Шу хафтанинг сешанбаси кутилмаган хабар билан бошланди. Александр Гейнрих терма жамоа йиғинларига жалб этилди. “Пахтакор» клуби расмий сайтининг хабар беришича душанба кечқурун клуб номига терма жамоадан Гейнрихни сўраб мурожаат қилишган. Хўш, бу фойдами ёки зарар?
Миржалол Қосимов ўз пайтида Эми Жаке (Кантона), Жованни Траппатони (Баджо) ёки Сколари (Ромарио) ларга таъсир кўрсата олмаган босимга дош бера олмади. Бу билан Қосимов терма жамоа ва миллат манфаатини ўз номидан кўра юқори қўйишини яна бир бор исботлади.
Қосимовнинг юртимиздаги эътибори юқорида тилга олинган мураббийлардан кўра юқорироқ бўлса-да, у фикрини ўзгартира олди. Бу осон иш эмас, фақат буюкларгина бунга қодир. Чунки энди Гейнрих ўйинларда ажойиб ўйин кўрсатган тақдирда кўпчиликнинг наздида Қосимов уни фақат матбуот таъсири остида олганлиги факт сифатида қолади. Яъни Гейнрихнинг яхши ўйнаши ҳам, ёмон ўйнаши ҳам Қосимовнинг хатоси сифатида тилга олиниши мумкин бўлиб қолади. Аммо Қосимов бу нарсаларни ўйлаб ҳам ўтирмади ва ўз вазифасини бажарди, керакли ўйинчини терма жамоа таркибига қўшди.
Аслида, Гейнрихнинг қайтарилишига матбуот ёки мухлисларнинг талабигина туртки бўлди дейиш ҳам тўғри эмас. Қосимов ўзи учун керак бўлмаган ўйинчини бошқаларнинг фикрига кўра олмаслиги аниқ. У Босния билан ўйинда олдинроқ йиғинга жалб этилган барча ҳужумчиларни синаб кўрди ва муаммони яна бир бор хис қилди. Ушбу муаммони ҳал қилиш мақсадида эса табиий равишда кўзга кўринган яна бир футболчини терма жамоага қайтарди. Яъни Гейнрихнинг терма жамоага кўрсатадиган фойдаси энг аввало Қосимовнинг ютуғи бўлади, матбуотники эмас. Гейнрихнинг ишончни оқлай олмаслигига ҳам биринчи навбатда Қосимов жавобгар. Масалага мана шу тарафдан ёндошиш тўғри бўлади менимча.
Гейнрихнинг айнан мана шундай тарзда жамоага қайтарилиши эса ўз-ўзидан терма жамоамиз учун катта фойда келтиради. У ўйнай олмаган тақдирда ҳам. Чунки мухлислар томонидан анчадан бери Гейнрих талаб қилинаётгани ва оқибатда у жалб қилинмаётгани оқибатида терма жамоани бошқа ҳужумчиларига жуда катта босим юкланаётганди. Айниқса ушбу босқичда ҳали ўзини кўрсата олмаган Солиев, Бикмаев ва Эркиновларда. Уларнинг ҳар бир хатолари Гейнрихнинг “Ал Иттифоқ” дарвозасига киритган ажойиб голи билан ўлчанаверарди ва бу яхшиликка олиб келмаслиги аниқ эди. Бу ҳолатни Баҳрайнга қарши ўйинда Шацкихнинг захирада қолдириб майдонга тушган Фарҳод Тожиевнинг ҳолатига қиёслагим келади. Гейнрихнинг қайтиши ушбу футболчилардан бу босимни олиб ташлайди.
Иккинчидан, Гейнрих айнан халқаро майдонда ўзини кўрсатди, табиий равишда японлар ҳам Гейнрихдан кўп нарса кутишади. Унинг майдонга тушиши уларнинг ҳимоясида ҳам ортиқча босимни юзага келтиради. Айниқса ўз жарима майдонлари яқинида қоида бузмасликка ҳаракат қилишади, бу эса уларнинг имкониятларини бироз бўлса-да чеклайди. Сўнгги 15 дақиқада майдонга туширилган тақдирда ҳам.
Учинчидан, Гейнрих ностандарт футболчи, характери ҳам оғирроқ.. Бундай футболчиларда мотивация уйғотиш ва бор кучи билан курашишга чорлашнинг ўзи ҳам қийин масала. Унинг ушбу мавсумда яхши ўйин кўрсатаётганлигининг асосий сабаби ҳам балки терма жамоага жалб қилинмаётганлиги бўлиши мумкин. Яъни у каби ўйинчилар босимда ўйнай оладилар ва ҳаддан ташқари кучли босим ва талаб уларни янада яхшироқ ўйнашларига сабаб бўлиши мумкин. Гейнрих бутун халқ ва матбуот уни истаётганлигини билиб турибди, ундан юксак ўйин кутилаётганлигидан хабардор, демак ўйнамаса бўлмайди, югурмаса бўлмайди.
Агар бугунги мақоламни Хайрулло Ҳамидовнинг сўзларидан иқтибос билан тугатадиган бўлсам:
“Бу ҳолатдан Гейнрих футболчи сифатида ҳеч нарса ютмайди. Агар зўр ўйнаса, ўша ҳаммамиз уни олиб чиқиб қўйган даражасида қолади, ўйнай олмаса, тушиб кетади. Бундан энг аввало терма жамоамиз ютади”