Главная » 2009 » May » 11 » КЕЛИНГ БИР КУЛИШАЙЛИК!
12:40:31
КЕЛИНГ БИР КУЛИШАЙЛИК!
Доктор: - Бемор ўлиб қолибди. 
Бемор: - Қандай қилиб, ахир мен тирикман-ку... 
Беморнинг хотини: - Жим бўл, нима, сен доктордан ҳам яхши биласанми?
* * *
Бир микроб бошқа микробни учратиб қолиб:
- Мазанг йўқ кўринади, нима бўлди? - деб сўради.
- Менга яқинлаша кўрма, менга пенициллин теккан, - деб жавоб берди униси.
* * *
- Доктор, эсингиздами, бир йил бурун ревматизм билан оғриб ҳузурингизга келган эдим, ўшанда сиз захдан эҳтиёт бўлинг, деган эдингиз.
- Ҳа эсимда.
- Сиздан сўрагани яна олдингизга келдим. Энди ювинаверсам бўладими?
* * * 
- Сиз нима учун бу доридан ичмаяпсиз? - меҳрибонлик билан сўради врач.
- Жуда аччиқ экан.
- Ундай бўлса, маслаҳатим шуки, бу доридан ичаётганингизда ўзингизни гўё коньяк ичаётгандек фараз қилинг.
- Доктор, яхшиси мен коньяк ичиб, дори ичяпман, - деб фараз қила қоламан.
* * *
- Доктор, мен жуда тез семириб кетяпман, қандай маслаҳат берасиз?
- Ҳар куни бир неча соат қурилишда ишланг.
- Офарин, қурилишга эримни юбораман.
* * *
Бир семиз киши шифокордан сўради: 
- Озиш учун нима қилиш керак?
- Ҳар куни бир неча қути гугуртни сочиб юборинг, сўнгра биттадан териб олинг.
* * *
Бир аёл гўшт дўконига кирди:
- Менга уч килограмму етти юз эллик грамм гўшт беринг.
Сотувчи аёл айтган гўштни тарозида тортиб узатди.
- Йўқ-йўқ, менга гўшт керак эмас, уч килограмм етти юз эллик грамм гўштнинг қанча бўлишини кўрмоқчи эдим...
- Нега?
- Чунки мен яқинда шунча оздим.
* * *
- Шифокор шифокорга:
- Беморларнинг учдан бир қисмига ёмон пазандалар сабаб бўлади, мен шунга аминман.
- Фикрингизга қўшиламан, аммо беморларнинг учдан икки қисмига яхши пазандалар сабаб бўлади.
* * *
Бир куни Афанди қўлига олақаргани қўндириб кетаётган экан, одамлар ажабланиб сўрашибди:
- Мулла афанди, одамлар беданага, бургутга, лочинга, тўтига ишқибоз бўлишади. Сиз нега қарғани кўтариб юрибсиз?
Афанди дарров жавоб қилибди:
- Одамлар қарға икки юз йил умр кўради, дейишади. Шу гапнинг рост ё ёлғонлигини синаб кўрмоқчиман.
* * *
Бир арақхўр қўшнисига шикоят қилди: 
- Одамлар жуда ноинсоф-да, тунов куни тўйдан келаётган эдим, биттаси қўлимни босиб олди.
* * *
Кечаси бир маст киши уйим деб ўйлаб, симёғочни тақиллата бошлади. Шу пайт полиция хизматчиси маст кишининг олдига келиб, кинояли оҳангда сўради:
- Нима қиляпсиз, ўзи? Кўрмаяпсизми, ахир уйда ҳеч ким йўқ-ку!
- Ҳеч ким йўқ бўлса, нега иккинчи қаватда чироқ ёниб турибди?
* * *
Дорихонада бир киши сотувчидан сўради: 
- Оқ соч учун сизда бирор нарса борми?
- Албатта-да, чуқур ҳурмат бор!
* * *
Бир аёл машҳур, лекин кўримсизроқ бўлган композитордан сўради:
- Кечирасиз, сўраганнинг айби йўқ. Нега шунча ёшгача уйланмай бўйдоқ юрибсиз?
- Ҳеч қайси аёл менга турмушга чиқиш истагини билдирмади, - деди композитор. - Агар бирортасининг менга ишқи тушиб қолганда ҳам, мен у аёлга дидсизлиги учун уйланмаган бўлардим.
* * *
Мистер Браун эрталабки газетада ўзининг ўлганлиги ҳақидаги эълонни ўқиб, шу заҳотиёқ таниши бўлмиш Смитга телефон қилди.
- Хелло, Смит! Газетада менинг ўлимим ҳақидаги эълонни ўқидингми? 
- Ҳа.. Мен билан қаерда туриб гаплашаяпсан?
* * *
Хотин:
- Жонимга тегиб кетди бу “меники-меники” дейишларингиз. Қачон қарамай, менинг автомобилим, менинг радиоприёмнигим, менинг телевизорим, менинг креслом, менинг уйим деб гапирасиз. Ахир биз эр-хотин бўлганимиздан кейин, меники-сеники борми? Ҳамма нарса иккаламизники-да, ахир!.. Дарвоке, гардеробда ўралашиб нимани қидиряпсиз, ҳадеб?
Эр:
- Шимим-м, эээ, шимимизни қидиряпман!
* * *
- Елпиғичингиз неча пул туради? - сўради харидор.
- Мана буниси 1 сўм, ёнидагиси 1 сўму 80 тийин туради, - деди сотувчи.
- Бу нархлар уларнинг сифатига қараб қўйилган бўлса керак-а?
- Ҳа, 1 сўму 80 тийинлик елпиғич билан бемалол елпинса бўлади. 1 сўмлик елпиғични эса, шундай ушлаб туриб, бошингизни қимирлатишингиз керак бўлади.
* * *
Баджаҳл бир бадавлат киши тоби келишмай қолгач, дарров доктор чақиртирипти. Доктор келиб ундан:
- Нима бўлди, қаерингиз оғрияпти, сэр? - деб сўрабди меҳрибонлик билан.
- Нима бўлганлигини билиш сизнинг вазифангиз, - депти бадавлат киши тутоқиб.
- Ундай бўлса менга ярим соатга ижозат берсангиз, яқин ўртоғим, мол докторини чақириб келсам, фақат угина беморнинг шикоятини тингламасдан, диагноз қўя олади, - дебди доктор.
* * *
- Доктор, ростини айтинг-чи, мени даволай оласизми?
- Ҳа, албатта, статистиканинг маълумотига қараганда, бундай ҳолларда юз бемордан биттаси албатта тузалиб кетади.
- Нима-нима?
- Ҳавотирланманг, сеньора, сиз мен даволаган беморларнинг юзинчисисиз. Олдинги тўқсон тўққизтаси ўлган.
* * *
- Илтимос, доктор, тезроқ етиб келинг, эримнинг иситмаси 100 даражага чиқиб кетди, - тез тиббий ёрдамни чақирди ваҳимачи аёл.
- Унда ўт ўчириш командасини чақиринг.
* * *
Ёши қайтиб қолган бир жаноб меҳмонхонага қайтиб келиб, ёстиққа бош қўйишга улгурмаган ҳам эдики, эшикни биров тақиллатди. У эшикни очиб, гўзал бир хонимни кўрди.
- Кечирасиз, - деди аёл. - Мен янглишиб бошқа эшикни тақиллатибман, шекилли.
- Янгилишишдан ташқари, қирқ беш йил кечикиб ҳам тақиллатдингиз, - жавоб қилди жаноб.
* * *
Ўқитувчи: - Терлатадиган воситаларни санаб беринг.
Ўқувчи: Биринчиси - сизнинг саволингиз, жаноб профессор.
* * *
- Биласизми, доктор, сизнинг айтган дориларингиз фойда берди.
- Нима ҳам дердим. Баъзан шунақаси ҳам бўлади.
* * *
- Нега хомуш кўринасан?
- Нимасини айтай, дўстим, хотиним мен билан бир ҳафта гаплашмасликка қасам ичди.
- О, сенга қийин бўлибди-ку!
- Ҳаммасидан ҳам ачинарлиси шуки, дўстим, бугун ҳафтанинг охирги куни.
* * *
Ўқитувчи: - Зўр жанглардан қайсиларини биласан? 
Ўқувчи: - Жон деб гапириб берардим-у, лекин онам, уйдаги гап кўчага чиқмасин, гап ташиб юрма, деганлар-да!
* * *
Тингловчи лектордан сўради:
- Ҳозиргина ўз лекциянгизда тамаки чекиш соғлиқ учун тамоман зарарли, у заҳар, дедингиз. Шунака экан, нега энди ўзингиз тамакини бурқситиб чекаяпсиз?
- Биласизми, биродар, мен тамаки чека бошлаганимда лектор бўламан, деб сира ўйламаган эдим.
* * *
- Салом Эрика! Бунчалар чиройли бўлиб кетибсан. Бугун кечқурун бир учрашайлик.
- Майли, Герберт. Соат еттида.
- Герберт дейсизми? Ахир менинг исмим Герберт эмас-ку.
- Ҳечқиси йўқ. Мен ҳам Эрика эмас, Моникаман.
* * *
Бир куни дўсти Жон Мильтондан сўраб қолди:
- Катта қизингизни доим сизни қоралаб юрадиган танқидчига турмушга берибсиз. Шу гап ростми?
- Рост, - деди Мильтон. - Ахир ўша танқидчидан бир амаллаб ўч олишим керак эди-да!
* * *
Қулоғи оғирроқ бир аёл доктордан сўради:
- Кўрган ҳақингизга неча сўм берай?!
- Эллик шиллинг.
- Кечирасиз, яхши эшитмадим, етмиш шиллинг, дедингизми?
- Йўқ, хоним, олтмиш шиллинг.
* * *
Бир кекса киши ўз докторига мақтанибди:
- Биласизми, доктор, азизим, мен ичмайман, чекмайман, аёллардан узоқроқ юраман. Мен бекорчи гап билан шуғулланмайман. Кино ёки театрга ҳам бормайман, барвақт ётаман ва ҳеч қачон парҳезни бузмайман. Эртага мен саксон ёшимни нишонлайман.
- Тавба, саксон ёшнинг нимасини нишонлайди? – хайрон қолди врач.
* * *
Юсуф қизиқ билан Охун қизиқ кўл бўйида айланиб юришган экан. Бир ерга келганда Охун қизиқ деворга қараб тўхтаб қолибди.
- Ҳа, Охун, юр! - дебди Юсуфжон қизиқ.
- Э-э, бу ёққа келинг, уста – дебди, Охун қизиқ девордаги ёзувга ишора қилиб. - Мана пул топадиган жой! Эшитинг: “Ким чўкиб кетаётган одамни қутқариб қолса 50 сўм мукофот”. Зўр экан-а! Бир иш қилсак. Мен ўзимни сувга ташлайман-да, “дод” деб бақираман. Сиз эса қутқариб оласиз. Кейин 50 сўмни бўлиб оламиз. Бир кунда 10 марта чўкаман.
Юсуфжон қизиқ рози бўлибди. Охун қизиқ бир чуқур жойга ўзини ташлабди. Шўнғиб чиқиб:
- Ҳа, уста, ечиниб, ўзингизни сувга ташламайсизми! Чўкиб кетяпманку! - деб бақирибди.
- Чўкавер, чўкавер, - дебди Юсуф қизиқ. - Тагини ўқимаган экансан, чўккан ўликни олиб чиққан одамга 100 сўм мукофот экан.

Категория: Hajviya / Юмор | Просмотров: 2797 | Добавил: Ангелочка | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *: