Главная » 2009 » May » 15 » ҚАЙСАР ҚИЗ ҚАСОСИ
17:07:47
ҚАЙСАР ҚИЗ ҚАСОСИ
Дилшода соатига қаради-ю, «бугун яна ойимдан дакки эшитаман» деган ўйга бориб, дугоналарини ҳайрон қолдирганича, «кетаман»га тушиб қолди. 

— Яна бироз ўйнайлик, ҳали вақтимиз бор! — уни йўлдан қайтармоқчи бўлди Шаҳноза. 

— Кетмасам бўлмайди. 

— Йўғ-э, кейин бир ўзим қандай уйга етиб оламан? 

— Бундан ташвишланма, таксига ўтқазиб, уйингга кузатиб қўяман, юрақол, яна бироз рақс тушайлик! 

Шаҳноза саросималаниб бир дугонасига, бир уни рақсга тортаётган Рустамга тикилди. 

— Боравер Шаҳноз, боравер, ана кузатувчинг ҳам топилди. Мен ўзим кета оламан. 

— Рухсат берсанг, сени ўзим кузатиб қўяман, Дилшода. 

Дилшода олижаноблик кўрсатиб, ўз хизматини таклиф қилаётган, шу пайтгача неча-неча қизларнинг кўнглини овлаб, охир оқибатда мақсадига эришгач, ҳаммасини алдаб, ташлаб кетишни одат қилган Шавкатга масхараомуз тикилди. 

— Сенинг кузатишингга зор эмасман. Ўзим ҳам кета оламан. Яхшиси, сенга кўзини лўқ қилиб тикилиб турган Лолиттангдан қолма. Хайр, омон бўлинглар! 

Дугоналари ҳам, ҳафсаласи пир бўлган Шавкат ҳам унинг орқасидан хавотир аралаш киноя билан тикилиб қолишди. Ҳусну-жамолда барча қизларни ярим йўлда қолдириб кетадиган, замонавий кийинадиган, аммо ўғил болалар сингари чапани, мағрур, шаддод ва чўрткесар, ҳали бирор йигитга рўйхушлик бермаган бу қизга ҳамкурслари ҳайиқиброқ муомила қилишарди. Унга севги изҳор қилишга уринган йигитларнинг шўрига шўрва тўкилиб, ҳаммага кулги бўларди. 

Дилшода тунги клубдан чиққанида вақт алламаҳал бўлганди. Уч бекат наридаги уйига пиёда кетса ҳам бўларди. Аммо тезроқ етиш, онасидан дакки эшитмаслик истагида дуч келган биринчи машинага қўл кўтаришга мажбур бўлди. Оппоқ «Лачетти» машинаси унинг ёнигинасига келиб тўхтади. 

— Уч бекат наригача олиб кетинг, илтимос. 

Дилшода машина ичида ҳайдовчидан ташқари яна бир йигит ўтирганини кўриб, бироз саросималанди. 

— Чиқа қолинг, сиздек гўзалларнинг илтимосини ерда қолдириб бўладими! 

Дилшода иккиланаётганини билдирмаслик учун машинанинг орқа ўриндиғига ўтирди. Шу пайт ҳайдовчининг шериги жойидан чиқиб, унинг ёнига ўтириб олди. 

Дилшода қалтис иш қилиб қўйганини тушуниб, машинанинг иккинчи эшигини очиб, юриб бораётган машинадан тушиб қолишга уринди. Аммо ёнида ўтирган йигит кучли қўллари билан уни ўзига тортиб, маҳкам қучоқлади. 

— Нима қилмоқчисизлар, акалар, мен унақа қизлардан эмасман. Мен... мен... 

— Жим бўл қушча! Бизга айнан сенга ўхшаган «унақа эмас» қиз керак. Fинг десанг, жонингдан умидингни уз! 

Дилшода ўзини қучоқлаб олган йигитнинг бу гапини эшитиб, бор овози билан қичқиришга уринди. Шаҳарнинг нурафшон кўчасида ҳар замон, ҳар замонда учраётган йўловчилар унинг нажот қичқириғини эшитар, тасодифан нопок одамлар қўлига тушиб қолган, бечорага бирортаси ёрдам берар, дея умид қилди. Аммо барзанги йигит энди ўзининг бақувват панжалари билан унинг оғзини бекитишга уринар, қиз раҳмсиз сайёд тузоғига илинган қушча мисол тобора умиди сўниб типирчилар, уларга яхши сўзлар айтиб ялиниб-ёлворарди. Орадан йигирма дақиқалар ўтгач, оқ рангли «Лачетти» тун қоронғулигини ёриб, шаҳар четидаги сокин Чўпонота тепаликлари бағрига сингиб кетди... 

* * * 

«Кўза кунда эмас, кунида синади» деганлари тўғри чиқди. Ўзига ишонган, «ҳаётда ҳеч ким ўз-ўзидан бировга ёмонликни раво кўрмайди» — деган ишонч билан улғайган, оилада уч ўғилдан кейин улар сингари эркин, сўзидан қайтмайдиган, хавф-хатар олдида ўзини йўқотиб қўймайдиган бўлиб вояга етган, эндигина йигирма ёшга тўлаётган, ҳамма курсдошлари уни ўғил бола сингари Дилшод деб чақирадиган мағрур, шаддод, шўх ва эркатой бу қизнинг бир тунда бутун ҳаётга, одамларга бўлган ишончи чил-чил синди. 

Тонг ёришар палласи жунжикиб ўзига келган қиз икки виждонсиз йигитнинг ваҳшийларча ўзининг номусини топтаганини эслади. Бийдай тепаликларда тун бўйи ёлғиз, беҳуш ҳолда ётганини ҳис қилиб, атроф тепаликларга, харсанг тошларга ваҳима билан аланглади. Атрофда сочилиб ётган шимини, футболкасини кўрди-да, яланғоч ҳолда ётганидан уялиб кетиб, кийиниб олди. Кейин, умрида илк маротаба ҳаётда инсон боласини шу кўйларга соладиган шундай бераҳм, виждонсиз, жирканч одамлар ҳам бор экан-да, деган хулосага келиб, аламидан йиғлай бошлади. 

«Энди нима қиламан? Тун бўйи қаерда қолганимни, бошимга бундай кулфат тушганини, икки йиртқич ҳайвон номус-оримни оёқ ости қилганлигини уйдагиларга қандай тушунтираман? Нега шилқим Шавкатнинг илтифотини рад қилдим? Агар у кузатиб қўйганида бу ҳолга тушмасдим? Энди акаларим менга қандай кўз билан қарайди? Бу жирканч ҳаётда қандай яшайман? Мен энди ит текканман! Энди ҳеч кимга керак эмасман!». 

Хаёлига келаётган бундай саволларга жавоб топишга қурби етмас, фақат «бундай ҳаётдан воз кечиш керак!» — деган фикр миясини пармаларди. У баланд қоя тепасига чиқиб, ўзини жарликка ташлашга аҳд қилди. Қояга тирмашиб чиқиб атрофга назар ташлади. Қоя ости саёздек туюлиб, бундай баландликдан ўзини ташласа, бор-йўғи оёқ-қўллари синиб, ўлмай, чалажон бўлиб қолишини ҳис қилди. Кейин, ўзини қоя остидаги харсанг тошлар орасида чалажон бўлиб, инграб ётганлигини тасаввур қилиб, жунжикиб кетди. Уни шундай ҳолда топиб олишса, ўзи ҳақида барибир ёмон гаплар тарқалишини ўйлаб, бу фикридан қайтди. «Бу ҳаётдан изсиз ғойиб бўлишим керак. Менга нима бўлганини ҳеч ким билмаслиги. Одамлар «Номус-ори топталиб ўлдирилибди! — дейишларини истамайман!» 

Ёришиб келаётган тонг ёғдусида қоя устида атрофга аланглаб, узоқларда оқаётган Зарафшон дарёсига кўзи тушиб, миясига янги фикр келди: «Ўлигимни ҳеч ким топа олмайдиган қилиб ўзимни чўктираман. Бу бир лаҳзалик, осонгина ўлим бўлади!» 

У дарё сари кета бошлади. Қир-адирлардан ошиб, катта трассага чиқиб олди. Зарафшон дарёсини у ҳеч қачон кўрмаганди. Дарё пишқириб, ҳайқириб оқса керак, деб ўйларди. Дарёга етиб келиб унинг тизза баробар, ирмоқ-ирмоқ бўлиб оқаётган узанини кезиб, ўзини кўмиб, йўқ қилиб юборадиган ёки оқизиб кетадиган жойини топишга интилди. Изланишлари зое кетаётганини сезиб, ҳафсаласи пир бўлди. Тошлоқ оролчага чиқиб, ҳолсиз чўзилиб, кўзларини юмди. Ниҳоятда толиқиб қолганлиги учун қанча ухлаганини билмади. Қуёш майин нурлари билан жуссасини илита бошлаганидан уйғонди. У бошини кўтариб атрофга аланглади: дарё ўзанининг икки соҳили кўм-кўк дарахтлар билан қопланган, ўртадан ирмоқларга бўлиниб оқаётган дарё қуёш нурларидан ойна каби ялтирайди. Аллақаердан жийда гулининг муаттар ифори анқийди. У уст-бошига разм солди: тупроққа чўмилган товуқ мисол бўлибди, ўғил болачасига қилиб калта қирқилган сочларига хашаклар илашиб қолибди. Қўлларининг тирсаги, оёқларининг тиззалари қирилган. У беҳолгина ўрнидан туриб эгнини қоқди. Кейин ўзига юқиб қолган тунги қароқчиларнинг жирканч жинояти изларини бутунлай ювиб ташламоқчидек, уст-бошларини ечиб, ҳафсала билан ювина бошлади. Муздеккина ёқимли сув тетик торттирди. Яқиндагина кўнглига туккан қароридан қўрқиб кетиб, ҳаётга, тирикликка чанқоқ кўз билан қарай бошлади. «Йўқ, мен ўлмайман, ўлмаслигим керак. Ўша икки лаънатини топиб, қилган ишларига минг бир пушаймон қилдирмагунимча ўлмаслигим керак! Ҳа, уларни шундай жазолайки, иккинчи бор бирор аёл зотига бундай жирканч ишни қила олмайдиган бўлсин!» 

У апил-тапил кийиниб, фикрини пишитиб олиш учун яна аввал ётган жойига бориб чўзилди. «Қадимда подшоҳлар ўз ҳарамидаги хизматкор эркакларни аёлларга кўз олайтирмасликлари учун бичиб қўйишган, аёлларга нисбатан тажовузкорлик қилган эркакларни ҳам шундай жазолашган. Собиқ иттифоқ даврида тўрт йиллаб хизмат қилган денгизчи аскарларнинг таомларига атайлаб дори қўшишиб, шаҳвоний эҳтиросларини жиловлаганини эшитганди. Биринчи йўл бундай эркаклар учун адолатли жазо усули бўлсаям, буни анаву лаънатиларга нисбатан қўллашнинг иложи йўқ. Тўхта, тўхта, ахир доришунослик факультетида ўқияпман-ку! Мен шундай бир дори кашф қилайки, бу зўравонлик билан аёллар иффатига чанг соладиган ҳайвонсифат эркакларни бир умр эркаклик бахтидан маҳрум қилиб қўйсин! Демак, биринчи навбатда ўша дорини кашф қилишим, кейин тунги ярамасларни қаерда яшашлигини ва ишлашлигини аниқлашим керак. Айтмоқчи, машинанинг рақами 9999 эканлигини кўргандим-ку! Бу уларни топишни осонлаштиради. Топиб олсам, уларни тузоққа тушириш ҳеч гапмас. Бир ширин жилва қилсанг, исталган эркак ортингдан эргашаверади. Ҳали қараб турларинг, разиллар, бир кунларингни кўрсатмасам, Дилшода исмимни бошқа қўяман!». 

— Ҳой, тирикмисиз, ўликмисиз? 

Дилшода бу товушни эшитиб, чўчиб тушди. Ўгирилиб қараб, ўзига кулимсираб тикилиб турган, бошида кенг айвонли шляпа, қўлида узун чўпли қармоқ ушлаб турган йигитга кўзи тушди. У ҳам кўзига кечаги эркаклар сингари разил, ифлос, ёмон ниятли одамдек туюлиб, унга ғазаб билан тикилди. 

— Нима ишингиз бор, йўлингиздан қолманг! 

— Сизни дарёдан оқиб келган мурда деб ўйлабман. Бундай десам, бу сув ҳеч кимни оқиза олмайди. Кейин, ростини айтсам, сизнинг чўмилишингизни кўриб, сув париси деб ўйладим. Наҳотки бизнинг дарёмизда ҳам сув париси мавжуд бўлса, дея ҳайратга тушиб, яқиндан кўриш учун ёнингизга келдим. 

— Йўлингиздан қолманг, дедим! — Йигит ўзини яланғоч ҳолда кўрганини билиб у янада ғазабланиб кетди. 

— Вой-бўй, сув париси бунчалик жаҳлдор бўлишини биринчи кўришим. Йўқ, сув пари эмас, шаҳарлик аччиғи тез париларга ўхшайсиз. 

— Э, қанақа одамсиз ўзи! Ҳа, шаҳарликман, шаҳарнинг энг ёмон парилариданман. Агар ёмон ниятда бўлсангиз, кунингизни кўрсатиб қўяман. 

— Ҳар ҳолда саҳар-мардон бу ерда нима қилиб юрибсиз? Бирор муаммонгиз бўлса, айтинг, ёрдам қилишим мумкин. 

Қиз йигитнинг қандай одам эканлигини билмоқчидек, унга синчиклаб разм солди. «Ҳар ҳолда ёмон ниятли одамга ўхшамайди-ку!» — деган қарорга келиб, унга жавоб берди: 

— Мени бу ерга дунёдаги энг ёвуз бўрилар қувлаб келишди, ўлимимга рози қилишди. Ўзимни ўлдирмоқчи эдим, бироқ энди фикримдан қайтдим. Энди у ифлосларни топиб, уларни ўлимларига рози қилмоқчиман. 

— Ҳа, бошингизга мушкул савдо тушганга ўхшайди.Тирик қолибсизми, мақсадингиз аниқми, демак шунинг ўзи катта гап. Қолганини суриштириб ўтирмай. Менинг исмим Дилшод, шаҳардаги бир қурилиш ташкилотида инженерман. Ҳар якшанба куни шу ерга келиб, балиқ овлаб, дам оламан. Мендан бирор ёрдам керамасми? 

Йигитнинг исми ўзиникидек Дилшод эканлиги, у очиқ кўнгиллик билан ёрдамини таклиф қилаётгани қизнинг кўнглини бироз юмшатди. Кейин, бу ердан қандай қилиб шаҳарга етиб олишнинг ҳам иложини топмай турганди. 

— Агар иложи бўлса, мени шаҳарга, уйимга олиб бориб қўйсангиз, — деди у йигитга синчков тикилиб. 

— Уни қаранг-а, бугун балиқ ўрнига шаҳарнинг энг ёмон парисини овлабман-да! Нимаям дердик, кетдик, ҳов қирғоқда турган машина меники. 

Дилшод йигитнинг бу беғараз ҳазилини эшитиб, ғамнок чеҳрасига бироз табассум югургандек, кўнгли ёришгандек бўлди. Ўзи ҳам унга шундай ҳазил қилгиси келиб: 

— Дилшод ака, менинг исмим Дилшода, сиз одамгарчилиги бор йигитга ўхшайсиз, — деди. 

— Билсангиз, ҳамма Дилшодлар, жумладан мен ҳам, яхши одамлармиз.. Улардан ҳеч қачон ёмонлик кутманг. Исмингиз Дилшода экан, демак сиз ҳам ёмон парилардан эмассиз. Қани кетдик. Агар рухсат берсангиз, бугун тонгда қармоғимга зўр сув париси илинганлигини ҳаммага мақтаниб юраман. 

— Агар шундай қилсангиз, сиз ёмон Дилшодга айланасиз ва мени бошқа ҳеч қачон кўрмайсиз. 

— Биласиз-ку, балиқчилар бироз мақтанишни яхши кўришади. Аммо, сизни бошқа кўрмайдиган бўлсам, ҳеч кимга мақтанмай қўяқолай. 

Йўл-йўлакай адаш балиқчининг самимий ҳазиллари қизнинг нотинч қалбига бироз таскин бергандай бўлди. Қиз бу йигитга бемалол ишониш мумкинлигини ҳис қилиб, ўз режасини амалга оширишда ундан кўмак сўрашга қарор қилди. 

— Дилшод ака, милицияда танишингиз борми? 

— Шаҳар ДАНининг бошлиғи ўринбосари синфдош ўртоғим бўлади. Бирор ёрдам керакми? 

— Айни муддао-ку! — қувониб кетди Дилшода. — Ўртоғингиз орқали 9999 рақамли оқ рангли «Лачетти»нинг эгаси кимлигини, қаерда яшашлигини аниқлаб бера оласизми? 

— Бу жудаям осон. Ўртоғим илтимосимни рад қилмаса керак. Лекин, бу сизга нима керак? 

— Бу анаву бўриларнинг машинаси. Мен уларни топишим ва боплаб жазолашим керак. 

— Бу қиз бошингизга оғирлик қилмасмикан? Агар лозим топсангиз, дардингизни менга айтинг, кўмаклашай. Прокуратурада ҳам танишларим бор. 

— Бу ёғини ўзимга қўяверинг. Агар ёрдамингиз керак бўлса, айтарман. 

Улар телефон рақамларини алмашишиб, Дилшоданинг уйи олдида хайрлашишди. Дилшода уйлари дарвозасига етиб, беихтиёр Дилшоднинг узоқлашиб кетаётган «Жигули»си ортидан бир зум тикилиб қолди. «Дунёда яхши одамлар ҳам кўпга ўхшайди» ўйлади у. Бошига тушган савдолар ҳақида на ота-онасига, на акаларига лом-мим демасликка, бир тун йўқолиб қолганлиги учун бирор баҳона рўкач қилишликни кўнглига тугиб, ичкарига кирди. У ҳали уйида ўзини қандай машмашалар кутаётганини билмасди... 

* * * 

У уйига кириб бориши билан бутун оила аъзолари йиғилишиб, унга қарши найзаларини шай қилиб туришганини кўрди. Ҳужумни одатдагидек ойиси бошлади: 

— Сени бундай тарбия қилмай мен ўлай! Тун бўйи қайси гўрларда қолиб кетдинг, уятсиз. Мени, дадангни, акаларингнинг шаънини ўйламадингми, шарманда. Наҳотки авлодимиздан кўча қизи чиқаётган бўлса! Гапир, беномус! 

— Бердисини айтгунимча ўлдирмай туринг, ойи! Кеча клубдан дугоналарим билан чиқиб, таксига ўтирдик. Дастлаб уларни ётоқхонасига элтиб қўймоқчи бўлдик. Такси нақ ётоқхона олдига етганида, ғилдираги чиқиб кетиб, ариқ ичига ағнаб кетди. Рост гапим, ҳеч кимга ҳеч нарса қилмади. Фақат уёқ-буёғимиз сал шилинди холос. Кейин, жуда кеч бўлиб қолганлиги учун қизлар билан ётоқхонада қолдим. Сизларга телефон қилиб қўяй десам, бирорта телефон ишламас экан. Мана, соппа-соғман. Ана энди ўлдираверинг, ойи. 

— Вой мен ўлай, туни билан нима хаёлларга бордим-а, қизи тушмагур! Ҳозир келиб қолмаганингда, эндигина милицияга хабар бермоқчи эдик. Хайрият, худо бир сақлабди. Аммо қизим, бўй етган қизсан. Номинг ёмон отлиққа чиқса, биз ота-оналаринг, акаларинг бундай номусга, шармандаликка қандай чидаймиз? Шу сабаб бугундан бошлаб ўқишингга борасан, уйга қайтасан. Ҳеч қандай дискотека, тунги клубларга бормайсан, гап тамом! 

— Агар бирор қалтис қадам ташлаганингни сезсам, ўлдириб ташлайман, — гапга аралашди кенжа акаси. 

— Рост айтасиз ойи, бунингизни тезроқ эрга бериб қутилмасангиз, тез орада кўча қизига айланади, — дашном берди ўртанча акаси. 

— Кўрдингизми, бунингизга ўша дискотекага бориб йигитларнинг бўйнига осилиб, қийшанглаш ёқиб қолган. Тез орада уйга икки кунлаб, кейин, бутунлай келмай қўяди. Мана мени айтди дерсиз, кейин уйимизга бирорта совчи қадам ҳам босмайди. Кўча-кўйда кўрганлар бизларга «ана, ҳалиги бузуқ қизнинг акаси!» дея қўлларини бигиз қилиб кўрсатишади Агар, иш шу даражага етса, сени ўзим ўлдириб, қамоқда чириб кетганим яхши, билиб қўй, ҳой қиз! — алангаланди яна кенжа акаси. 

— Кеча келган совчиларга рози бўлишингиз керак эди, ойи, — гап қўшди шу пайтгача ўйчан ўтирган катта акаси. 

— Яна келишса, рози бўлганим бўлсин. 

Хуллас тарбиявий соат ярим соатларга чўзилди. 

— Қизишманглар, болаларим. ўзларингни босинглар, — вазминлик билан гап бошлади дадаси. 

— Сен ҳам таънангга ўйлаб кўр қизим. Тун бўйи йўқолиб кетганинг бизларни қандай тахликага солиб қўйганини ўйлаб кўр. Қолаверса, ёшинг ҳам йигирмага етди, энди катта қиз бўлдинг. Ҳаётга, турмушга ақл, мулоҳаза билан ёндашадиган ёшга кирдинг. Энди болалик одатларингни ташла, ўйин–кулгу ҳам вақти билан... Ўқийман дединг, мана ўқияпсан. Келажакда зўр доришунос бўлишлигингни ўйла. Ота-онангнинг, акаларингнинг шаънига доғ туширмайдиган, ақлли, мақсадли, самимий инсон бўлишингни ўйла. Кечаги қилиғинг билан бизни ёмон аҳволга солиб қўйганингни ўйла. Ё совчиларга розилик бериб юбораверайликми! Нима дединг, гапир қизим? 

— Ҳамма гапларингиз тўғри. Бугундан бошлаб аввалги ўйинқароқ қизингиз йўқ деб ҳисоблайверинг. Энди ўқишга бораман, уйга қайтаман, дискотека ва тунги клубларни елкамнинг чуқури кўрсин, гапим — гап. Сизларнинг юзингизни ҳеч қачон ерга қаратмайман. Бу гапим ҳам гап. Турмушга чиқиш масаласини уч йилдан кейин, ўқишим битгач гаплашамиз. Келишдикми? Қорним очиб кетди, ойи, нонуштага ўтира қолайлик! 

Отаси ҳам, онаси ҳам унинг болаларча софдиллигидан, самимийлигидан, бир сўзлигидан завқланиб, эркалаб севишарди. Бу сафар ҳам улар қизининг ҳамма сўзлари чин дилдан айтилганлигига ишонишиб, унга ўйчан тикилганича бошларини чайқашди. Акалари ҳўмрайганларича қўл силташиб, дастурхон атрофига бориб ўтиришди.. 

* * * 

Ўша куни кечаси Дилшода тун бўйи мижжа қоқмади. У ота-онасига, акаларига берган ваъдалари чин дилдан эканлигига ўзи ҳам ишонарди. Ростдан ҳам табиатидаги ўйинқароқлик, шўхлик, ўйламасдан иш қилишлик, бошига шу кулфатларни солмадими? Нега бир бекат берида турувчи Шаҳноза дугонасини бирга кетишга кўндирмади? Эҳтимол икки киши бўлиб кетишганларида, бу ишлар бўлмасмиди? Ё бечора Шаҳноза ҳам мен сингари номус-иффатидан айрилиб қолармиди? Худбинлик қиляпман шекилли. Нега унга ҳам ўз қисматимни раво кўряпман? Шавкат шилқим билан бирга қайтсам, бир жойимни узиб олармиди? Нега у бечорани мазах қилиб кулдим? Нега барча тенгдошларим мен билан гаплашганларида бироз тортиниброқ туришади? Наҳотки мен уларга одамларча самимий муносабатда бўлмасам? Ё чиройимдан ўта мағрурланиб, ҳеч кимни назар-писанд қилмай қўядиган бўлиб қолдимми? Нега ҳеч ким мени чин дилдан севмайди? Ёки нега ўзим ҳеч кимни сева олмадим? Калондимоғлигим, ҳеч кимни назар-писанд қилмаслигим шу аҳволга тушиб қолишимга сабаб бўлмадими? Нега бошқа йигитлар мени кузатиб қўйишга тайёр эканлигини айтиша олмади? Улар Шавкат шилқимни ўлгудек ёмон кўришимни билишарди-ку! Ҳаммасига ўзим айбдорман. Тунги клубга боришни ҳам ўзим ташкил қилмаганмидим? «Оналаримиз рухсат беришмайди» деганларни — «Ёшликда ўйнаб қолайлик» деб ўзим зўрлаб кўндирмаганмидим? Бирга бордикми, ҳаммамиз бирга қайтишимиз лозим эди. Мен «кетаман»га тушганимда, ҳамма менга эргашишини кутдим. «Бироз ўйнайлик» деган дугонамни ҳам «Бўлди, кеч бўлиб кетди, оналаримиз хавотир олишади» дейиш ўрнига, жеркиб солдим. Мағрурлигим, ўзимга ортиқча даражада бино қўйиб юборганим, ҳеч кимни назар-писанд қилмаслигим туфайли қизлик номус-оримдан айрилиб ўтирибман-ку! Дадам тўғри айтдилар, самимий инсон бўлишимни ҳам ўйлаб кўришим лозимга ўхшайди.Уларга берган барча ваъдаларим чин. Аммо уларнинг юзини ерга қаратмайман, деганим ёлғон-ку! Аллақачон бу ишни беихтиёр қилиб қўйганим, ҳақиқат-ку! Бу ҳақиқатни уларга қандай юз билан айтаман!? Ҳеч ким билмайдиган бу сир бир кун келиб ошкор бўлиши, ота-онамнинг, акаларимнинг юзи ерга қарашлари аниқ-ку! Бу ҳақиқатни қандай яшира оламан! Қолаверса, бўлажак турмуш ўртоғимнинг юзига қандай қарайман?» 

Шунга ўхшаш саволлар оловида қоврилаётган қиз қачондир, кимнидир астойдил севиб қолишига, ўзи ҳам севилишига, келажакда бахтли оила қуришлигига ишонарди. Ана энди ҳамма орзулари чиппакка чиқиб турибди. У ўзбекчиликда иффатидан айрилган қизлар тўй кунисининг эртасигаёқ шарманда қилиниб, отасиникига қайтариб юборилишини кўп бора эшитган. Маҳаллада «Фалончининг қизининг шармандаси чиқиб қайтиб келибди!» — деган сўз тарқалишининг ўзи ота-онани, қариндошларни қора ерга тиқиб қўйиши аниқ. Бундай инсоддан фақат ўлиб қутулиш мумкин. Бироқ, унинг ўлгуси йўқ. У аввало анаву ифлосларни топиши, қилғилиқларига яраша муносиб жазо усулини ўйлаб топиши керак. Кейин нима бўлса, бўлаверсин. Бу инсодни ҳеч ким билмаслиги учун бир умр ёлғиз ўтади! Ана шунда ота-онаси-ю, акаларининг ҳам юзини ерга қаратмайди!». 

Қиз бу хулосасидан мамнун ҳолда кўзларини юмиб, тонг арафасидагина қаттиқ ухлаб қолди. У шу ухлаганича эрталабки нонуштага ҳам чиқмади. Бир пайт хонаси эшиги зарб билан очилиб-ёпилганидан уйғониб кетди ва хонага важоҳат билан кириб келаётган кенжа акасини кўрди. 

— Сен «айтган гапларимга ҳамма лаққа ишонди!» — деб ўйлаяпсанми? Қани тур-чи, гаплашиб олишимиз керак! 

Дилшода акалари ичидан энг рашкчиси ҳисобланган шу акасидан доимо ҳайиқиб юрарди. Ўқувчилик даврида ҳам у акаси доимо уни назорат қилиб юрар, бирор бола билан арзимас нарса ҳақида гаплашиб турганини кўриб қолса, шу болани иккинчи марта синглисига яқинлашмайдиган, гап отмайдиган қилиб қўяр, синглисининг важидан кўплаб болалар билан жиққа мушт бўларди. Мактабдаги энг зўр боксчи бўлган бу акасининг ҳимоясида қиз ўзини анча эркин сезар ва бундан фахрланиб, ёмон кўрадиган мактабдошлари устидан бемалол ва беписанд мазах қилиб юришдан ҳам тоймасди. Аммо табиатан ўта қизиққон бўлган бу акаси ўзининг ҳар қандай «гуноҳ»лари учун ҳеч қачон унга мушт кўтармаслигини ҳам яхши биларди. Бироқ, акасининг турқи бугун одатдагидан бошқача эканлигини, беихтиёр қилиб қўйган энг улкан гуноҳи учун ҳозир жавоб бериши лозимлигини сезиб, индамайгина ўрнидан турди ва кароватига ўтирди. 

— Қани гапир, очиқчасига тан ол. Сен ёмон бир иш қилиб қўйганингни сезиб турибман. Агар, ростдан ҳам бузилиб кетган бўлсанг, сени ҳам, сени шу аҳволга солган аблаҳни ҳам соғ қўймайман! Наҳотки менинг синглим кўча қизига айланган бўлса-я! 

Қиз қалбида шу тобда тўлиб-тошиб бораётган ташвиш ғамларини бирор яқин кишисига тортинмасдан айтиб беришни, ундан бўлажак ҳаёт синовларидан ҳимоя ва кўмак сўрашни жуда истарди. У кўнглида шундай истак сезиб, иккиланганича бир неча лаҳза акасига жовдираб тикилди. Ниҳоят, акасидан нажот излагандек, унга бор гапни оқизмай-томизмай гапириб беришга қарор қилди. 

— Олдин гапимни эшитинг ака, кейин мени нима қилсангиз, қилаверинг. 

Шундай қилиб у акасига тунда бошига тушган барча гапларни айтиб берди. Энди керак бўлса, кўча қизи ролини ўйнаб, улардан қандай қасос олишни режалаштирганини ҳам яшириб ўтирмади. 

— Сиздан илтимосим, ўзимдан бошқа ҳеч ким билмайдиган бу машъум сиримни ҳеч кимга ошкор қилмасангиз. Агар ота-оналаримиз бу гапни эшитишса, улар не кўйларга тушишини яхши биласиз. «Йўқ, бу гапни ҳамма билиши лозим» — деб ўйласангиз, марҳамат, олдин мени ўлдиринг. Агар ўлдирмасангиз, қарорим қатъий, ўзимни ўзим ўлдираман. 

Акаси айтган сўзидан қайтмайдиган, бошига шунчалик кулфат тушганида ҳам довдираб қолмасдан, қатъий курашга отланаётган синглисига ачиниш ва фахр билан тикилиб қолди. Қалбида тўлиб-тошаётган ғазаб-нафрат ўрнини бир зумда акаларча ғамхўрлик, меҳрибонлик ҳислари эгаллаб олди. 

— Бечора сингилгинам, энди қандай эрга тегасан? —деди у шивирлаб. 

— Мен эрга тегмайман, ака. Сиримни ўзим билан олиб кетаман. 

— Бўпти, сен айтганча бўла қолсин. Аммо, анаву лаънатиларни менга кўрсатиб қўясан. Уларни шундай жазолайки... 

— Ака, сиз жуда қизиққонсиз. Уларни муштингиз билан айбига иқрор қила олмайсиз, натижада жиноятга қўл уриб, қамалиб кетишингиз мумкин. Мен уларни жиноят устида қўлга тушириб жазоламоқчиман. 

— Буни қандай қилмоқчисан? 

— Мен овга чиққан тун капалаги бўлиб, уларни тузоғимга илинтираман. Кейин эркаклик қувватини ўн баробар оширадиган доримни мақтайман. Бу гапга ишонтириб, унга дорини ичираман. Дорини ичгач, беш дақиқадан сўнг даҳшатли оғриқ тутиб, ҳар қандай йиртқич ҳам жойига ағнаб қолади ва узоқ муддатга эркаклигидан айрилади. Бу пайт мен аллақачон жуфтакни ростлаган бўламан. 

— Ахир... ахир бу ҳам жиноят-ку! Сени қўлга туширишса, судга беришади. 

— Бунисидан хавотирланманг, улар ўз гуноҳларини ошкор бўлишидан қўрқишади ёки уялишади. Бу ҳақида ҳеч кимга арз қила олишмайди. Қолаверса қиёфамни шундай ўзгартирайки, бошқа сафар мени кўришса, ҳеч қачон таний олишмасин. 

— Ажойиб режа. Аммо бундай қалтис ишга чиққанингда барибир сенга қўриқчилик қиламан.. 

* * * 

Тегажоғлик ва шўхлик қилиб барча курсдошларининг жиғига тегадиган Дилшодани гўё биров унинг ўхшаш қиёфасига алмаштириб қўйгандек. Биров гап сўраса жавоб беради, сўрамаса, танаффусда ҳам жимгина институт кутубхонасидан олган навбатдаги китобни ўқиш билан банд бўлади. У Ибн Синонинг «Тиб қонунлари»дан бошлаб ҳозирги замон тадқиқотчиларининг урологияга оид барча тиббий китобларини синчиклаб ўргана бошлади. Доришуносликда ишлатиладиган барча медикаментларнинг ўзи қизиқаётган соҳага доир хусусиятларини, қўлланиш дозаларини, қандай дорилар билан қўшиб ишлатилиш мумкин ёки мумкин бўлмаган томонлари, унинг руҳий холатга таъсири билан қизиқа бошлади. 

«Инсон фаолиятини бош мия бошқариб туради. Қачонки инсон ўз ҳаётида бирор муаммога дуч келса, у бу муаммоларни ечиш йўлларини қидира бошлайди. Натижада мақсад вужудга келади. Бу мақсадни амалга ошириш учун изланиш керак бўлади. Ана, деворда кичик чумоли ўрмалаб кетяпти. Агар унинг атрофида бармоғингиз билан кичик доира чизиб кўйинг-чи, у доира бўйлаб гир югуриб, бармоқларингиз қолдирган нотаниш ҳид доирасидан чиқиб кетиш йўлларини қидира бошлайди. Ниҳоят у излана-излана энг кам ҳид таратаётган жойни топиб олади ва доирадан чиқиб кетади». Дилшода изланаётган ишида ўзини ана шу чумолига қиёслаб хаёлга чўмиб кетди. «У чиқиш йўлини топа олармикан? Қилмоқчи бўлаётган бу иши жиноят эмасмикан? Йўқ, бу уларнинг жиноятлари учун муносиб жазо!». 

У эркаклар шаҳватини бошқарувчи простатит безлари фаолиятини чуқур ўргана бошлади. Бу безларга қандай препаратлар ижобий ёки салбий таъсир қилиши мумкинлиги аниқлади. Инсон организмига юбориладиган ҳар қандай тиббий препарат қайсидир аъзолар фаолиятига ижобий таъсир қилса, қайсиларигадир салбий таъсир қилиши мумкинлигини ўқиб, айнан ана шу дори-дармонлар билан қизиқа бошлади. Бир гуруҳ дорилар инсон организми фаолияти учун энг зарур бўлган антителалар ишлаб чиқарувчи безларнинг фаолиятини яхшиласа, бошқалари шундай антителаларни кучсизлантирар экан. Айни пайтда бу безлар шундай антителалардан жуда кўп миқдорда ишлаб чиқарса, бу бошқа бир аъзонинг фаолиятига салбий таъсир қиларкан. Салбий таъсир қилувчи бундай препаратларни аниқлаш осон. Фаоллаштирувчи ва акс таъсир қилувчи дорилар аралашмаси билан простатит безлар фаолиятини тўхтатиб қўйиш мумкинми? Бу қандай оқибатларга олиб келади? Буни каламушларда синаб кўриш керак». 

Ўша куни у шаҳар дорихоналарини кезиб, чўнтагидаги бор пулига простатит безлар фаолиятини яхшиловчи ва аксинча таъсир қилувчи дорилардан сотиб олди. Кейин уларни махсус колбаларда эритиб, таблетка ясайдиган қолипчаларга қуйиб чиқди. Орадан бир неча муддат ўтгач, у янги нав дори таблеткаларига эга бўлди. Энди бу дорилардан турли миқдорда каламушларга бериб синаб кўриш ва натижасини аниқлашгина қолганди. 

Лабораторияга бориб, бўлим мудирининг рухсати билан иккита каламушга бирига бир ярим миқдорда, иккинчисига уч миқдорда дори «ичирди». Бир ярим доза қабул қилган каламуш икки кун ҳолсизланиб юриб тузалиб кетди, иккинчиси эса учинчи куни ўлиб қолди. «Э йўқ, менга ўлиб қолиши эмас, тирик қолиши керак. Бу тажриба муваффақиятсиз якунланди деб ҳисоблаймиз» қарор қилди у. Изланишлар яна бир ойча давом этди. Ниҳоят у тайёрлаган доридан ичган ўлгудек «хотинбоз» каламуш мода каламушларга мутлақо эътибор бермайдиган, кун бўйи бурчакда ўтириб, ҳамма нарсага бефарқ қарайдиган бўлиб қолганини кўргачгина «Жазо» деб номлаган дори аралашмаси ўзи кутган даражада таъсир кучига эгалигига амин бўлди. Бу орада институт лабораториясидаги ўнга яқин каламушни, еттита қуённи ўлдириб қўйиб, анчагина чиқимдор ҳам бўлди. Энг муҳими, ўзи доимо «қониқарли» баҳо оладиган «Фармакология»дан имтиҳонини аълога топширди. Энди бу дорини инсонлик қиёфасини йўқотган одамларда синаб кўришгина қолганди. Бунинг учун «тунги капалаклар»нинг хулқ-атворини, кийинишларини, муомила усулларини , худди улардек қиёфага кириш ва гапириш йўлларини ўрганиб олиш лозим эди. 

У акасининг кийимларини кийиб, кўча кезиб юрган ўсмир қиёфасида танфуришлар тўпланадиган хилват меҳмонхона олдида амалиёт ўрганишга қарор қилди. Акасининг олабароқ кўйлагини ва шимини кийиб олди, ўғил болача тарошланган бошига кепка қўндириб, ўзини кўзгуга солиб кўрди. Кўзгудан бинойидек йигитча кўринди, аммо кўкраклари сирни ошкор қилиб қўйиши мумкинлигини ҳис қилиб, белидан кўкракларигача сочиқ ўраб, боғлаб ташлади. Энди у яғриндор ўспирин йигитчага айланиб қолганини кўриб, кўнгли жойига тушди. 

Ўша куниёқ кечки пайт кўзига қора кўзойнак таққанича меҳмонхона томон йўл олди. Тунги капалаклардан айримлари илжайиб ўзлари томон кўз қисаётган, она сути оғзидан кетмаган бу ёш йигитчани бу йўлга кираётганидан ғашлари келиб уришиб беришди. Қай бирлари биландир атайлаб нархига келиша олмади. Уч-тўрт боралик амалиётдан сўнг уларнинг касбларига оид беҳаё қилиқларни, гап сўзларини кўнгилдагидек ўзлаштирганига ишонч ҳосил қилгач, бир кун кечқурин афт-ангорини роса бўяб, «тунги капалак» қиёфасига кириб, меҳмонхона олдидаги ўтирғичда «мижоз» кута бошлади. Орадан беш дақиқа ўтмасдан ўзи томон илжайиб келаётган олифта йигитни сезиб, ролини қойилмоқом ўйнашга киришди. 

— Ҳа яхши қиз, кутяпсизми? 

— Кутяпман. 

— Келишамизми? 

— Келишамиз. 

— Қанча дейсиз? 

— Ўзингиз қанча деб ўйлайсиз? Анавулардан анча гўзалроқман-а, нима дедингиз? 

— Ўнта бераман. 

—Ўн бешта. Фақат кўкидан. 

Йигит бир зум бошини қашлаб, унга тикилиб қолди. Афтидан қиз шунга арзийди, деган тўхтамга келди шекилли, «Бўпти, кетдик, машинамга чиқинг! –деди, унга еб қўйгудек илжайиб тикилиб. 

— Мени қаерга олиб бормоқчисиз? — деди қиз, машинага ўтираркан. 

— Микрорайонда ҳоли квартирам бор, бир оқшом севимли меҳмоним бўласиз, гўзал қиз. 

— Бўпти, кетдик. 

Йигит уни уйига олиб келиб, аввал роса меҳмон қилмоқчи бўлди, шекилли, бир пасда дастурхонни ноз-неъматлар билан тўлдириб ташлади. 

— Исмингиз нима, гўзалим, энди танишсак бўлар? 

— Исмим Соҳиба. Фақат илтимос, мендан манзилимни, иш жойимни сўраб-суриштирманг. 

— Мен эса, Суҳробман. Катта бир тижорат фирмасининг бошлиғиман. Манзилингизни айтмасангиз, сизни бошқа сафар қандай қидириб топаман? 

— Ўша жойдан топаверасиз. 

— Соҳибахон, энди ўша жойга борманг. Фақат ўзимники бўлишингизни истайман. Таъминотингизни ҳам бўйнимга оламан. 

Қиз бу таклифни эшитиб, беихтиёр кулиб юборди. 

— Оҳ-о, иштаҳангиз карнай-ку! Билсангиз, мен жуда кўп харажат қиламан. Чидармикансиз? 

— Чидайман, гўзалим, чидайман. Менинг сармоям жуда кўп. Келинг, олдин кайфиятимизни кўтариш учун манаву француз коньягидан ичайлик. 

— Тўхтанг Сухроб ака, қуйманг. Биринчидан мен мутлақо ичмайман. Сизга ҳам шуни маслаҳат бераман. Мен сизга кутганингиздан ҳам ортиқроқ лаззат бағишламоқчиман. Уни коняк билан аралаштириб бўлмайди. 

— Хўш, буни қандай амалга оширмоқчисиз? 

— Бу осон. Ҳар иккаламиз биттадан таблетка ичиб юборамиз. Орадан ўн дақиқа ўтар–ўтмас, иккаламиз ҳам битмас-туганмас эҳтирос оловида ёна бошлаймиз. Ўзингизни дев мисол паҳлавон сеза бошлайсиз. Менга ана шундай паҳлавон йигитлар ёқади. Шу сабаб бу дорини доим ёнимда олиб юраман. 

— Номи нима экан ўша дорининг? 

— Бу дорини дорихоналардан тополмайсиз, чет элники. Дугонам уни Америкадан келтирган, номи инглизча «Жазолафин»ми-е... 

— Бўпти Соҳибахон, сиз учун бир йўла иккитасини ичишга ҳам тайёрман. 

— Ҳо, бунинг бир донаси неча доллар туришини биласизми, яхши йигит? Берадиган пулингизга бир донасига ҳам рози бўлаверинг. Ҳа айтмоқчи, кейин ғирромлик бўлмаслиги учун мен пулни олдиндан оламан. Чўнтагингизни кавланг, яхши йигит. 

Дилшода ўн беш долларни сумкачасига солиб дори солинган шишача оғзини очди. Ўзини дори ичгандек қилиб кўрсатиб, фужерга маъдан сув қуйиб ичди. Кейин шишачадан яна бир дона дори олиб, йигитга узатди. 

— Бўла қолинг, яхши йигит, сабрим чидамаяпти. 

Йигит илжайганича дорини ютиб, устидан сув кўтарди. Кейин Дилшодани қучиб, ўпмоқчи бўлди. Дилшода ноз қилгандек қиқирлаб кулиб хона бўйлаб қоча бошлади. Орадан беш дақиқа ўтмасдан уни қувлаётган йигит букчайганича полга ўтириб қолди. 

— Менга нима ичирдинг, ман ...жа...ла...қи! — деди у оғриқдан аянчли инграб. 

— Бу кунингдан баттар бўл, ҳайвон! Сенга бу ҳам кам! 

Дилшода шундай деб унга нафрат билан тикилиб қўйди ва дадил эшик томон юрди. Кўча муюлишида уни машина билан кенжа акаси кутиб турарди... 

Дилшода биринчи синовдан ҳеч қандай хатарсиз ва осонгина муваффақият билан ўтганидан, айниқса, ўзи кашф қилган дори кутган даражада таъсир қилганидан жуда мамнун эди. Бу ғалаба уни асосий интиқом сари руҳлантирди. Энди машъум тундаги қароқчиларни қўлга туширишгина қолганди.. 

* * * 

— Менга қара қизим, Дилшод деганинг ким? 

— Нимайди ойи? 

— Уч кундан бери телефон қилади, сен уятсиз қиз доим уйда бўлмайсан. Ё илгариги ўйинқароқлигингни яна бошладингми, бебош қиз? 

— Ҳеч қачон ойижон, ҳеч қачон. Кўраяпсиз-ку, кўчага доим акам билан чиқяпман. Дилшод менга бир тиббий китобни топиб бермоқчи эди. Демак, топибди-да. 

— Кўзингга қара, бебош қиз. Яна «китоб топиб бераман» деб бошингни айлантириб, ақлу ҳушингни ўғирлаб қўймасин. «Синамаган отнинг ёнидан ўтма!» деган гап бор. — Билишимча у яхши от, ойижон. Мен ҳозироқ унга қўнғироқ қилишим керак. — Алло, Дилшод ака, салом, топдингизми? — Топдим, адаш, топдим. Сиз ўйлагандан ҳам кўпроқ маълумотлар топдим. Сизни ҳозироқ кўрмасам бўлмайди. — Нега? Телефонда айтаверинг. — Ўзингизни ҳам кўргим келяпти. — Ойим «Синамаган отнинг ёнидан ўтма!» деяпти. Нега куляпсиз. У киши тўғри айтаяпти. Мени бир мартагина кўргансиз, холос. Мен ёмон от бўлишим мумкин. Бўпти, бўпти, уйимиз ёнига келақолинг. Майлими, ойи? Бор-йўғи ўн беш дақиқага чиқаман. Ойиси унга бошини сермаганича, тикилиб турарди. — Майли қизим, китобингни ол-у, дарров ортингга қайт. * * * — Сизга катта раҳмат, Дилшод ака. Ишимни анча осонлаштирдингиз. — У ҳар куни шаҳар истироҳат боғига киришда долларфурушлик ва айни пайтда мижозларига «қора дори» сотиш билан шуғулланади. Дилшода, у икки марта қамалиб чиққан, ўтакетган айёр ва ашаддий қонунбузар. Исми — шарифи ҳам жисми ва табиатига жуда монанд: Бўрибой Арслонов. — Айни муддао-ку! Бу бўрини мен ўша ерда қармоғимга илинтираман. — Бу гиёҳванд йигит билан ёлғиз курашишга қурбингиз етармикан? Рухсат беринг, ёнингизда бўлай. — Нима, доим ёнимда бўлиб, менинг бошимни айлантирмоқчимисиз? Шундай ниятингиз бўлса, бошдаёқ айтиб қўяй. Сиз яхши одамга ўхшайсиз. Мен эса сиздек яхши одамга арзимайдиган қизман. Бу биринчиси. Иккинчидан, ўша лаънатиларни уларнинг қабиҳ усулларидан фойдаланиб жазоламоқчиман. — Менинг ниятим жиддий. Сиз мендек яхши одам билан дўстлашишингизни истаяпман. Қолаверса, «уларнинг қабиҳ усулларидан фойдаланиб» деганингизда нимани назарда тутяпсиз? Наҳотки уларнинг даврасига қўшилишга аҳд қилган бўлсангиз? — Ҳа, қиёфамни ўзгартириб, уларнинг даврасига кирмоқчиман ва боплаб жазоламоқчиман. Менинг йўқотадиган ҳеч нарсам қолмаган. Сиз билан фақат дўст бўлиб қоламиз, Дилшод ака. — Бу ишга қачон киришасиз? — Эртагаёқ. У савдо қиладиган жойга мижоз сифатида бориб, назарига тушишга, қармоғимга илинтиришга уриниб кўраман. Йигит ўйланиб қолди. — Биласизми, жуда хавфли ишга қўл урмоқчисиз. Улар унча-мунча алдовларга учадиган лақмалар эмас. Жуда эҳтиёт бўлинг. Ҳар эҳтимолга қарши мана бу аппаратчани ёнингизда олиб юринг. Энг қалтис вазиятга тушиб қолганингизда, мана шу тугмачасини босинг. Мен дарров етиб бораман. Биз бу мосламани фавқулодда оғир вазиятларда, ер ости канализацияларида ишлайдиган ишчиларимизга берамиз. Келишдикми? — Келишдик. Лекин бу матоҳингиздан фойдаланишга эҳтиёжим бўлмаса керак. — Ҳар эҳтимолга қарши деяпман-ку. Лекин барибир сизни ёқтириб қолдим. Мен билан учрашиб туришга ваъда берақолинг. — Яхши одам ёмон ниятга бормаяптими? — Яхши одамда ҳеч қачон ёмон ният бўлмайди. — Бўпти, дўст сифатида учрашиб турамиз. * * * Дилшода бу учрашувга астойдил тайёрланди. Истироҳат боғига бориб дарвоза олдида турган бир тўда одамлар орасидан ўзини кулфат ботқоғига ботирган ўша ҳайдовчини, жингалак соч йигитни дарров таниб, қалбини худди ўша тундаги сингари қўрқув аралаш ҳаяжон қоплаб олди. Унга узоқдан бир неча лаҳза ғазаб билан тикилиб турди-да, ўзини босиб олишни, унинг ёнига «қора дори» хуморидан ночор аҳволга тушиб қолган гиёҳванд қиз қиёфасида бориши лозимлигини тушунди. — Бўрибой ака, мени қутқаринг. Бўлмаса ўлиб қоламан, — шивирлади у аянчли овозда унинг олдига бориб. Йигит ўз исмини айтиб мурожаат қилаётган бу қизни қаерда кўрганлигини эсламоқчи бўлгандек, бир неча лаҳза қизариб кетган кўзларини лўқ қилиб унга тикилди. Эслолмад
Категория: МУЛОХАЗА | Просмотров: 1332 | Добавил: Ангелочка | Рейтинг: 2.2/4
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *: