Регистрация | Вход
[ Новые сообщения · Участники · Правила форума · Поиск · RSS ]
  • Страница 1 из 1
  • 1
Forum » So'zlashuv maydonchasi / Беседка » Islomiy.... » - Islom dinida "FARZAND" tarbiyasi
- Islom dinida "FARZAND" tarbiyasi
АнгелочкаДата: Shanba, 2009-04-11, 13:00:47 | Сообщение # 1
Admin Yordamchisi (AY)
Группа: Портал Патрул Модератори (ППМ)
Сообщений: 583
Награды: 11
Репутация: 11
Статус: Ketgan
- ИСЛОМ ДИНИДА ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ

Тарбия динимизнинг асоси ва мағзини ташкил этади. Динимиз одоб ва тарбияни савоб, тарбиясизликни гуноҳ ҳисоблайди. Инсонлар ҳой-ҳавасларга берилмаслиги керак. Чунки ҳой-ҳавас доимо Ҳақ ва ҳақиқатдан узоқлаштиради. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони каримни нозил қилиб, ҳақиқатларни баён этган ва ҳой ҳаваслардан одамзодни қутқариш йўлларини кўрсатиб берган. Агар инсонлар Аллоҳ зикридан узилиб, ҳой ҳавасга эргашса ботил йўлларга оғиб кетадилар. Илоҳий йўриқлар инсонларни куфр зулматидан ҳақиқатга, ҳақиқий нурга етказади.
Динимиз бешикдан қабргача фойдали илм ўрганишга буюради.
Инсон илм олиб, ўз билимларини мустаҳкамлаб бормас экан, бақувват ва эгилмас дарахтга айланолмай, нимжон, ожиз ниҳол каби қолиб кетади.
Бу масъулиятли ишнинг бошида ота-оналар туради. Ота-она куфр йўлидаги бўлмалар, аксарият ҳолларда фарзандларни ҳам шу ботил йўлларга тортиб кетадилар. Шу нуқтада насроний, яҳудий, маъжусий ва бошқалар асосий талқиндан узоқлашиб кетганлар. Шу сабабли Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир фарзанд аслида исломий фитрат билан туғилади, сўнгра ота оналарнинг таъсирида яҳудий, насроний ва мажусий бўлиб етишади”, дея марҳамат қилганлар.
Хуллас, фарзанд тарбиясида ота-онанинг ўрни жуда муҳимдир. Мўминлар инсонларни қандай нарcалар кофирликка бошлашини жуда яхши билганликларидан, ҳамда ҳақ динни фарзандларига ўргатишга уринадилар. Ота она фарзaндларини ёмонликка, куфрга бошласалар, ўзлари ҳам азобга, жаҳаннамга мустаҳиқ бўлурлар. Бундан сақланиш учун ота-она диний билимларни чуқур ўрганиб, фарзандлари қалбига сингдиришга ошиқади. Фарзанди туғилиши билан боланинг онг шуурига Аллоҳнинг бирлиги ва Унинг элчиси Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатларини сингдириш нияти билан ўнг қўлоғига азон, чап қўлоғига эса такбир айттирадилар.
Азон инсонларни Аллоҳга ибодат қилишга чоғлайди.
Инсонлар руҳ оламидаёқ Аллоҳнинг бирлигини тан олганлар, вужуд (тан) оламига келгач ҳам қисман тасдиқ этадилар.
Ота-она боланинг ёшига қараб, фикрлай олиш, тушуна олиш қобилиятига қараб, диний ва дунёвий билимлар бериб бориши лозим. Инсонлар моддий ҳаётда ҳар етти йилда бир даврни босиб ўтадилар. Илк босқич – етти ёшга қадар бўлган давр “субён” даври ҳисобланади. Бу давр ҳали руҳ вужуддаги мураккаб жараённи идрок эта олмайдиган бир даврдир. Етти ёшдан ўн тўрт ёшгача бўлган иккинчи босқич – “болалик” давридир. Бу босқичда боладаги ақл, фаҳм-фаросат, дунёқараш доираси аввалги даврга нисбатан анча кенгайган бўлади. Ўн тўрт ёшдан йигирма бир ёшга қадар “ёшлик” даври. Йигирма саккиз ёшгача бўлган давр эса “навқиронлик” босқичи, ўттиз беш ёшгача “ўрта ёш даври”, қирқ икки ёшга қадар юксак тажрибалар билан камолга эришиш – “камолот даври”, қирқ тўққиз ёшдан эллик олти ёшга қадар бўлган давр “кексалик”, олтмиш уч-етмиш ёшгача “интиҳо” (“сўнг”) босқичи номини олган.
Ушбу босқичларда инсонлар турли синовлар ва машаққатли йўлларни босиб ўтадилар. Ҳар бир даврда ўзига хос синовлар бўлади. Бу имтиҳондан баъзилар гоҳи билим ва имонларига таяниб, нафсларини енгиб, руҳ ва тан камолотига эришадилар, баъзилар эса, Аллоҳ асрасин, ботил туйғулар оғушида қолиб, куфрга кетадилар.
Қуйида биз фарзанднинг илк етти ёшгача бўлган даврида ота-она зиммасидаги вазифалар хусусида сўз юритмоқчимиз.
Инсон бу ёруғ оламга келиши билан илм меҳру муҳаббатни онадан кўради. У она қўчоғида шафқат ва марҳаматга кўмилиб улғаяди. Аллоҳ барча оналар қалбини буюк бир илоҳий меҳрга тўла қилиб яратган. Шу сабабли фарзанд онасига, она фарзандига мустаҳкам илоҳий ришталар билан боғланади. Шу сабабли ота-оналар фарзандларига нисбатан илоҳий ҳис туйғулар оғушида яшайдилар. Фарзандларини ўз ҳою-ҳавасларига берилмасдан, қунт билан тарбиялашга интиладилар. Чунки болалар ҳаёт қонуниятларини англаб етолмаслиги сабабли яхшини ёмондан, оқни қорадан ажрата олмайдилар. Оловни нур ҳисоблаб, қўлларини оташга узатадилар. Ота-она зиммасидаги вазифа оловга чўзилган қўлларни ёнишдан қутқармоқ. Бунинг учун ҳақ ва ҳақиқат йўлини меҳр билан, ширин сўзлар воситасида, ҳадиси шарифлар, ибратли ривоятлар ва ҳикоятлардан мисол келтириб, англатмоқ лозим. Болалар асло ўз ҳолига ташлаб қўйилмаслиги керак. Йўқса улар ҳаётда кўп хатоликларга йўл қўйиб, кўп адашадилар.
Боғбон боғ яратишда қанчалик кўп меҳнат қилса, ота-оналар фарзандларини моддий ва маънавий тарбия бериб, камолга етказгунча, ундан-да кўп меҳнат сарф қиладилар.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада ота-оналарга:
“Фарзандларингизга гўзал хулқ атвор ўргатингиз, уларни ўз ҳолларига ташлаб-ю, ҳой-ҳавасларга берилиб кетишларига йўл қўймангиз”, деб марҳамат қилганлар.
Қуйидаги ҳадиси шарифда ота-оналарнинг фарзандлар билан қандай муомалада бўлиши ҳақида хабар берилган: “Ҳеч бир ота-она фарзандларига гўзал тарбия ва яхши одобдан ортиқ бир туҳфа инъом этолмайди”. Демак, ота-онанинг фарзандига берган яхши тарбияси энг буюк неъмат экан.
Фарзандлар ота-оналаридан гўзал диний тарбия, билим олиб камолотга эришадилар. Моддий озуқа инсонга қанчалик лозим бўлса, маънавий озуқа инсон ақлини, руҳиятини юксалтиришда, дунёни билиш, Ҳақни таниш ва ҳақиқатларни англаш қобилиятини ўстиришда шу қадар аҳамиятлидир.
Бола илк бор оламни идрок эта бошлаганида, аввало, ота-онаси билан муомалага киришади. Бу пайтда ота-она болага барча нарсани Аллоҳ яратганини, Унинг яккаю-ягоналигини, шериги ва ўхшаши йўқлигини билдириши лозим. Шунда фарзандар бу дунё неъматини англаб бориш билан бирга, ота-онасини, ўзи яратган Аллоҳни таниб, севишни ўрганади. Бу севги туфайли бола кечалари сон-саноқсиз юлдузларга боқиб, мафтун бўлади, кундузлари қуёш нури, оқар сувлар, ранго ранг чечаклар, қанот қоқиб учаётган қушлар унинг соф покиза қалбида гўзал ҳис туйғулар, ҳаётга муҳаббат уйғотади. Ҳаётни севаркан, ота она фарзандига оламни, бу гўзалликларни яратган Аллоҳни севишни доимо уқтириб бориши керак.
Фарзандлар қалбида Аллоҳга муҳаббат, итоат каби буюк ҳислар уйғотиб, Уни севдирган ота-она Аллоҳнинг ҳам муҳаббатига сазовор бўлади. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳни бандаларига севдиринг, Аллоҳ ҳам сизни севади”, дея марҳамат қилганлар.
Боланинг ёшига ёш қўшилиши билан унинг дунёқараши, фаҳм-фаросати, фикрлаш доираси кенгайиб боради. Етти ёшгача болада “гўдаклик” даври ҳукм суради. Бу даврда ота-она боланинг саломатлигига масъулдир. Уни кийим-кечак, озиқ-овқат ва бошқа барча зарур нарсалар билан таъминлайди.
Болага асл тарбия етти ёшдан ўн тўрт ёшгача бўлган “болалик” босқичида берилади. Ота-онанинг ўз вазифаларини сидқидилдан бажариши, айниқса, ушбу даврда катта аҳамиятга эгадир. Чунки одоб-ахлоққа пойдевор шу даврда ҳозирланади. Бола бу босқичда тақлидчи бўлади, ота-онасидан, атрофдагилардан ўрнак олишга интилади, уларга тақлид қилади.
Бола бу босқичда воқеа ҳодисаларни худди суратга туширгандек ёдида сақлайди. Диний ва дунёвий воқеа-ҳодисаларга ишончни уларнинг қалбига шу даврда сингдириш керак. Худди шу даврда бола таҳорат олиш қоидалари, намоз сабоқларини ўрганиши лозим бўлади.
Болага Аллоҳ буюрган ва қайтарган амаллар тушунтирилади. Гуноҳ ишларга қўл урмаслиги учун Аллоҳнинг қайтарганларини такрор такрор айтилади. Бу давр боланиннг балоғатга қадам қўйиш даври бўлгани учун улар билан муомалада эҳтиёткорлик зарур. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифда ўн ёшга етган қиз шу ёшдаги ўғил болалар хонасида ётмасин, деб буюрганлар. Чунки бу пайтда уларнинг ҳис-туйғулари аланга олиши, болалар бир онда нафс, шаҳват домига тушиб қолишлари мумкин.
Боланинг куч қувватга тўлиб, ўсиб ўлғайиш даври учинчи босқичдир. Бу ривожланиш босқичи ўн тўрт ёшдан сўнг бошланади. Бола энди “ёшлик” босқичини босиб ўтади, бутун вужуди камол топади, тани қувватга тўлади. Агар олдинги босқичларда бола қалбига Аллоҳга имон ва муҳаббат, Унинг қаҳрига қолишдан қўрқув ҳисси чуқур сингдирилган бўлса, ушбу муҳим босқичда фарзанд етук имон эгаси бўлиб етишади, гўзал хулқ-атвори билан муносиб ҳаёт йўлини танлайди. Чунки имон нақадар мустаҳкам бўлса, ихлос ва солиҳ амаллар ҳам шу қадар юксак бўлади.
Сўнгра “навқиронлик” даври бошланади. Қиз болаларнинг қонлари жўш урган пайт шу босқичга тўғри келгани боис буюкларимиз бу даврни “қиз даври” даб ҳам аташган.
Илк икки даврда ҳозирланган имон қуввати, Ҳақ ва ҳақиқат хусусидаги билимлар ва “ёшлик” босқичидан олинган гўзал ҳис туйғулар бу даврга етук инсон бўлиб қадам қўйиш омилидир.
Ота она бу давргача фарзандлар тарбиясига бепарволик қилган бўлсалар, фарзандлар ҳар турли гуноҳларга юз бурган, турли ёмонликлар ва жиноятлардан ҳам тап топтмайдиган ахлоқсиз инсонлар бўлиб қолишади. Ота оналари шу давргача болалари қалбига имон эътиқод туйғусини сингдирган бўлсалар, фарзандлар бу даврда ўзларини ўнглаб олган, ҳар турли нафс балоларидан юз бура олувчи, хайрли ишларга бош бўла оладиган солиҳ ва комил инсонлар бўлиб шаклланадилар.
Бу давр ҳар бир ота она учун фарзандларга насиҳат бериш чоғидир. Фарзанд бу даврда ҳар бир масала хусусида ота она маслаҳатига муҳтож бўлади. Шу боис бу ўринда буюкларимизнинг фарзандларига қилган насиҳатларидан мисоллар келтирамиз. Қуръони каримда Луқмони Ҳакимнинг ўғлига шундай маслаҳат қилганлари келтирилган:
Луқмон сураси 13-оят мазмуни:
«...Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирма. Албатта, ширк катта зулмдир».
Луқмон сураси 16-18 оят мазмуни:
«Эй ўғилчам, албатта, у(амал) агар ачитқининг бир дона уруғича бўлсаю у бир қоя тош ичида ёки осмонларда ёхуд ерда бўлса ҳам, Аллоҳ уни келтирур. Албатта, Аллоҳ ўта лутфли ва ўта хабардор зотдир.
Эй ўғилчам, намозни тўкис адо қил, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ва ўзингга етган мусибатга сабр қил. Албатта, булар азм этилажак ишлардандир.
Одамлардан такаббурла юз ўгирма ва ер юзида кибр-ҳаво ила юрма. Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас.”
Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу ана шу босқичда ўғлига шундай насиҳат бергани ривоят қилинади:
“Эй ўғлим Ҳасан! Жамоат йиғилган жойда юмшоқ табиатли бўл. Мулойимлик энг яхши дўст, энг яхши ҳамроҳдир.
Эй ўғлим Ҳасан! Кўргулик ва мусибатлар қаршисида сабр-қаноатли бўл, бу гўзал сабринг туфайли буюк натижаларга эришасан.
Эй ўғлим Ҳасан! Ваъдага вафо қилгин. Аҳдингни асло бузмагин, шундагина қалбинг энг покиза шарбат ичгандек лаззатланади.
Эй ўғлим Ҳасан! Аллоҳ берган ҳар бир неъмат учун шукронлар айтсанг, Аллоҳ сенга яна бир тотли неъматлар ато этади.
Эй ўғлим Ҳасан! Нафсингни жиловлай бил, қалбинг Аллоҳ муҳаббати билан тўлсинки, энг юксак даражотлар соҳиби бўлгайсан.
Эй ўғлим Ҳасан! Ризқингни доим ҳалолдан изла, ҳалол ризқда барака мўл бўлади.
Эй ўғлим Ҳасан! Дўстинг ҳаққини вожиб бил. У хайрли бир ишда ёрдамга муҳтож бўлса, дарров ҳожатини чиқар.
Эй ўғлим Ҳасан! Ота онангни ҳурмат қил. Ота онангга ва тақво аҳлига, қўшниларга, дўст ёрларингга доимо ёрдам қўлини чўз”.

Ҳазрати Али тарбия хусусида: “(Кимнинг ва) қандай одамнинг фарзанди бўлсанг ҳам, одоб тарбия ўрган. Гўзал хулқ сени бошқа залолатларга дучор этмас”, дея марҳамат қилганлар. Чунки инсоннинг борлиғи, юксалиши тарбия ва одобдан иборатдир. Ҳаётда тарбия кўрмаган инсон ҳаёсиз бир ҳайвон кабидир. Зеро, инсон ўзининг фаҳм-фаросати, ақли, ҳаёси ва билими билан бошқа жонзотлардан, жумладан, ҳайвонлардан фарқланади. Ўтган барча улуғ мутафаккирлар Ислом динисиз, тарбия ва одоб мукаммал бўлмаслигини таъкидлаганлар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам энг юксак одоб, тарбия ва гўзал хулқ соҳиби сифатида бутун инсониятга олий ўрнакдирлар. Ҳазрати Али разияллаҳу анҳу асолатнинг асли наслда эмас, таълим ва тарбияда эканини айтганлар. Масалан:
“Эй қавми уруғи билан ифтихор этган тарбиясиз одам, қавмингнинг асолати сенга фойда бермас. Ҳақиқий инсон ўзлигига ишонади, “отам фалончидир” деб мақтанмас”, дея марҳамат қилганлар.
Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу ўғилларига ақлдек мол-дунё, гўзал хулқ каби яхши дўст, таълим-тарбиядек мерос, тавфиқи илоҳийдек раҳбар, илм каби шараф йўқдир, жамоатни тарк этган ҳақиқатга етолмас, дея уқтирганлар. Яна шундай насиҳат қилганлар:
“Иқтисод билан оз нарса кўпаяди, исрофгарчилик эса кўпни ҳам озайтиради. Қаноатли киши фақирликда ҳам хўрдир. Илм ҳар доим ҳокимдир, мол-дунё унга тобеъдир. Мол бир куни маҳв этилади, илм эса шараф келтиради. Кимдир шахсан сизга адоват қилса, афв қилинг, аммо миллатингизга қилинган зулм адоватни асло кечирманг. Ёлғизликда ва яширинча ёмонлик қилаётган бўлсанг ҳам бу зулимимни ҳеч ким кўрмайди, деб ўйлама, билки, сени кузатиб турувчи Зот бор. У Аллоҳдир. Аллоҳнинг ғазабидан қутулиб қолган золим йўқдир
Қийинчиликларга бардош қилсанг, истиқболга эришасан. Жоҳиллар билан суҳбатда бўлма, илм ол, илм даражаси мартабаларнинг энг юксагидир. Ҳар кимнинг қадри қилган яхшилиги билан ўлчанади. Ноҳақ одам олдида бош эгма. Акс ҳолда ҳурматинг билан бирга ҳаққингни ҳам йўқотасан. Ҳаддини билган ҳалок бўлмас. Сиҳат саломатликдан ҳам яхшироқ роҳат фароғат топилмайди. Мусулмонликдан юксак шараф йўқдир.
Уч тур одам сенга дўст бўлади: сенга дўст бўлган киши; сенинг дўстингга дўст инсон; душманингга душман киши ҳам дўстдир.
Душман ҳам уч хил бўлади, яъни сенга душман бўлган одам; дўстингга душман киши ва душманингга дўст инсон. Сен улар билан кўп сўзлашма, кўп сўзга ёлғон аралашади.
Ҳар нарса маҳв бўлади, аммо яхшилик маҳв бўлмас. Фақат ўз манфаатини ўйлаган саодатга етолмас”.
Ҳазрати Али разияллаҳу анҳу умрининг сўнгги кунларида ўғилларига шундай насиҳат қиладилар:

Эй ўғилларим Ҳасан ва Ҳусайн! Оила аҳлим, дўст ёрларим!...васиятномам қўлига тушган қардошларим!.. Васият этиб дейманки, аввало, қалбингизни Аллоҳга итоатли қилинг. Ихлос билан ибодат қилинг. Шунда сизни гўзал оқибатлар кўтади. Мўмин мусулмон бўлиб дунёни тарк қиласиз.

Қуръони каримга ёруғ юз билан, меҳр билан боқинг. Амалда бир-бирларингизни камситманг. Расулуллоҳ с.а.в. икки мўмин орасида аразлашув пайдо бўлса, дарҳол ислоҳ этишни, яраштиришни буюрганлар. Токи ораларида гина кудурат қолмасин. Бундай ислоҳингиз умр бўйи ўқиган намозларингиздан ва тутган рўзаларингиздан ҳам хайрлидир.
Дўсту ёр, ақраболарга ҳурматда-илтифотда бўлинг. Дунёга майл этманг. Йўқотган ёки бировга берган нарсангизга ачинманг. Рост сўзланг, етимларга шафқат кўрсатинг. Золимларга доимо хусуматда бўлинг. Аллоҳнинг Китобига ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилинг. Ҳеч бир кимсанинг бу хусусдаги ёлғон сўзларидан қўрқманг. Шунда жаннатга осон эришасиз, ғам-алам нелигини билмайсиз.
Аллоҳдан қўрқинг, етимларни ҳаққини муҳофаза этинг. Аллоҳдан қўқрқинг, қулингизни норози қилманг, ҳаққини беринг. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам менга шундай васият қилганлар. Қўръонга муносабатда Аллоҳдан қўрқинг, яхши, савобли амаллар қилишда бир бирингиз билан ким-ўзарда бўлинг. Аллоҳдан қўрқинг, намоз ўқинг. Зеро, намоз динимиз устунидир. Дин намоз билан қоимдир. Аллоҳдан қўрқинг, имкони борича масжидларга бориб, жамоат билан намоз ўқинг.
Муборак Рамазон ойларида рўза тутинг. Зеро, рўза жаҳаннамдан қутқара оладиган қалқондир. Аллоҳ йўлида нафсингиз билан доим курашда бўлинг.
Фуқаронинг ҳаққи бўлган закотни вақтида беринг, зеро, закот Аллоҳ таолонинг ғазабидан паноҳ беради. Аллоҳдан қўрқинг, Расулуллоҳ Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга ҳурматда бўлинг. Зеро, саҳобалар ва аҳли байтга ҳурмат ва таъзимда бўлиш хусусида илоҳий ваҳий тушган. Аллоҳдан қўрқинг, фақир ва йўқсил (камбағал)ларга яхшилик қилинг.
Ўзингизда бўлган нозу-неъматлар билан (одамларни) сийланг. Аллоҳдан қўрқинг. Раҳбар бўлсангиз, қўл остингиздаги кишиларга ҳурмат ва рағбатда бўлинг. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам умрининг сўнгги дақиқаларида уч сўзни такрор-такрор таъкидлаб айтдилар:
Биринчиси намоздир. Иккинчиси идора этилаётган кишилар, етим-есирлар, бева-бечоралар, қуллар, жориялар ҳақларининг муҳофазаси ва сўнгги шайтони лаин йўлига кирмай, ҳамиша рост сўзлашдир. Агар гапириш лозим бўлса, Аллоҳнинг амрига мос тарзда бандаларга фақат рост сўзлар айтинг, Аллоҳ амрларини англатинг. Насиҳатларимни унутманг. Акс ҳолда кўп фалокатларга учрайсиз. Қилган дуоларингиз ижобат бўлмас. Ўрталарингизда қариндошлик (дўстлик) ришталарини мустаҳкамлаш учун силаи раҳмни унутманг. Доимо бир бирингизни йўқлаб туринг. Савоб ишларда бир бирларингизни қувватланг. Гуноҳ ишларга яқинлашманг. Аллоҳдан қўрқинг, Аллоҳнинг азоби шиддатлидир.
Авлодларим! Мен сизни Аллоҳга омонат топшираман. Аҳли жамоатингизга салом ва ҳурмат билан сизларга Аллоҳнинг раҳмати ва барокати ёғилишини тилаб қоламан”.
Ҳазрати Али разияллоҳу анҳунинг ушбу ўгитларидан ҳар бир ота-она хабардор бўлиши ва фарзандларига насиҳат беришда улардан ўрнак олиши даркор. Фарзандларига исломий гўзал исм қўйиш, яхши таълим тарбия бериш ота-онанинг бурчидир. Уларни едириб-ичириш, келажаги ҳақида қайғуриш, истиқболи учун беғараз ёрдам кўрсатиш, уларни доимо диний йўлларга ташвиқ этиб, ҳақларига хайрли дуолар қилиш ва қўлдан келганча моддий ёрдам бериш керак. турмуш қуришларини мажбурлаш уларга зулм кўрсатиш кабидир. Бунда фарзандларининг мутлақ розилигини олишлари керак бўлади. Зеро, турмуш уларнинг бахтли келажакка эришувларига дастак, тиргак ҳисобланади. Хуллас, фарзандларининг бахт-саодати учун ота-оналар масъулдир. Демак, бу масъулият фарзандлар учун таълим тарбияси, одоб ахлоқи, бахт саодати устида катта эътибор ва ҳассослик билан ҳаракат қилишга ундайди.

 
Forum » So'zlashuv maydonchasi / Беседка » Islomiy.... » - Islom dinida "FARZAND" tarbiyasi
  • Страница 1 из 1
  • 1
Поиск: