Главная » 2009 » May » 15 » МУҲАББАТ ЁКИ ЎЛИМ. 1-ҚИСМ
16:42:23
МУҲАББАТ ЁКИ ЎЛИМ. 1-ҚИСМ
Маҳаллага келиб тушиб, шошиб уйга келяпман-у, кўчадаги қўшниларнинг назаридан жаҳлим чиқса чиқадики, асло уялмасдим. «Ҳа-ҳа, пичирлашларинг, қўлларингни бигиз қил, болаларингни чақириб уйга қамаларинг. Ман қайтдим. Ман айбдорман, ман гуноҳкорман! Лекин фақат санларнинг наздингда. Ўзим ва Оллоҳ учун эса шунчаки бир бахтсиз бандаман...» 

Эшигимиз ҳар доимгидек очиқ. Йўқ, аввалги Жамшернинг уйи бўлгани учунмас, бу уйда фақатгина бир бечораҳол кампирдан бўлак ҳеч кимса ва ҳеч нима қолмагани учунгина. 

Йўлакдан кирдим-у... айвонга секингина мўраладим. Ё Оллоҳ, ишқилиб онам тирик бўлсинлар-да! Ёшлигимдан шу аҳвол: бирор иш қилиб қўйсам ҳам, жанжал-тўполондан кейин айш-ишратга берилиб, ичиб келсам ҳам, уйга киришда димоғимга юрак дорисининг иси уриши биланоқ остонага ўтириб йиғлардим. 

Киролмасдим ҳам, кетолмасдим ҳам. Киргани қўрқардим — «тирикмикан онам», деб, кетишга ҳам қўрқардим — «тоби қочса ким тез ёрдам чақиради», дея. 

Нима қилай, шунақа шўх бола бўлиб туғилган бўлсам? 

Йўқ, чидолмадим, тезда ўтиб айвон деразасига қараб «Она, мен келдим», дедим-у, хурсандчилигимдан тез-тез нафас ола бошладим. Худога шукр, онам намоз ўқиб ўтирибдилар, одатдагидек. 

Эҳ, доим ишдан қайтар чоғим онамнинг айнан намоз ўқиётганларининг устидан чиқардим. Демак, бу Аллоҳнинг марҳамати, демак, ҳаммаси яхши бўлади! 

- 2 - 

...Наво дерлар, вафо дерлар, 

Вафони бедаво дерлар, 

Маҳаллангдан ўтар бўлсам — 

Отаси йўқ, гадо, дерлар... 

(Тоҳир Содиқов қўшиғи). 

 

Исмим Одил, ёшим 19 да. Тошкент шаҳридаги генерал Узоқов томонларига кўчиб келганимизда эндигина 10-синфга ўтгандим, 16 ёшларда эдим, чоғи. Янги маҳалла билан оиламиз тезда чиқишиб кетди. Мен ҳам мактабга тез киришиб кетдим, ўзи бизларнинг оиламизда тарбия юқори ўринда, бундан ташқари, оиламиз ҳар қандай жойда тезда ҳурматга сазовор бўлади. Оилавий тирикчилигимиз — кунжутдан конфет тайёрлаб сотишдан иборат. Даромад яхшигина, лекин меҳнати анча оғир. Оилада энг катта ўғилман, синглим ва укам ҳам бор. 

Қўшниларимиз яхши... лекин, икки хонадон наридаги оила жудаям ғалатироқ. Сора холани ҳамма ҳурмат қилиб уйларига ўқитишга чиқишса, якка-ю ягона ўғли Жамшерни эса ҳеч кимнинг кўрарга кўзи йўқ. Бутун маҳала тугул, бутун туман уни билади ва қўрқади. Янги мактабимни тугатган. Келган кунимизоқ бизларни огоҳлантиришди: «эҳтиёт бўлинглар, ўғри, гиёҳванд бола ва ҳоказо», дея. 

Кўч-кўронларни тушираётган пайтимиз кўчани бошидан «Жигули» варанглаб «босиб» келиб, бизларнинг олдимизда секинлашди, ойналари қорайтирилгани учун ичида ким борлигини англаб бўлмасди, шундоқ олдимизда тўхтагандек бўлиб, бирдан тезлашиб пастга қараб кўздан йўқолди. Қўшни қиз Дилшода чопа келиб: «Жамшер ўлгур молларингга кўз ташлади шекилли, тезроқ туширинглар», деб хавотирланди. 

Ҳеч тушуномасдим, бунча ҳайиқиш, бунча ваҳиманинг сабаби нима? Бу Дилшода ҳам сал «анақароқ», бошқа бир қўшнимиз айтгандек «далли-ғулли, бир қоп ёнғоқ». Тавба, бир ҳафта ўйлабман, нима экан, дея. 

Дилшоданинг лақаби Инна экан. «Нега Инна», деб сўрасам, Асрор қўшнимиз кула-кула айтиб берди... 

Кунларнинг бирида, онаси узоқ кариндошиникига кетганида, Жамшер икки ўрис қиз билан уйига келган. Қизлардан бирининг эрталаб сут ичгиси келган. Дилшодалар эса сут-қатиқ сотиб тирикчилик қилишади. Жамшер ўрис қизни: «Иди, вон тама одна есть Диличка, выйдеш, справа первая дверь, вот и спроси у неё», деб пул бериб чиқарган. У қизгина ўлгур кайфдан уйғониб, бош оғриғи туфайли Диличкани Инночка, деб эшитган ва қўшнининг эшигини очиб кириб, ҳовлида «Иннуля, Инночка, Иннеса» дермиш! Дилшода «нима бало?» деб чиқса, бир ўрис қиз турибди тиржайиб: «Ой, привет, Ин, дай мне молока, вот деньги Жамшер попросил». 

— Вой патинг тўкилгур-е, мен ҳали Ин бўлдимми? Ниманинг ини деди, мани у яшшамагур? 

— А?! Ну извини, ты обиделась что, сокращённо Ин сказала, да? Ну я же незнаю как полное Инесса? Инна? 

— Дилшодаман, Дилшода!!! 

Шу-шу Жамшер Дилшодани кўрса «Инна», деб чақирадиган бўлган. Бутун маҳалла ҳам! 

Мактаб бошланишига ҳали бир ойча бор, маҳаллада деярли бирор дўст топганим ҳам йўқ. У пайтлар ҳаммада ҳам телефон бўлмасди, бизларда ҳам йўқ. Ўртоқларим узоқ Штаб маҳалласида қолишган. Мен тенги болалардан бу маҳаллада деярли ҳеч ким йўқ экан. Адашмасам, фақат Жамшер. Лекин мана, анча вақт ўтибдики, уни ҳали кўрганим йўқ. Фақат кечқурун ва эрталабга яқин машинасининг овози эшитилиб қолади. 

Бир куни тобим бўлмади ва онам Сора холамникига олиб чиқмоқчи бўлдилар-у, «ўғлини машинаси турибди, бориб ўзим сўраб чиқай, балки ухлаётгандир», дея хабар олгани чиқиб кетдилар. Қайтиб келгач, «Бор ўзинг чиқақол, ўғли йўқ экан», дедилар. Мен-ку ҳеч нимадан қўрқмадимку-я... 

Оддийгина ҳовли, бир нимаси бор, уйдан қанақадир файз сезилиб туради. Кираверишда ўнг тарафдан ойнали айвон бошланиб, айвонни айланиб ўнгга ўтиб сал нари юрилсагина эшик келади. Унгача айвонда ким борлигини кўриб, кўришишгаям улгуради одам. 

Бир муштипаргина, олтмишларга етиб қолган онахон кутиб олди. Кўзларидан нур ёғилиб турарди. Тавба, наҳотки шу ўша маҳалла зир титрайдиган боланинг онаси? 

— Ассалому алайкум, хола. 

— Ваалейкум ассалом, кел ўғлим, кел, отинг нимайди? 

— Одил. 

— Кир, нега турибсан?! Ҳаҳ, қўшнилар-а, сал қолса одамни маҳлуққа чиқариб қўйишади-я! Ўғлим Жамшерни бу қўшниларга нима оғирлиги тушибди, ҳайронман. Мана, опангниям қўрқитиб қўйишибди, сени чиқаришдан олдин хабар олиб кетди, — дея кулди. 

Қўлига сочиқ олиб, ичига пиёз бошини, туз, исириқ бўлаклари ва қотган нонларни солиб тугиб, ўқишга тайёрлана бошлади. 

— Тавба, Жамшерим яхши бола. Сал шўхроқ-да, бировга ёмонлиги йўқ. Отаси йўқ шўрликни, ўзини хурсанд қип юради-да, ҳазилкаш. Ўғлимдан асло қўрқмагин болам, хўпми? 

— Йўқ, йўқ, хола, ўғлингизни кўрганим ҳам йўқ ҳали. 

Тўғриси, билмадим, ростанам балки қўллари енгилдир, ростанам Аллоҳ назари тушган инсондир, лекин ҳузурларидан роса енгил бўлиб чиқдим! 

Эшикдан чиқдим-у, уйга яқинлашиб қолган бир йигитни кўрдим, тўппа-тўғри мен томон келётганди. Билдим Жамшерлигини, билиш қийин эмасдиям. 

Дарҳақиқат, қадамидан ўт чақнар, ҳайбати валломатиниям ҳуркитарди. Ёши 17-18 ёшлардаги бу йигитни кўрганингизда уни жа гиёҳванд деб бўлмасаям, ўғри, шпана, деб ўйлашингиз тайин эди. Гиёҳвандлар қилтириқ бўлишади бу эса қомати забардаст, кўзлари катта-катта, қош-кўзи қоп-қора, туппа-тузук бола эди. Агар келишимдан у ҳақда шунча афсоналар айтилмаганда, унинг ёмон бола эканлигига асло-асло ишонмаган бўлардим. 

У яқинлашган сайин ёшига хос бўлмаган салобати борлиги сезиларди ва одамни босарди. 

— Кимсан, ўв? Нима қивоссан бўтта, Васёк? Ҳозир, бир уриб акаше қип қуйийми, туршей? 

— Йуғ-е, нега урасиз, мен янги қўшнингларман, отим Одил, Сора холамни ёнига чиқувдим, анув, ўқитишга... 

У шунақанги қаҳ-қаҳа отиб кулдики, эсхонам чиқиб кетаёзди. 

— Намунча содда бўлмасанг, ҳазиллашдим! Одилман дегин? Яхши, гаплашармиз ҳали, — деб кулиб кириб кетди уйига. 

Эртаси кун кундузи кўчада ҳеч зоғ йўқ. Кўчадаги каравотда осмонга қараб турсам самолёт ўта бошлади. Самолётларга роса қизиқаман, ҳаммасини пастдан туриб айтиб бероламан. Беихтиёр «Ил-76» девордим. 

— Йўғ-е, қаттан билдинг? 

Қарасам, тепамда олма тишлаб, кулганча Жамшер турибди. 

Шу ўтирганча кечгача кўчага қўшнилар чиқиб бири супуришга, бири бошқа иш билан то кеч тушгунча роса гаплашибмиз. Шу кундан дўстлашиб қолдик. Билмадим, балки у менинг сиймомда ўз тенгқурини топдими ёки ростанам маҳалладагилар оширворишганми, лекин бир-биримизга суҳбатда роса мос тушдик. Гаплариям ақлли... 

Фақат сал кўпроқ сўкинаркан. 

 

- 3 - 

Ким тикон, ким лоламиз? 

Ўйлаб, ўйлаб толамиз. 

Бу беш кунлик дунёда, 

Биз Худога соламиз... 

(Юлдуз Усмонова қўшиғи). 

 

Ишонасизми, умуман бошқа-бошқа икки ҳаёт вакилининг дўстлашишига? Нима мослик? Кўнгилнинг ўхшашлигида. «Дўстингни айт, сенинг кимлигингни айтаман», дейишади. Нотўғри томони бор экан. Ота-онам, ҳамма дўстлигимизга қарши. Мен Жамшерни тушунаман, у мен билан бошқача, ўзгача муносабатда, кўнглини очади. Ота-онамга «ҳеч қаерга у билан бормийман, фақат кўз олдингларда, шу кўчада, ўша каравотда гаплашиб ўтираман, шунда бузилмайман-ку», деганимдан кейингина зўрға рухсат олдим. Жамшерни ошналари кўп, ҳаммаси бузилиб бўлган, қайсилари қамалган, қайсилари нашаванд, қай бирлари тамом бўлган ўғри ва киссавурлар. Улар билан ҳаётининг аччиқ дамларига қайтишдан қочиб аламини ўша тўдаларда оларкан. Лекин унга дўст ва дардкаш жуда керак. Уларнинг орасида кўнгилни очиш, дардлашиш тушунчалари бўлмас экан. Ўзига хос уят, номус. Кўнглини тамом бўлган киссавурга ким ҳам енгил оча оларди? 

Мактабга чиққан кезларим... Ҳар қандай мактабда ҳам янги келган боланинг жиғига тегишлари мумкин, айниқса мен борган мактаб, нақ Шайхонтоҳур тумани-я! Лекин Жамшер номидан бу мактабнинг ҳар бир терилган ғишти жойидан бир силжиб қўяди. Кўчада турибман, қўнғироқни кутиб, бир тўда болалар ёнимда сигарет чекиб, мен томонга қутисини ирғитворишди. Нимаям қила оламан, тегмади-ю, лекин олдимга тушди, бир ғижиндим. Шу пайт вангиллаган овоз эшитилди: оқ, ойналари қорайтирилган «Жигули». Жамшер! 

Нақ олдимда тўхтатди, атрофга қарасам битта ҳам бола қолмаган. 

— Ну чё, маҳалладош, нега бўтта турибсан, нука пошли! 

Мактабга кираяпмиз, ўқитувчилар шунақанги қарашлар қилишяпти энди менга. Лекин Жамшерни шунчаки безори деб адашган эканман. Кейинги воқеалар... 

Ҳозирча мактабга қайтамиз. 

— Эҳ-ҳей, Марҳабопа, солекум, қалесиз, мани роса соғинвотгандурсиз? 

— Вой Жамшер, ўлибманми соғиниб шўтта бўсенг ҳар доим. 

— Бизага хизматла йўқми, ҳеч ким сакрамаяптими мактабда? 

— Ҳа йўқ, Жамшер, мактаб энди бошланяпти, нима бўлса ўзимиза топармиз сени, айтганча раҳмат, ўзинг ремонтни кўтарибсан, маладес. Шу сал шўхлигингни айтмаса зўр боласан-де! Бўлди қил энди, уйлан! Қара, кўрган одамни кўзи сузилади, зап чиройли бола бўлгансан, ўзи доим чиройли эдинг-у, энди катта бўлиб янаям очилибсан, вой-вой-е бу соқолингни олсанг бўлмайдими? Ҳинд актёрларига ўхшаб қопсан, бу ким ўртоғингми, танимаяпман янги бола шекилли, а? 

— Бу мани братишкам, Одил! Холамни ўғли, бир маҳаллада турамиз, қаранг топшириб кетяпман, гапириш уёқда турсин бирортаси ёмон қараса кўзини суғурволаман, опахон! 

— Вой, сўрайсан-а, Жамшер, бўлди, вой ўзимни ўғлимдек қарайман, ўзи сенга ўхшаб кетарканми, қош-кўзи бирдек. Ҳозир синфини билиб бераман. Отинг, фамилиянг нимайди? 11-«а» экан. Ҳозир, ҳой Музаффар, мана янги бола, бор синфингга олиб кир. 

— Ассаломалейкум Жамшер ака, — бир бола зўрға-зўрға келиб, титроқ қўлларини узатди. 

— Э бор-е қаёққа, туршей, ўзим бирга бораман, манбуни кўрвоссанми, сизларни синфга бу, Одил оти тушундингми? 

Қочди шўрлик! Шунақанги ғалати бўб кетяпман, шу асно у билан маҳалладош эканлигимга пушаймон ҳам бўлдим. 

Тепага, синфга бирга кирди. «Ҳаммага салом», деб, менга қарата: «ўқишдан келсанг уйдаман, чиқарсан», деб кетди. 

Бир ойча синфда ҳеч ким мен билан гаплашмади. Ҳамма ғалати қарарди. Тўғри, болалар қўл бериб сўрашишар, лекин дарсга, мактабга оид гап-сўздан нарига ўтишмасди. Қаерданам Жамшер келди, қайтанга ҳамма нарсани дабдала қилди, деб ўйладим. Кейинчалик болалар сал-сал ўрганиб, мен билан дўстлаша бошлашди. 

Жамшер билан ҳар куни кўришардик, лекин уйига кирмасдим, у ҳам. Ҳеч қаёқда ишламаса, тушунмасдим қаердан унда шунча пул, доим айш-ишрат, лекин олдимга ҳеч маст ҳолда яқинлашмаганди. 

Бир куни синфдошларим билан мактабдан қайтаётсам, кўчадаги каравотимизда ўтирибди. Қўлида пиво — маст! 

— Қани, бекин ҳамманг, сур бўтдан, тез! 

— Салом Жам, нима кераги бор шунақа ишни? Ўртоқларим-ку улар, ўзи энди яқинлашаётувдим синфдошлар билан... 

— Мен сени ўртоғингман, бу мишиқилар эмас! Сен менга кераксан, уларгамас! 

— Уф-фо, нима ичгансан кўчани бошигача ҳидинг молларни ағдаряпти-ку?! 

— Узр, Одил ичдим. Сен-чи, роса мен учун-чи, бир анув фариштадек боласан-де, ёмон ҳавас қиламан санга, пок боласан, сени авайлаш керак, шундоғлигингча қолишинг керей, кўнглинг гўдакникидек беғубор. Мен ҳам шунақайдим, Одил... Ишонмийсан. Тепангда отанг бўлмаса ёмонакан. Бўлгани билан нима қилувди, биттаю-битта ўғил деб ҳамма нарсага рухсат бериб, хоҳлаганимни обериб. Ундан кўра, ўласи қилиб тепмасмиди, тайёр бўлмасмидим ҳаёт қийинчилигига? Ташлаб кетарка-ан, қийинчиликка ўргатмасмиди? Урмасмиди, ишлатмасмиди молдек? 

— Жам, бўлди қил, ўтган одамга мумкинмас унақа нарса... 

— Э-э, ниманиям биласан... Сен-чи ўқишга кириб, яхши ўқигин, кейин ишга кир, хўпми? Менга ўхшаб биринчи курсда ташлаб кетма. А так, ман ўзим қарайман, тепиб-тепиб ўқитаман. Адам ўлгандан кейин аҳволимми кўрсанг эдинг! Тўғри, ўшандаям шўх эдим, лекин жиноятга қўл урмасдим... 

— Жиноятга? Тушунмадим? 

— Ҳозир тушунасан, ўтир машинага. 

Шундай дея, туриб машинаси томон кета бошлади. 

— Вой Жам, мен энди мактабдан, ҳали уйга... 

— Э, мана шу маҳалланинг бошидаги мачитга бирровга юр. 

Масжиднинг олдига келсак эшик тагида бир йигит турган экан, шу масжидда яшаб, ўқиб юрган болалардан. 

— Хўш келдими имомларинг? 

— Ҳа ака, ҳозир. 

Ёши 50 лардан ошган бир киши чиқиб, ўқрайиб қаради. 

— Яна ичдингми, Жамшер? Қачон одам бўласан, болам? Яна мачитга келганингни қара!? 

— Акам, нега мандан ану итваччаларингиз пулни омаяпти? Нега рухсат бермаяпсиз? 

— Бутун маҳалла дод дейди дастингдан, кимга керак ҳаром пул? Бор ишла, одам бўлиб кейин... 

— Ман хайр-эҳсон қивомман, олмасликка ҳаққийз йўқ. Кимни нима иши бор, ҳаромми йўқми, ким ушлабди? 

— Ким бўлишидан қатъий назар, яхшимас бировни чирқиратиб, кейин бизларга бериш. Олмайман бўлди, билмай хўп деб юрувдим, мачитниям ҳаром қилдинг бола, қўй бор, кет, керакмас пулингам, бошқасиям. Билмасам ҳам бошқа эди, охирги қилиғинг... 

Уялмийсанми, Жамшер? Ўзининг маҳалладошинг-а? Кимга ёмонлиги тегувди Нажотни? Туппа тузук ишлаб, ҳалол... 

— Нима, энди бўрини оғзи есаям-емасаям қонми? Ман причём, уни уйини ўғри урган бўлса? «Мент»ла ҳидлаб мендан ҳеч нима топмади-ку, биринчи бўлиб ман-ку, «крайний». Сразу ҳаммаси манга. 

Кейин окам, билмасангиз билволинг, Нажот хўжакўрсинга ҳалол, ишидаги кирдикорларини мендан сўранг, қанақа ёш қизчала билан саунада кўрмаганларимни? Нимага бирданига мандан олмаётганизиям билмайманми? Гўёки шунча йил билмовдийз, сизларга қанақа қилиб пул бераётганимни. Нажотти ишидан кейин ментла искаб юрипти-де, қўрқвоссиз! Э манга қаренг, ман ҳали ҳеч қачон ўзимни маҳалламни в обиду не давал! Нажотда мани қўлим йўқ, гапимга жавоб бераман, а мен қидирмайман ҳам, ёрдамам бермийман! Баттар бўлсин, у қари туллакка буям кам. Сиздақа имомга ҳайф, олмасангиз олманг, детдомга бераман. 

 

- 4 - 

Жамшер давримизнинг Робин Гудларидан экан. Болаликдан ҳеч нимага зориқмаган, яккаю-ягона ўғил отасининг ўлимидан сўнг кўп нарсани билиб олган. Ишхонасида бошлиқларидан бири ҳар қанча бир-икки «левый» ишларни айтса ҳам кунмай, шундоқ ҳам яхшигина ойликка шукр қилиб келган. Вақти-вақти билан улар ишдан бўшашни талаб қила бошлашган, мана шу асаблар исканжасида юраги бардош беролмай ишдан «тез ёрдам»да олиб кетишган. Ҳалигача қоронғу, нима бўлгану нима қўйгани. Қизиғи, Жамшер ҳар қанча шўх бўлмасин институтга ўз кучи билан кирган, мактабда ҳам ҳар қанча тўполон қилмасин хоҳлаган дарсдан бемалол жавоб берган. У айни институтда ўқишни бошлаган чоғлари отаси оламдан ўтиб, ҳаёти умуман ўзгарган. 

Аввал атрофига ҳар хил ҳамтовоқлар йиғиб, кейин ўша отасининг ишхонасидаги ҳамма амалдорларни бирма-бир тушира бошлаган. Кимга саунада қизларни «подстава» қилиб, кимнинг уйини тунаб, кимнинг машинасини олиб қочиб. Кўпинча асосий ишни Жамшер бажарганлиги ва унда моҳирлик кўрсатгани учун тез орада Тошкетдаги ўғрилар орасида маълум эътибор ва ҳурматга сазовор бўлади. Ўзига теккан улушдан эса уйга харажат ва бошқа чиқимларни кераклигича қилиб, қолган катта миқдорини масжид, меҳрибонлик уйи, ногиронлар уйига берарди. 

Мактабда ўқиб юрган чоғларим Жамшер ҳақидаги бир қанча жиноий афсоналар, унинг ҳайрон қолдирадиган ҳотамтойликлари ҳақида ҳам эшита бошладим. 

Қайси қўшнини турмадан пул билан олиб қолгани, қайси камбағалроқ бировни қизини узатишда катта тўёнасини ва бир қўшнимизни операциясига ҳам пул тўлаганлигини... 

Нимага шунда ҳам номи ёмонлигини тушунмасдим. Кейинчалик билишимча, онасига ҳам, бошқаларни ҳам тўғри йўлга юряпман, дея алдаган экан. Лекин қай йўсинда машҳур бўлсанг ҳам барибир эл назарига тушаркансан. Хоҳ домла бўл, хоҳ қотил, хоҳ бокира бўл, хоҳ фоҳиша. 

Шўрлик муштипар онасигина ҳамма нарсадан бехабар. Одамлар шу мунисгина аёлнинг кўнглини ранжитишга ботинишмасди. Шундоқ ҳам шу боласидан бошқа ҳеч кими йўқ. 

Мана энди ундан ҳеч ким пул олгиси йўқ. Кунора Жамшердан қарз кўтарадиган қўшнилар ҳам уни четлаб ўтишади. Наҳотки билишмаган? Йўқ, билишган, шунчаки овоза бўлгандан кейин бирданига ўзгаришган. Эҳ... 

— Тушунаман, яхшилик қилиш керак, лекин нимага бировни ҳаққи эвазига? 

— Э, қанақа ҳақ? Нималар девоссан? Сан битта кўргин уларнинг қанақа ҳақ овотганини. Манашу бечоралани ҳақини суғуриб евотти-ю, нега қараб туриш керей? Зўрлик қилиб обқўйиш керей! Бўлди тамом, мен буни гуноҳ ва ҳаром, деб билмайман. Кўчада юриб-чи, бор-у, умуман кўзим очилди, Одил. Сан у нарсалани кўрмагин, мендан эшит ва хулоса қивур, фақат манга ақл ўргатма — бефойда! Уже умримнинг ҳар бир бекати белгиланган. 

Сила у пуштиранг очкилани кийволиб юравурасизлар, бу ҳалол, бу ҳалолмас, бу тўғри, бу нотўғрилаб. Ана амал теккандан кейин, ану буқалани семиришини кўрсанг-чи, ҳаром чўчқа ҳолига келишади! Пул келиб ҳар нарсани татиб кўрган сари ундан-да тақиқланганини истайди, сотволади, йўқса билан олади, и ўша кучга пул тўлайди. 

Тошкентни кечқурунини кўрганмисан ўзи? Кўрмагин ҳам. Квартира, сауналада нималар бўвотганини билмайсан, Одил. Ҳар қанақа фоҳишаларни кўриб, бокирасини истайди, кейин ёшини, кейин янаям ёшини, кейин она сути оғзидан кетмаганини истайди, бу ифлосла, ҳайронсан-а? Эҳ нафс ёмон нарса, уларга бу оддий ҳол, жонига тегади, кейин тақиқланган нарсага ўтади. 

Нимага пулим бор ва менга тақиқ?! 

Нима учун унда бойман, агар менга тақиқ бўлса?! 

Мана, уларнинг тамойили! 

Э, товба, ишонасанми гулдек қизни обчиқиб кетганман ўшаттан, пешанасидан варанглатиб отардиму ўша ифлосни, шундоғам гуноҳим кўп, Худо берган жонини мен олишга ҳаққим йўқ, деб, ўласи қип тепиб чиқиб кетганман. 500 доллар билан институтга киришга рози бўган экан, бечора. Қишлоғига обориб ташладим-да, уйидагиларга ҳаммасини айтдим, урсин ўласи қилиб «Тошкентга ўқишга кетган» қизини. Сен эса менга ҳалол, гуноҳ, Худо дейсан. Мен учун Худо бу... онамнинг намоз ўқиганлари, Одил... 

Уйга келаману онамнинг намоз ўқиётганларини кўриб Худони ҳис қиламан... Институтни ташашдан олдин ишладим ҳам. Одамга ўхшаб. Ярим йилча ишладим, дилимдаги оғриқни босиб, кўнглимдиги ярамни бекитиб индамай ишладим, бу ойлик йўлкирам кетиб қолса... Йўлгаям юрдим, тўғриси олдин. 

Агар сен юлмасанг, сени юлишади. Мактабингда ўтмадими «Яшаш учун кураш» мавзусини? Биологиядамидией, бор шунақа мавзу. Бу — ҳаёт, курашмасанг енгиласан. Тушунасанми? 

Хўш, бу гапладан кейин нимаям жавоб бера оламан? У кўчани кўрган. Мен-ку энди 11-синфни битирётган, уй-ўқиш тамойилида яшайдиган бола бўлсам. Шундоғам гапириб берган нарсаларидан ҳайрону лолман. Барибир ачинаман, униям ўзининг ҳақиқати бор. 

— Орзуларим бор эди, Одил, — давомлади Жамшер, — ишлайман, уйланаман, бола-чақа... Кўчада қизларни кўриб, ишонасанми кўрмаганим қолмади, ҳеч қайси қизга ишонмийман. 

Битта ғирт фоҳиша бор, ҳаёти — ҳижобдан трассагача, трассадан ҳижобгача. Тузукроқ болани топса шунақа ролга кириб, ҳижобга ўранволади, ҳатто ўшанга тегиб ҳам олади. Ажрашиши билан туради, мошина йўлда кўк кўзларини сузиб. Нази исми. Яқинда кўрувдим бозорда, яна битта «лох»ни топибди. Мани кўриб, ерга қараб ўтиб кетди, бир уриб, ҳижобини йиртиб шарманда қилай дедим-у, онам ёнимдадилар... Яхшилаб қарасам бола туппа-тузук, лекин қўпол қиб айтганда «лох»де! 18-19 ёшли бола ичида олов қайнаяпти, Назини стратегияси шунақа: ёш, қиз кўрмаган болаларни топади-де, ҳалиги болани бошини айлантирволади, бу ёшдаги бола қаёқдаги калласи билан ўйлайди? Бу табиат Одил, мияси буйруқ бермийди. Нази бўлса «вой энди нима бўлади, вой ман қизбола эдим», дея уввос солади. Агар сал коттароқ, сал кўчани таниганроқ бўлса ва уйланган бўлсаям шунақанги макрлар ишлатади-ки, керак бўлса хотиниданам ажратволади. Ювинтириб, кийимларини дазмоллаб, овқатлар пишириб, ўзини шунақанги фаришта тутадики, э уйланганиям боғланиб қолади. Чунки одам уйлангандан кейин барибир хотини ўзгаради, жиртиллашни бошлайди, талаб қилади... 

Одил, билиб қўй фоҳиша — ҳеч қачон хотин бўлмайди! У ўзини шунақа кўрсатади, бу унинг макри. Фоҳиша — бу фоҳиша, тамом! 

Жамшер ўзининг охирги сўзлари бутун умрини ўзгартиришини, бу гапга яна қайтишини, шу мавзу учун мен билан юзкўрмас бўлиб кетишини у шу тобда билмасди... 

(Давоми бор).

Категория: МУЛОХАЗА | Просмотров: 1984 | Добавил: Ангелочка | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *: