мусаев бош билан дарвозага жойлаб қўйди. Ушбу вазиятда Мусаев тўпга зарба берганидан сўнг гавдаси билан дарвозабонга урилиб кетди. Бироқ, бу вазиятда дарвозабон тўпга чиқишга кечиккани ва Фозил Мусаев тўпга биринчи бўлиб улгургани учун ўйин қоидаси бузилмади, деб топилди. Меҳмонлар дарвозасига киритилган 2-гол ҳам дарвозабоннинг қўпол хатоси туфайли вужудга келди. Ўйин пайтида Игорь Михайлов ўз дарвозасини ташлаб олдинга чиқиб кетди ва Роббим Ҳасанов ўзига узатилган тўпни дарвозанинг бўш қолган қисмига бемалол йўллаб, ҳисобдаги фарқни янада йириклаштирди. Шундан сўнг Ориф Маматказин Михайлов ўрнига Жасур Нарзиқуловни майдонга туширди. Ҳар иккала жамоа вакиллари мағлубиятга учрашни истамаганликлари учун учрашув қўполликларга бой бўлди. Буни учрашув бош ҳаками Равшан Эрматов томонидан футболчиларга кўрсатилган 8 та сариқ карточка ва 1 та қизил карточка орқали ҳам билиб олса бўлади. Андижонликларнинг футболчиси - Қайрат Ўтабоев "Машъал" ярим ҳимоячиси - Фозил Мусаевни сўнгги чора сифатида қоидага ҳилоф равишда тўхтатиб қолгани учун тўғридан-тўғри қизил карточка муносиб деб топилди. Қолган дақиқаларда эса Баҳодир Давлатов шогирдлари мустаҳкам ҳимояланишди ва мухлислар учун узоқ кутилган ғалабани тортиқ этган ҳолда, мусобақа жадвалининг сўнгги поғонасини тарк этишди. Учрашув якунланганидан сўнг, “Машъал” клуби президенти Шермат Шамсиев стадион кийиниш хонасига кириб, жамоа ўйинчилари ва мураббийларини ғалаба билан табриклади ва кейинги учрашувларда ҳам футболчиларга омад тилади.

«МАШЪАЛ» - «АНДИЖОН» - 2:0

Голлар: Фозил Мусаев 57, Роббим Ҳасанов 65

Огоҳлантиришлар: Мамука Гонгадзе 73, Роббим Ҳасанов 75, Константин Боев 78, Санжар Қувватов 80 – Асқар Жадигеров 19, Дилявер Ваниев 32, Руфат Исроилов 55, Виктор Клишин 61.

Четлатиш: Қайрат Ўтабоев («Андижон», 77).

"Машъал": Санжар Қувватов, Габит Сапаргалиев, Алексей Дмитриев, Сирож Ҳамроев, Андрей Панчук, Абдували Мўминов, Константин Боев, Ботир Қодирқулов, Шуҳрат Муҳаммадиев (Роббим Ҳасанов 40), Фозил Мусаев (Нодир Давлатов 89), Зафар Холмуродов (Зафар Холмуродов 46).

"Андижон": Игорь Михайлов (Жасур Нарзиқулов 66), Дилявер Ваниев, Асқар Жадигеров (Расул Раҳмонов 20), Мирзакамол Камолов, Виктор Клишин, Шуҳрат Мирхолдиршоев, Зура Замсашвили, Қайрат Ўтабоев, Акмал Шораҳмедов, Леван Мдивнишвили, Руфат Исроилов (Иброҳим Отахонов 59).

Ҳакамлар: Р.Эрматов – 9,6; Х.Шодмонов – 8,6; Б.Қодиров – 8,4; Р. Бобомуродов - 9.

Назоратчи: А.Иноятов.

24 май. Муборак. Б.Вафоев номли стадион. 2511 томошабин. 

Категория: ФУТБОЛ ЯНГИЛИКЛАРИ | Просмотров: 1300 | Добавил: Ангелочка | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *: