Главная » 2009 » May » 21 » ХОСИЯТСИЗ МАШИНА 1 Кисм
17:12:41
ХОСИЯТСИЗ МАШИНА 1 Кисм
Дилшоднинг гапи Қодирнинг юрагига ғулғула солиб қўйди. «Зўр-ку, — ўйлади ўзича, — сув текинга сотаётган экан. Авария бўлган бўлса, нима қипти, кўринишига гап йўқ-ку. Шу аҳволда ҳам камида ўн-ўн бештага сотиш мумкин. Шаҳноз билан маслаҳатлашиб кўрсаммикан?» Қодир ўзича режа тузаркан, Дилшодга шубҳаланиб қаради: 

— Нимага ўзинг сотиб олақолмайсан? Машина оламан деб юргандинг-ку, арзонгинаси чиқди. Пулинг ҳам ёнингда қолади... 

— Уни олиб эсимни ебманми?! — Дилшод Қодирга зардали қараб қўйди. — Арзон экан деб бошимни балога қўяйми? Менга унақаси керакмас. Қиммат бўлса ҳам, тузукроқ машина оламан. 

— Нима у тузукмасми? — баттар шубҳалана бошлади Қодир. — Ўзинг ҳозиргина кўриниши янгидай, эгаси зўр қилиб таъмирлатган дединг-ку! 

— Тўғри, кўринишига гап йўқ, лекин у машинада одам жон берган, тушуняпсанми? — Дилшоднинг кўзларида даҳшат ифодаси сезилди. — Мен ҳар доим рулга ўтирганимда, ўша хунук манзара кўз олдимга келишини истамайман... 

Қодир кутилмаганда хо-холаб кулиб юборди. Дилшод унга анграйиб қараркан, кулги сабабини тушунмасди. 

— Нега куласан? 

— Нимага кулмас эканман?! — Қодир дўстини мазах қила бошлади. — Мен сени ақлли, мулоҳазали десам, ғирт аҳмоқ экансан-ку! Қаёқдаги гапларни гапирасан-а? Одам жон берганмиш... Нима бўпти? 

— Сен тушунмаяпсан, — Дилшоднинг овозида ваҳима, қўрқув бор эди, — бу шунчаки гап эмас. Машинада одам жон бергани етмагандек, қон излари ҳам қолган. Ўша изларни кўрганда ҳам даҳшатли манзара эсингга тушаверади. Асабим шундоқ ҳам чатоқ, менинг бардошим етмайди. 

— Fирт қўрқоқ экансан! — Қодир унинг гапларига умуман эътибор бермади. — Шунча йилдан бери бу жиҳатингдан бехабар юрган эканман. Энди яхшироқ билиб олдим. 

— Мен ҳазиллашаётганим йўқ, — Қодирнинг киноялари Дилшоднинг аччиғини чиқарди. — Бор гапни гапиряпман, ишонмасанг, ўзинг биласан. Мен у машинани олмайман, агар истасанг, ўзинг сотиб ол. Эгасининг телефон рақамини бераман. 

Дилшоднинг ваҳимали гаплари Қодирни бироз чўчитган бўлса ҳам, «арзонгина «Нексия»ни қўлдан чиқаришни истамай, машина эгасининг телефон рақамини ёзиб олди. 

Уйга боргач, Қодир хотинига маслаҳат солмоқчи бўлди. Аммо дўстининг гапларини ўйлаб, бу ҳақда оғиз очмади. У бундай ирим-сиримларга ишонмасди, бироқ хотинига «ичида одам ўлган машина»ни сотиб олиш фикри ёқмаслигини биларди. 

Орадан икки кун ўтди. Қодирнинг хаёлидан «арзон «Нексия» кетмас, эгасига қўнғироқ қилиб, савдони келишиш ҳақида ўйлайверарди. У неча йиллардан бери машина оламан деб пул йиғар, лекин орзуси ҳеч ушалай демас, пул ўлгур кўпайишни истамасди. Энди бўлса, ниятига етишига имкон туғилганда, «олсамми-олмасамми», деб бош қотириб ўтирибди. 

Йўқ, барибир, бўлмади. Қодир истагига қарши боролмади, Дилшод берган рақамга қўнғироқ қилди. Машина эгаси унга шундай яхши муомала қилдики, йигитнинг истаги баттар кучайди. Улар учрашиб, ҳаммасини гаплашиб олишга келишишди. 

Қодир машина эгаси — Акмал аканинг уйига борди. Данғиллама ҳовлида яшаркан. Ҳовлида оқ «Нексия» билан оқ «Опель» ҳам турган экан. «Ҳа, пули кўп экан, — ўйлади Қодир ўзича. — Шунинг учун ҳам машинасини арзон сотаётган экан-да». 

Акмал ака Қодирни «Ичкарида гаплашганимиз яхши», деб ёпиқ айвонга таклиф қилди. Дастурхон тузалган экан. Қизи тезда чой дамлаб олиб келди. У ёқ-бу ёқдан гаплашган бўлишди. Қодир автоҳалокат ҳақида сўрамоқчи бўлди-ю, юрагига оғир ботади, деб индамади. Аммо Акмал аканинг ўзи шу ҳақда оғиз очди. 

— Ўша куни нима бўлганини ўзим ҳам тушунолмай қолдим. Машинани яхши ҳайдардим, — у афсус билан бош чайқади. — Фалокат танлаб ўтирмас экан-да... Рўпарамдан чиқиб келган машинани кўрмабман... — Акмал аканинг кўзлари ёшланди. — Оқибатда, хотиним... бечора қизининг тўйини кўролмай кетди... 

Қодир унга нима дейишни билмас, келганига пушаймон ея бошлаганди. 

— Майли, бу гапларни қўяйлик, юринг, машинани кўрсатаман, — Акмал ака ўрнидан туриб, Қодирни машиналар турган йўлакка бошлади. 

Қодир машинани синчиклаб текшираркан, бирорта қирилган жойини кўрмади. Машинахудди янгидай эди. Фақат машина ичида — ўриндиққа қопланган матода қон излари сезилиб турарди. 

— Fилофини алмаштиришмади, — изоҳ берди Акмал ака Қодирнинг тикилиб қолганини кўриб. — Олган одам ўзи хоҳлаганча қилиб олади, дедим. 

Қодирнинг шубҳалари тарқаб, бир қарорга келди. 

— Бўлди, ака, машина менга маъқул, нархи ҳам. Оламан. 

Акмал ака унга шубҳалангандек қаради, аммо индамади. Қодир узатган уч минг долларни санамай чўнтагига солди. 

— Эртага расмийлаштирамиз, — деди у юзига фотиҳа тортиб. 

Қодир унга қўшилиб «омин» деркан, ич-ичидан севинар, шундай зўр машинанинг эгаси бўлаётганидан ўзини еттинчи осмонда сезарди... 

Ҳужжатлар расмийлаштирилиб, оппоқ «Нексия» ўзиники бўлгач, Қодир хотинига хушхабарни маълум қилди. 

— Ростданми?! — Шаҳнозанинг кўзлари севинчдан порлаб кетди. — Қачон?! 

— Яқинда, гўзалим, яқинда, — мамнун илжайиб хотинининг тирсагидан тутди Қодир. — Юр, пастга тушамиз. Ўзинг кўрасан. 

Эр-хотин пастга тушишди. Оппоқ «Нексия»ни кўриб, Шаҳноза қувонганидан қичқириб юборди: 

— Вуй зўрлигини!.. — у энтикиб эрига қаради. — Қодир ака, қаердан олдингиз буни? 

— Яхшими? — Қодир керилиб хотинига қош қоқди. 

— Яхшимас, зўр, Қодир ака! Ростдан сотиб олдингизми? — жувон эрига шубҳаланиб қаради. — Ҳазиллашяпсиз-а? Пулингиз бўлмаса, бунақа машинани қаердан оласиз? Тўғрисини айтинг, бировнинг машинаси-а? 

Қодирнинг жаҳли чиқди. Бақирмоқчи бўлди, аммо деразадан мўралаб турган қўшни хотинни кўриб, Шаҳнозага «Юр уйга!» деб буюрди. 

— Менга қара, сенга бирор марта ёлғон гапирганманми?! — бақирди Қодир ичкарига киришлари билан хотинига. — Нега асабимга тегяпсан? Сени хурсанд бўлади десам, алдаяпсиз, деб асабимга тегасан. 

— Қодир ака, мен қаердан билай? — ўзини оқлашга тушди жувон. — Яқиндагина ўзингиз пулим йўқ, пулим йўқлиги учун машина ололмаяпман, деб юргандингиз, энди бўлса, бирдан... ҳайдаб келяпсиз. Ишонмаслигим табиий-да. 

Қодирнинг кулгиси қистади. Хотинига айёрона боқди. 

— Буни лотереядан ютиб олдим, десам ҳам бўлади, — деди илжайиб. — Уч минг долларга тушди. 

— Уч мингга-я?! — эрининг гапига ишонишни истамасди Шаҳноза. — Ким сотди? 

Қодир унинг шубҳаланаётганини тушунса ҳам сир бой беришни истамади. 

— Чет элга ишлашга кетаётган экан. Чиптаси шу ҳафтага экан, шунинг учун ҳамма нарсасини сотаётганмиш. Участкасини ҳам арзонга сотворибди. Ўртоғим айтиб қолди. Бориб кўрдим, машинасига гап йўқ. Ҳали яна неча йил хизмат қилади, — Қодир ўзи англамаган ҳолда ёлғон кетидан ёлғон тўқий кетди. — Эгаси олдинига тўрт минг сўради, таваккал деб, уч мингга савдолашдим. Рози бўлмаса керак, деб ўйлагандим. Йўқ, озгина тихирлик қилди-ю, кейин кўнди. 

— Чет элга кетса, ҳамма нарсасини сотиб кетиши шартми? — ажабланди Шаҳноза. 

— Эсинг жойидами? Бошқа қайтмас экан, сотмай нима қилади шунча нарсани? — Қодир ўзининг ёлғончилигидан ўзи ҳайратланди. — Тушундингми? 

Шаҳноза бошқа суриштирмай, машинага қараш учун балконга чиқди. Қодир ҳам унга эргашди. 

— Аммо машинага гап йўқ, тўғрими? — керилди у яна. 

— Ҳа, — бош ирғади Шаҳноза. Аммо бу гал овозидан хурсандлиги сезилмади. 

Қодир унга бирпас қараб турди-да, таклиф қилди: 

— Юр, айланиб келамиз. Анчадан бери машинада юришни орзу қилардинг-ку. 

— Овқат қилмоқчийдим-да... 

— Майли, кўчада овқатланамиз бугун, — қўл силтади йигит. 

— Вой, Нодирни боғчадан олиш керак-ку. 

— Йўл-йўлакай униям олиб кетамиз, — Қодир ўз фикридан севиниб, хотинини шошилтирди: — Бўлақол, паркка бориб, бирпас ўтирамиз. Хоҳласанг, кинога тушамиз. Дам олиб ўтирмаганимизга ҳам анча бўлди, шекилли. 

Шаҳноза эрининг илтифотидан севиниб, бир зумда тайёрланиб пастга тушди. У ҳар доимгидан ҳам очилиб кетган, кўзлари порлаб турарди.

Категория: МУЛОХАЗА | Просмотров: 1643 | Добавил: Ангелочка | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *: