Главная » 2009 » May » 12 » Муҳаббат синовлари 1 qism
08:50:30
Муҳаббат синовлари 1 qism
Қайдан билибди у шундай бўлишини? Баҳром шу сўзни деб тўнини терс кийиб олишини тушида кўрибдими? Бари тескари айланиб кетди. Бир ойдирки, Баҳромдан дарак йўқ. Демак, дил изҳорларининг бари сафсата экан-да, йигит зоти шу даражада ўзгарувчан бўлармикан? «Ишонибман, соддалигим қурсин», қиз бошини қўллари билан маҳкам чангаллаган кўйи тишларини асабий ғичирлатди.

Муштарийнинг нозик кифти йиғлаётганидан дамба-дам кўтарилиб тушар, пешонаси узра текис қирқилган кокиллари кайфиятига мос равишда кўркам кўринмасди. Баҳромнинг таклифига кўнганда бари бошқача кечармиди? Қайдам, билиш қийин. Шу тариқа айрилганлари ҳам маъқулдир балки. «У аҳволда ташлаб кетишидан худо асрасин», дея пичирлади қиз ва ичидан хўрсиниқ отилиб чиқди. Ғишт қолипдан кўчишига, ҳаёти алғов-далғов бўлиб кетишига бир баҳя қолувди, худонинг ўзи асради. Қиз аламнинг зўридан кўзларини юмиб олди, худди бир-бирига эшилган ипдек боғланиб кетган кечинмаларини эсламасдан иложи йўқ.Қиз Баҳром билан боқлиқ ўйларини бир дам нари сургиси, руҳан енгиллашгиси, тамоман бошқа одамга айлангиси келарди. У юзини ҳўл сочиқ билан артиб, кафтдек кўзгуда ўзининг синиқ чеҳрасини кўрди. Кўзларида ноз эмас, қам, юпқа лабларига ярашиқлик табассум ўрнига қимтиниш. Муштарийнинг ўта кўҳлик бўлмаса-да, кишини жалб эта олгулик нимасидир бор эди. Бу, балки, унинг кўзларининг туб-тубига ҳеч қачон йўқолмайдиган ханда ўрнашганидан бўлса керак. Бир йилча кетидан соядек эргашиб юрган Баҳром ҳам «Сизнинг истарангиз иссиқ, бегона одамнинг ҳам гаплашгиси келиб туради» дея таъриф берарди.

Муштарийнинг юраги орзиқиб кетди, йигит тушмагур кўнглига чуқур ўрнашиб олган экан. Нега Баҳром ундан юз ўгириб кетди? У бунга жўялироқ сабаб топа олмас, ўз гапларини, хатти-ҳаракатларини минг марта тарозига солиб, ўлчарди. Қиз стол устидаги чойнакдан яхна чой симираркан, қорни бениҳоя оч қолганини сезди. Иштаҳасиз алпозда мураббога нон ботириб еб, қорин қайғусидан қутулган бўлди. Қиз боланинг севиб қолиши ёхуд севилиши табиий ҳол деб эътироф этилса-да, шу дафъада у ўзини икки ҳолатдан ҳам бенасиблар қаторига қўшмоқда эди. Баҳромнинг муҳаббати мойилликка ўхшаш алдамчи туйғу бўлган, холос. У Муштарийни ҳам, ўзини ҳам ана шу ўткинчи туйғунинг домига илинтириб, эрмак қилганлиги ростга ўхшайди. Йигит кишининг қаричи бошқачароқ бўлар экан. Бор-йўқ айби — тўйгача сабр қилишни талаб этганими? Ахир, бу шарқона урф-одатни қўллаб-қувватлаш эканини наҳотки, Баҳром тўғри қабул қилмади? Йигит ўзининг хоҳиш-истаклари рад этилгач, қўлини ювиб қўлтиқига урди. Муштарий унинг куйиб-ёнишларида сохталик борлигини ўша пайтларда унчалик сезмаган экан, энди бунга амин бўлмоқда. «Сизни ҳеч қачон алдамайман, сиздан бошқа керак эмас» дея такрорлашлар баъзан эриш туюларди. Муштарий унинг кўзларига қарай олмас, аммо сўзларидан ўзи чин маънода истаган рўйхушликни илқамоқчи бўлар, бургутникидек шиддаткор, қатъий нигоҳларида узил-кесил қарорнинг ифодасини сезишга уринарди. Бари сароб бўлиб чиқди, дил изҳорларию аҳду паймонлар, оилавий ҳаёт ҳақидаги орзулар ҳам уни худди ширин туш каби тарк этди. Энди кечинмалари ўтмишга айланмоқда. Муштарий зимистон кўнглини жиндек ёритиш илинжида ўзига ўзи далда берарди. Балки, Баҳром унга уйланмоқчи бўлганини ота-онасига етказиш учун қишлоқига кетгандир? Бироқ, қиз бу фикрдан ўзига керакли юпанчни топа олмасди. Чунки Баҳром юртига кетишдан аввал уни огоҳ этар, хайрлашмасдан кетмасди.
* * *

Бу билан фақат тўйимизни тезлаштирган бўламиз, Муштарий!
— Мени аҳмоқ деб ўйламанг! Мен ҳақимда уйингиздагилар билишадими, ўзи?
— Нимага билишмас экан?
— Мен ҳаммаси рози-ризочилик билан бўлишини истайман!
— Нима фарқи бор, тўйдан олдинми, кейинми?
— Жудаям фарқи бор-да...
— Ахир бир-биримизни севамиз-ку! Мени севганингизда йўқ демасдингиз.
— Бир-биримизни тушунолмаймиз шекилли, ахир ўзбекчиликда бу нарса қораланади-ку.
Ҳар галги учрашувлари деярли шу тахлитда бошланиб, шу тарзда тугар, иккиси ҳам ўз фикрида собит қолганича бир-бирига маъюс термулишарди. 
Муштарий ўзининг муҳаббат бобидаги ўлчовларини Баҳромникидан анча устун деб билар, қиз боланинг келин бўлиб тушажак хонадонда юз-кўзи ойнадек ёруқ ва равшан юриши фақат иффат масаласига боқлиқ эканлигини давраларда, гурунгларда кўп бора эшитганди. Баҳром эса тутган жойидан кесишни мўлжаллар, унинг назарида ишқий кечинмалар йигит-қизнинг қовушиши билан давом этиши керакдек эди.
У жимжит хиёбонда Баҳром билан сайр қилганларини, унинг пинжига кирганларини эслаб, юраги энтикди. Ул ширин лаҳзалар энди қайтиб келмайди. Баҳромнинг кузатуви остида ётоқхонага мамнун кириб келган дамларда эшик оқаси қатъий тартибга кўра йигитларни бу ерга киритмас, баъзан у ялиниб-ёлвориб кирмоққа изн сўрар, аммо бир-биридан қайсар кампирлар ҳеч қачон қоидага хилоф иш қилишмасди. Муштарий у билан эшик олдида хайрлашишни маъқул кўрарди. Очиқини айтганда, Баҳром ҳалиги таклифни айтавериб тинчлик бермагани боис юрагида аллақандай қулқула яшарди. У кетгач, қиз Баҳромнинг юриш-туришини, қилиқларини, сўзларини эслар, бари-барида ўзига нисбатан талпинишнинг белгиларини кўргандек бўлса ҳам негадир кўнглининг бир чети қашлигича қоларди.
Муштарий бирдан сергак тортди. Кимдир уни йўқлаб келганга ўхшайди, отини айтаётган ким, жуда Баҳромнинг овозига ўхшар экан. Қиз пастга қаради, хиёбонда икки-уч талаба қиздан бошқа ҳеч ким кўринмайди. Шундагина у қулоқларига Баҳромнинг овози маҳкам ўрнашиб қолганини, уни унутолмаётгани учун ҳам хаёлида ўша дамларни қайтадан тиклашга уринаётганини сезди.
— Менимча, сиз бошқа йигитлар билан ҳам юрган бўлсангиз керак!
Муштарийнинг юзига кимдир шапалоқ тортиб юборгандек бўлди. Баҳром шу гапни ўйлаб айтаяптими?
— Тушунмадим, нега бундай деяпсиз?
— Агар фаришта бўлганингизда менинг гапимни икки қилмай кўнардингиз.
— Кўндим дейлик, кейин нима бўлади?
— Тўйимизни ўтказамиз, очиғини айтсам, ота-онам узоқдан қиз олиб боришга рози бўлмаяпти. Агар шундай қилсак, кўнмасдан иложлари йўқ.
— Менинг ўрнимда ўзингиз рози бўлармидингиз?
— Буни ўйлаб ҳам ўтирмасдим.
— Бекор гап, сиз мен, мен эса сиз эмасмиз, қолаверса, қиз боланинг тақдири сиз ўйлаганчалик ўйинчоқ эмас...
— Шунақа денг, мен иккимизни бир одам деб ўйлаб юрган эканман!
— Калта хулоса чиқарманг, мени жуда қийнаб юбордингиз, нима истайсиз ўзи?
— Бирга бўлсак бас.
— Бунинг мавриди бор, ахир!
— Барибир менга тегасиз-ку!
— Бошқа йигитлар билан юраркан, деган шубҳангиз борми?
— Бунга ўзингиз замин яратяпсиз.
— Ахир тушунсангиз-чи, мен бундай қилишни истамайман, расм-русум деган гаплар бор, ахир.
— Мен сизни ҳимоя қилишга тайёрман дедим-ку!
Бунчалик қийин-қистовга олишнинг замирида қандай муддао яширин эканига Муштарий барибир тушуна олмасди. Бу чиндан ҳам севишини исбот қилишга уринишми ёки ўзининг эркаклик ҳирсини қондиришга бўлган хоҳиш-истакми? Муштарий ҳар икки ҳолат учун ҳам бу таклифни рад этар, қиз боланинг юки ҳаётда нақадар оғир эканлигидан, буни йигитлар ҳеч қачон ҳис қила олмаслигидан ўкинмоқда эди. Мунозарани узилган жойидан Баҳром улади:
— Нима учун менинг таклифимга кўнмаяпсиз? Бу билан менга ҳам ўзингизга ҳам ишонмаяпсиз.
Муштарий бошини эгди, негадир ўпкаси тўлиб йиғлаб юборди. Баҳромнинг кўксига бош қўйгиси, юрагидан тўлиб-тошаётган гина-кудуратларини тўкиб солиб, унинг қарорини ўзгартиргиси келарди. Йигит Муштарийни ўзига тортди, қиз вазиятни юмшатиш ниятида чуқур хўрсинди. Зоҳиран олганда, нимаси биландир унга ёқиб қолган йигитдан биргина талаби учун юз ўгириб кетиш ўзига қимматга тушишини идрок этар, меҳр масофасининг ана шу келишмовчилик туфайли қисқариб, ўрнини нафрат эгаллашидан чўчирди. Қиз шу лаҳзада Баҳромнинг пинжига батамом кириб кетишдан ўзини тийди. Эҳтиёткорона, журъатсиз бир тарзда унинг қўлтиқидан тутди. Баҳром қўлини унинг елкасидан оширди.
— Биламан, сиз ҳам мени яхши кўрасиз...
Муштарий ўзини унга ҳам руҳан, ҳам жисман боғланиб қолганини муҳаббат деб эътироф этишга мажбур этди. Азал-азалдан шундай, юрак-юракка талпинса, буни севги деб баҳолайдилар. Муштарий Баҳромнинг қўлида кечалари бедор тўлқонишини, у ҳақда мудом ўйлашини қандайдир ўткинчи ҳиссиёт деб билмасди. Кундан кунга кўнгилнинг кўнгилга тобора боғланиб боришини кўпчилик қатори у ҳам севги деб тан олишга мажбур эди.
— Демак, мен билан дунёнинг нариги чеккасига кетишга ҳам розисиз?
— Яна ўша эски гапми?
— Йўқ, таклифим бутунлай бошқача, бугун энг яқин жўрамнинг туғилган куни, яхши кўрган қизимни олиб келаман деб ваъда берганман!
— Кеч бўлиб қолди-ю...
— Ўзим олиб келиб қўяман!
Муштарий ўйлаб кўриб бир қарорга келгунча бўлмай Баҳром такси тўхтатишга улгурди. Қиз каловланди, қаршилик кўрсатиб, ҳайдовчига томоша бўлишдан уялди. Аммо сал ўрнашиброқ ўтириб олгач, «бораману қайтаман» деб шарт қўйди. Баҳром бош ирқаб қўйди.
Ўйин-кулгу ҳазил-мутойиба ва илтифотларга Муштарий деярли аралашмас, бу ерни тезроқ тарк этишни мўлжалларди. Баҳром эса кайфи ошиб қолганидан ҳадеб уни қучоқига тортар, гўёки кўпчилик даврасида ўтирганини унутгандек эди.
— Мана шу қиз меники, — деб қолди Баҳром давра сал жимиган пайтда.
Муштарий ўнқайсизланиб, Баҳромни бир туртиб қўйди. Йигит ёнма-ён, юзма-юз ўтирган курсдошларига уни кўз-кўз қилишни истарди шекилли, одоб доирасидан чиқиб, қўлини Муштарийнинг елкасидан оширди. Қизга унинг бу қилиқи ёқмай қўлини оҳистагина тушириб қўйди. Гўёки меҳмону мезбонлар уни кузатаётгандек бўлиб, ўрнидан туриб кетишга тараддудланди.
— Зерикдингизми, юринг унда тансага тушамиз! — Баҳром яна қўлини унинг елкасига ташлаб даврага тортди.
Муштарий уни силтаб ташлади.
— Кетишим керак, — деб саросималанди.
Даврада ҳазин тарона янграр, қиз-йигитлар бир-бирларининг пинжига кириб кетгудек куйга мос равишда тебранишар, бундай давра ёшларнинг жону дили эди. Муштарийнинг кетишга шайлангани, Баҳромга ёқмади.
— Кетамиз дегунча жуда кеч бўлиб қолади, тушунсангиз-чи. Кузатиб қўяман дедим-ку, ишонмасангиз нега келдингиз? — Баҳром кайфи ошиб қолганидан сўзларни чўзиб талаффуз қилмоқда эди.
Муштарийга унинг иддаоси ёқмай Баҳромга қаради ва йигитнинг кўзидаги фавқулодда қаҳрдан чўчигандек, нигоҳини бошқа нуқтага бурди. У ҳам қизиққонлик қилса, вазият кескин тус олиши аниқ эди. Қиз мумкин қадар муроса оҳангида деди:
— Мени тўғри тушунинг, кеч қолсам хонага киргизмай қўяди?! 
— Бир кеча минг кеча бўлмайди, мана курсдош қизлар, хоҳласангиз уларнинг хонасига кириб ётаверасиз!
Қиз оёғи тортмай беихтиёр унга эргашди. Баҳром ширакайф бўлса-да, қалабага эришганидан мамнун ҳолда гандираклаб қизни кетидан эргаштириб борарди. Аввал Муштарий, ташқарига чиқамиз, у мени ўз ётоқхонамга элтиб қўяди, деб ўйлади. Кейин Баҳром гандираклаб, уни ўз хонаси томон судраётганини сезди. Йиқилишига бир баҳя қолган пайтда Муштарий унинг қўлтиқидан тутишга, мувозанатини бир амаллаб сақлаб қолишга муваффақ бўлди.
— Қаёққа кетаяпмиз?
— Пулимни олиб чиқай, ахир менинг қандай жойда яшашимга ҳам қизиқмайсизми? — дея Баҳром қизнинг иккиланишига ҳожат қолдирмади.
Тўртта каравот қўйилган хона бурчагидаги шкафнинг эшиги қия очиқ бўлиб, шим ва кўйлаклар сақланар, стол устида сарғайиб кетган пиёлалар, нон ушоқларининг сочилиб ётиши, кишида нохуш таассурот қолдирарди. Сирасини айтганда, аёл кишининг қадами етмаган бир хона. Хонага сигаретанинг бадбўй ҳиди ўрнашиб қолганидан Муштарийнинг нафаси бўғилди, қўли билан бурнини бекитиб олди. Хиёл кайфи тарқаган Баҳром эшикни ичкаридан бекитди.
Муштарий қандай воқеа рўй беришини сезиб қўрқиб кетди. Ички бир куч ундовида қўлини эшикка олиб борди. Бироқ шу заҳоти Баҳромнинг забардаст қўллари уни каравотга тортқилай бошлади. Қиз силтаниб, Баҳромни итарди. Аммо у ожизалигига борар, қаршилик кўрсатиш бефойда эканлигини билса-да, таслим бўлишнинг оқибати нима билан тугаши аёнлигини сезиб Баҳромни бор кучи билан итарар, тенгма-тенг олишишга мадори етмай, тез-тез нафас олмоқда эди.
— Тегманг, қўйворинг мени, истамайман, истамайман!
Муштарий Баҳромнинг қучоқида балиқдек типирчилар, тинмай қичқирарди.
— Муштарий, сени севаман, қўйвормайман!
Қиз, Баҳром ўзини сенлаётганидан кўнгли ийган бўлди-ю, содир бўлиши кутилаётган воқеани ўй­лаб, юраги орқасига тортиб кетди.
— Қўйворинг, қўйворинг дейман, ёрдам беринглар, ёрдам беринглар! — Қизнинг бўқзидан пайдар-пай отилиб чиққан фарёд бутун бинони зириллатиб юборди. Буларнинг бари севги саргузаштининг давоми сифатида қачондир, қандайдир вазиятда амалга ошиши муқаррар бўлса-да, Муштарий шу тобда Баҳромнинг чангалига тушишни истамасди.
— Агар шу ишни қилсангиз... ўзимни ўзим ўлдираман. Менинг умримга зомин бўлишни истасангиз, майли... барига розиман.
Баҳром ҳамон уни қўйиб юбормас, дилига тугиб юрган режасига алоҳида ҳозирлик кўрганини исботламаса, юзи шувит бўладигандек бир алпозда эди.
— Қўйворинг мени, сизни севмайман, севмайман! Билдингизми?!
Баҳром қўққисдан айтилган ёқимсиз гапдан ҳушёр тортган каби ўзини ўнглаб олди. 
— Шунақами, демак мени алдаб юрган экансан-да, мегажин!
Муштарий йигитнинг тисарилганидан қувонишини ҳам, хафа бўлишини ҳам билмай ўрнидан турди ва қовун тушириб қўйганини англади ва ўксиб-ўксиб йиғлай бошлади. Баҳром уни юпатишга уринмади ҳам. Унга ана шу сўз етарли бўлди шекилли, оёқ кийимини ҳам ечмай каравотга ўзини ташлади. Муштарий мияси карахтлангандек ўтирар, жозибадорлигидан асар ҳам қолмаганди. Нега бу ерда ўтирибди, оралари очиқ бўлди-ку, чиқиб кетаверса ҳам бўлади. Аммо қаёққа ҳам боради? Ҳеч ким уни кутаётгани йўқ, ҳамхонаси Ҳурматойнинг уйқусини бузиб нима қилади? Ютиб юборгудек сукунат Муштарийнинг аъзойи-баданини ўртагандан ўртарди.
...Муштарий хонасига қайтиб чиқди. Юрагига ҳеч нарса — на китоб ўқиш, на оро бериш ва на хонани тартибга солиб қўйиш ҳам сиқмасди. Нега ҳам шу сўзни айтди ўзи? Юрак амрига қарши иш қилмаганини, аслида Баҳром юрса ҳам, турса ҳам ўзидан асло йироқлаша олмаётганини қа­нийди тушунтира олса! Ўзини энг қалтис ҳолатдан олиб чиқишига замин яратган сўзнинг тескариси эса ҳар томондан акс-садо бераётгандек эди.

Категория: МУЛОХАЗА | Просмотров: 1647 | Добавил: Ангелочка | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *: